Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Улуғбек Ҳамдам: “Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг!”
15.05.2017 05:38,  
379

2017 йил апрель ойида менга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. “Мен Тўлқин акаман, Ўзбекистон халқ артисти Хусан Шариповнинг укаси. Сизнинг нега ишдан кетганлигингизни билиб, кўнгил сўраб тел қиляпман. Хўп десангиз, кўришиб бир гаплашсак...” Мен Тўлқин акани эсладим. Негадир эсладим: у киши “Янги инсон” деган достоним “Тафаккур” журналида чоп қилинганда (2011 ё 2012 йй.да) тел қилганди, табриклаганди. “Хўп, кўришамиз” дедим. Ихчамгина, ораста кийиниб олган, кепка кийган оқсоқол экан: “Ёшим 71 да деди. Аграномман. Аммо адабиётнинг ҳар бир нашрини, нашрларнинг ҳар бир сатрини кузатиб бораман. Ану куни М. Юсуф ҳақида телевидение орқали гапирганизни эшитиб, ҳозир қаерда экан Улуғбек деб қизиқдим, қидирдим ва мана топиб келдим. Иш тақдиризни сўроқлагандим, айни ишлайдиган пайтизда, кўкракка шамол тегай деганда қайси бир раҳбар оёғини босиб олиб, ишдан кетибсиз. Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевга хат ёздим. У. Ҳамдам масаласини кўриб, таҳлил қилиб беринг деб ёздим”, дея қўйнидан кўзойнак чиқариб 2 бетлигина битигини ўқиб берди.

Мен Тўлқин аканинг ишларидан тўлқинландим. Айтдимки, “то тирик эканман, шу ишизни сира унутмайман. Бугун ҳамма ўзи билан ўзи овора, кези келганда, қариндошлар бир-бирларини бегонасираб туртаётган замонда сиз мени, етти ёт бегонани 2 йил бурун ишдан олинишим сабабини суриштириб, кўнгил сўраб келганизни унутиб бўларканми?..”

Шундай дейишга дедиму кейинги қатор кунларда бу ҳақда ўйлай бошладим: нега у киши сен учун курашяпти, Улуғбек? Яна шу ёшида. Нега ўзинг эмас?! “Ёзувчи бўлиб қолай, ёзғувчи бўлиб эмас”, деб келдинг шу чоққача. Лекин ёзувчи дегани қандай бўлиши керак? Ахир, сенинг идеалингдаги ёзувчи тўғри деб билганини айтадиган, ҳақиқат, адолат йўлида ҳамма нарсага тайёр юрадиган инсон эмасмиди? Нега энди бундай йўл тута қолдинг? Идеалларингдан воз кечдингми?..

Бу саволлар мени кўп қийнади. Халқимиз феълига хос кечиримлилик йўлини тутиб адашдимми? Ёки кечиримлиликнинг ҳам ўз мавриди, чегараси борми?.. Хуллас, узун ўйларимнинг шу ерига етганда қўлимга қалаб олдим. Умид қиламанки, бу ишим қаршимдаги икки зиддиятли йўлдан энг тўғрисидир. Янада тўғрисини эса Оллоҳ билгич!..

2015 йил, июнь. Ўша пайтда Ёзувчилар Уюшмаси масъул котиби, ҳозирда “Шарқ юлдузи” журнали Бош муҳаррири вазифасини бажарувчиси, шоир С. Рауф хонамга қўлида қоғоз билан кириб, ўқий кетди. Тушундимки, гап журнал савиясию обунасининг тушиб кетганлиги ва ҳоказо айблар рўкач қилиниб, ишдан ариза ёзиб кетишим ҳақида борар эди. Унинг қўлидаги бир боғлам қоғоздан чўқиб-чўқиб ўқигани менга ёқмади. Шартта турдим-да, эшикни ёпиб келдим ва қўлидан қоғозларни деярли юлиб олдим. Айбнома роппа-роса 11 бет эди. Унда кўп тубан, айтишга одам хижолат бўладиган майда гаплар ҳам ёзилганди. Олдинига ўйландим, иккиландим. Кейин эса шаъним, ғурурим садо берди: сен бу ерга ишга келганингда журналнинг адади 1000 тага тушиб кетган эди, давлатимизнинг эътибори ва хайрихоҳлиги остида жамоа билан биргаликда тинмай ишладинг, бухгалтерия бирда йўл ҳақини тўласа, бирда ёнингдан пул сарфлаб вилоятма вилоят юрдинг, обуна қилдинг, ҳар бир мақола ё шеърни, роман ё таржима асарини муаллифлардан сўраб олиб чиқардинг, натижада журнал сони 5000 тагача чиқди. Ҳар икки журнал қиёфаси, мундарижаси тубдан янгиланди. Уларнинг сайтлари яратилди. Дунёга элчихоналар орқали чиқиши таъминланди. Америка, Россия, Европа, Австралия, Исроилга қадар журналлар етиб борди. У ерда яшайдиган муаллифлардан материаллар олиб, чоп этилди. Адабий жараён ҳақида ҳар йили бир суҳбат уюштирилди... Лекин энди бу нимаси? Сени шу тарзда ишдан олишларига сабаб бўладиган қандай жиддий хато қилдинг? Ахир, сен бу ерга ўзинг интилиб, илтимос қилиб келганинг йўқ эди-ку! Икки ишда ишлаб, ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларингни тўла қондиришга имкон берадиган жойлардан олиб келиб қўйишганди сени. Илк сафар, 2009 йилда Уюшма Раиси Бобур Алимовга қатъий қилиб: “Йўқ, журнал Бош муҳаррири бўлиб ишламайман! Чунки энди-энди ёзиш имконига эга бўлдим, ёзай...” деб хайрлашиб кетгандинг. Кейин яна у киши чақиртириб, “номзодийз ўтибди, ишламасангиз бўлмайди” деганди. “Керак эканман, майли, келганим бўлсин” дея, йўлга қўйилган ҳаёт тарзингдан, кўп яхши имконлардан воз кечиб келгандинг бу ерга! Шуми оқибат?..

“Уюшма фаолларини тўплаб, менга қўйилган айбларни исботлаб бермас экансиз, Сизни судга бераман” деган мазмунда раисга хат киритдим. Эртаси куни фаоллар йиғилиши бўлди. Унда раис қўлида ишлайдиган уч-тўрт ходимдан бошқа ҳеч қандай фаол йўқ эди. Майли, дедим. Қани, куракда турмайдиган айбларни қандай қилиб бўйнимга қўйиб беришаркин, деб кутдим. С. Рауф “айбнома”ни ўқиди. Негадир у бир пасда тугади. Янги “айбнома” 5 бет ҳам чиқмасди. Ҳамда бағоят силлиқ эди. Бундай “айб”лар билан раҳбарни нафақат ишдан олиш, балки хайфсан эълон қилиш ҳам уят эди, назаримда. (Мас., улардан бири журнал обрўсининг тушиб кетганлиги ҳақида бўлиб, бу ғирт туҳмат эди. Ваҳоланки, уюшманинг ўз сайтида уюшма нашрлари орасида кейинги 4-5 ичида энг кўп ўқилган, мурожаат қилинган нашр дея “Шарқ юлдузи” топилганди, буни сайтдаги ўқувчилар овози тасдиқлаб турарди). “Қани у асл нусха?” десам, М. Али ўрнидан туриб, “иш жараёни кетяпти, ўзгартиришга ҳаққимиз бор” деб жавоб берди. “Тавба, дедим мен, сиз ўша 11 бетли айбнома билан мени шармандаларча ишдан олишни кўзлагандингиз-ку, мен ўша айбномадан қўрқиб ариза ёзишим керак эди-ку режангиз бўйича, бу қайси мантиққа тўғри келади? Менга қаранг, Муҳаммад Али ака, одам бу дунёга ўғил бола бўлиб келдими, ўғил бола бўлиб кетиши керак! Ундан кўра, эркакча, мардларча йўл тутиб, Улуғбек, кел, укам, 6-7 йил ишладинг, энди бошқалар ҳам би-и-ир ўзини синаб кўрсин, десангиз, бир эмас, юзта ариза ёзиб бошиздан кокаласоч қилиб сочиб юборардим-ку!” дедим қизишиб. Хуллас, қарасам, қаршимда ҳар қандай соғлом мантиқни тан олмайдиган, қўлида ҳокимият бўлгани учун ҳамма ишни хоҳлаганимдек қила оламан, деган ҳиссиз бюрократ турганини тушундим. Орага яна бошқалар тушди ва мен аризани ёздим...

(Бу аризани мен бир ўзим учун эмас, яна учта ходимим учун ҳам ёзган эканман. Улар мендан кейин “Сизни ишлатмаган жойда биз ҳам ишламаймиз!” дейишди. Мен “ёшлик қилманглар, ишсизликдан қийналиб қоласизлар” дея огоҳлантиришимга қарамай, менинг ёш дўстларим ишдан бўшаб кетишди. Уларнинг иккиси тездагина иш топди, лекин биттаси 1 йилча иш излаб сарсон юрди. Мен мана шундай инсонларни топиш учун ҳар қандай ишдан яна киприк қоқмай ариза ёзиб кетган бўлардим... Йўқотган жойда топасан, дея шуни айтишса керак...)

Хўш, раис ўз-ўзидан тўнини тескари кийиб олдими? Йўқ, албатта. Бунинг учун мен кетма-кет “хато”ларга йўл қўйгандим. Келинг, ўша “хато”ларимдан бир нечасини сизга сўзлаб берай:

1. Ишдан кетишимдан 3 ойлар бурун С. Рауф кабинетига таклиф қилиб, раис “Улуғ салтанат” ҳақида Улуғбек мақола ёзсин, у таниқли адабиётшунос, деб истак билдирди, деди. Мен ичимдаги сирни дарров ошкор айлаб “хато” қилдим: “М. Али асарлари ҳақида ёзмай юрганимнинг ўзи унга қилган катта яхшилигимдир”дедим. Кейин билсам, бундай таклифлар устозимиз проф. Н. Каримовга, дўстимиз, филология фанлари доктори Ж. Эшонқулга ҳам қилинган экан. Қарангки, улар ҳам роман ҳақида ёзишмади. Жумладан, мен ҳам. Нима деб ўйлайсиз, менинг рад жавобим роман муаллифи қулоғига етиб борганми-йўқми? Борган дея, гуноҳини бўйнимга олишни истамайман. Лекин айнан шу раддиядан кейин “Шарқ юлдузи” журналининг сўнгги йиллардаги ҳар бир сони раиснинг гумашталари томонидан ҳарфма ҳарф текширила бошланди. Топилган “камчиликлар” юқорига тақдим қилинди.

2. 2015 йил. Йиллик ҳисобот мажлисини протокол бўйича (камина Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси наср кенгаши раиси эдим) мен олиб боришим кераклигига қарамай, М. Али креслони эгаллаб олиб, мажлисни ўзи бошқарди. Бунинг сабаби кўп ўтмай ойдинлашди: М. Али ўзининг “Улуғ салтанат” асарини йилнинг энг яхши насрий асари сифатида тан олишларини истаган экан. Чунки журнал таҳририяти Алишер Мирзонинг “Каллахоналик йигитча” номли романини энг яхши насрий асар деб топган, бунинг овозаси атрофга ёйилган эди. Бунга қарши тадбир олмоқчи бўлган М. Али фарғоналик адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Й. Солижоновни мажлисдан бурун кабинетига чақириб, “муҳим вазифа”ни олимнинг зиммасига юклайди: “Улуғ салтанат”ни энг яхши насрий асар деб таклиф киритасиз, дейди. Мажлисда маърузалардан сўнг раис Солижоновга сўз берди. Мунаққид истиҳола ва хижолатпазлик ичида “Улуғ салтанат”ни энг яхши асар деб эълон қилди ва қолганларни ҳам шундай овоз беришга ундади. Лекин залдагилар бу гапга жиддий эътибор қилмади, кўпчилик “Каллахоналик йигитча”ни ёқлаб чиқди. Умумий ҳол шундай бўлдики, раиснинг “Улуғ салтанат”и эмас, балки энди қўлига қалам олиб илк романини битган Ўзбекистон халқ рассоми А. Мирзонинг романи биринчиликни олиб кетди. Эътибор беринг, бу воқеа М. Алининг ўзи раислик қилган мажлисда содир бўлаяпти! Бу жуда катта мағлубият эди. “Улуғ салтанат”ни ёзган, адабий “салтанат” қўлида бўлган раиснинг мағлубияти эди. Таҳририят ҳам журнал муқовасида А. Мирзони ғолиб деб эълон қилди ва У. Азим (драматургия), Т. Малик (публицистика), Одил Оға (назм) лар қаторида А. Мирзони мукофотлади. Бу каминанинг иккинчи катта “хато”си эди.

(Хўш, “Солижонов ва раис орасидаги хуфёна гапни қаердан билдингиз?” десангиз, айтай: Солижонов самимий инсон, ўша куни мажлисдан чиқиб, қилган ишидан пушаймон ҳолда тўғри журнал таҳририятига келган ва ходимларимиздан иккисига узрхоҳлик қилганча раиснинг кабинетида ўзаро бўлиб ўтган юқоридаги “келишув”ни афсус билан айтиб берган эди).

3. “Улуғ салтанат” ҳам “Шарқ юлдузи”да, ҳам “Звезда востока” журналларида кетма кет чоп этилди. Ўзбекча журналнинг 4 та сонида босилиб, кетидан у ҳақдаги мақола эълон қилинди. Русча журналнинг 3 та сонида эълон қилинди. Кўп ўтмай, роман ҳақида академик Б. Назаровнинг мақоласи келди. Устоз мунаққиднинг яна раҳматли шоира Т. Содиқова шеърлари ҳақидаги мақоласи ҳам қўлимизда турарди. “Қисқа вақт ичида раиснинг шунча нарсасини бердик, яна эълон қилсак, ўзига ҳам уят бўлар” дедим-да, журналнинг 6-сонида академик Б. Назаровнинг “Улуғ салтанат” ҳақидаги мақоласини эмас, балки шоира Т. Содиқова ҳақидаги мақоласини қўйдик. Ва яна “хато” қилдим. Журнал чиққач, унда ўз романи ҳақидаги галдаги мақолани тополмаган раис кечқурун 11 ларда менга телефон қилди. “Нега Б. Назаровнинг менинг асарим тўғрисидаги мақоласини бермадингиз?” дея ўдағайлади. Худди мен унинг ҳақини еб қўйганимдек тутди ўзини. Шундай бўлдики, 2015 йилнинг 1-сонида ўша мақолани мундарижага киритдик. Лекин у менга қарата ичида “Ҳап сеними!” деб қўйган, ниятини секин-аста рўёбга чиқаришни кўнглига тугиб, бу борада унга кўмак бериши ёки имкон яратиши мумкин бўлган масъуллар кўнглини олишга киришган эди. (Зарурат бўлса, бу даъволарнинг исботини келтиришим мумкин).

4. “Шарқ юлдузи” саҳифаларида “Янги авлод овози” деган суҳбат уюштирдик (2013). Кўпчилик қатнашди. Аммо бир кун ёзувчи дўстимиз келди-да, суҳбат саволларига ёзган жавобини қайтиб олишини айтиб қолди. Нега десам, раис чақириб: “Қўшилманг бундай гуруҳбозликка, бир вақтлар Эркин Воҳидову Абдулла Ориповлар ҳам шундай қилишган. Мен уларга қўшилмаганман ва тўғри қилганман. Мана - натижаси!”деб айтди ва эришган мавқеига ишора қилди, деди у. Нима қиламиз десам, жавобларимни берманг, деди дўстимиз. Верстка қилинган тайёр материал эди, олиб ўрнига бошқа мақола қўйдик. Кейин ўйладим: нега раис бу гапларни менга, журнал Бош муҳарририга эмас-да, бошқа ташкилотда ишлайдиган муаллифга айтяпти? Яна “Улуғбекка айтиб қўйинг, тўхтатсин бундай авлод-мавлод деган суҳбатларни! Ҳеч қандай авлод йўқ, бу - айирмачилик”, дебди. Тавба, авлод деган тушунча М. Алигачаям бор эди, ҳозир ҳам бор, ундан кейин ҳам бўлади. Ҳаётнинг давомийлиги авлодлар алмашинуви, улар ўртасидаги дунёқараш ва фикр ўзгачалиги, керак бўлса, мусобақаси, рақобати билан тирик. Ҳеч қандай М. Али (ҳатто у юз ёшигача раис бўлса-да) авлодларни, улар ўртасидаги ўзига хосликни йўқ қилолмайди. “Китоб дунёси”да эълон қилинган шоир ва адабиётшунос Р. Раҳматнинг “Янгиланаётган наср” мақоласини М. Али ўринсиз равишда юзимга солиб, “Янгиланаётган наср, дейсизлар. Наср бу - жанр! Жанр эса ҳеч қачон янгиланмайди!” дея мажлислар залида қичқирди. Ўтирганларнинг кўпчилиги бу тантанали нутқ шекилли, дея ўйлаб, давомли қарсаклар чалиб юборишган эди. Авваломбор, наср бу - жанр эмас, тур, адабий тур, қолаверса, айрим жанрлар давомий янгиланиб боради. Кўринадики, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раисининг адабиёт бўйича назарий билимлари алҳамдуга ҳам ярамайди. (Бу гапларнинг айнан аудио исботи бор. Чунки мажлис протоколини ёзиш учун аудиоёзувдан фойдаланилар эди ўшанда) Эътибор беринг, айтилган гаплар мана шу даражада саводсизлик меваси эди-ю, аммо улар раиснинг оғзидан чиқаётгани учун олқишлар билан кутиб олинарди! (“Қачон халқ бўласан, эй сен оломон!”)

Хуллас, раис ман қилиб тўхтатиб қўйган ана шу суҳбатлар (2015 й.да “Истиқлол. Адабиёт. Танқид” номи остида чоп этилди) каминанинг яна бир “хато”си бўлди ва “айбнома”га киритилди...

Ёзаман десам, бундай мисоллар ҳали жуда кўп. Лекин кўмир оз. Шуларнинг ўзиёқ Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси М. Али ва 2009 ва 2015 йиллар орасида “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари Бош муҳаррири бўлиб ишлаган У. Ҳамдам можаросини тушуниш учун кифоя, деб ўйлайман.

Яна бир гап: мен бу эски гапларни бир мақсад ила эсладим. У ҳам бўлса, яқин ўтмишдан сабоқ олишдир. Ҳаёт шундайки, кириб чиқаётганинг бир эшик ёпилса, шубҳасиз, бошқаси очилади. Мен ҳам ишсиз қолмадим. Ўзбекистон Фанлар Академияси, Тил ва адабиёти институти яна ўз бағрига олди. Қолаверса, бир йил ўтиб, янги ташкил этилган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Жаҳон адабиёти кафедраси мудирлигига шахсан Ўзбекистон Президенти (у пайтда Бош вазир) Ш. Мирзиёев суҳбатидан ўтиб тайинландим. Ҳозирда маърузалар ўқиб, китоблар чиқаряпман. Яъни ҳаммаси жойида. Фақат вақт ўтган сайин Ёзувчилар Уюшмасининг амалдаги раиси М. Али кўрсатган найрангларга жим қараб ўтиш жиноятдек туюляпти. Айниқса, каминага етти ёт бегона, лекин анча-мунча қариндошнинг қўлидан келмайдиган ишга қўл урган фидойи инсон Тўлқин аканинг жонкуярлиги мени чиндан-да ғафлат уйқусидан уйғотди. Эндиям М. Алининг тубан ўйинларига муносиб жавоб бермаслик қўрқоқлик ва виждонсизлик бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам қўлимга қалам олдим. Уюшма раҳбарияти аллақачон алмашиши керак. У ерга М. Али тан олишни истамаган янги авлод вакилларидан раҳбар сайланиши лозим. Авлод ёш билангина белгиланмайди, у замонавий фикрлай олсин, шу билан бирга, ўтмишни ҳам билсин ва ҳурмат қилсин! Қисқаси, ўтмиш, бугун ва келажакни ўз дунёқараши ва интилишларида мужассам қила билсин!

Мен ҳаётнинг зиддиятлардан иборатлигини яхши биламан, курашиб улғайган одамман. Арзийдиган мақсад учун курашиш зарур бўлса, курашлардан асло юз бурмайман! Ҳозиргача индамай келганимнинг бош сабаби андиша эди. Лекин менинг андиша даврим битди. Мен ноҳақ бўлсам, кечирим сўрай оладиган даражада кучли одамман, лекин ҳақдор бўла туриб, оёқлар остида эзишларига асло йўл қўймайман! Улар ким ва нима бўлса, отини қўйиб бераман! Юзига қараб, кўзига тикилиб туриб айтаман, айта оламан! Шу битигим М. Али ва унинг соясида чой ичиб юрганларнинг асл исми, маънавий қиёфасининг ҳақиқий номидир.

Йиқилганни тепма, дейди халқимиз. М. Али ҳозир мансабда. Мен М. Али ишдан кетгандан кейин эмас, айни от ўйнатиб турган пайтида унинг адолатсиз ишларини, мана, баралла айтяпман. Тик турганида айтяпман унга, йиқилганида эмас (ишдан кетиш йиқилиш эмас, албатта!). Эрта бир кун ишдан кетгандан кейин тош отди, демасин дея, ҳозир айтяпман. У мансабдан кетгандан кейин нақадар бечораҳол бўлиб қолишини ўзи тасаввур ҳам қилолмаса керак. У пайтда эса унга битта сўз ҳам ортиқчалик қилади ҳамда керак ҳам эмас. Вақтлар ўтиб, ҳозир от устида юрган ёзувчиларнинг сўзларигина майдонда қолади: уларда на мансаб бўлади ва на бошқа имтиёз! Ортда қолган асарлар кимнинг ким эканини чинакамига ҳал қилиб беради. Шунинг учун ўша майдонгина ҳақиқий майдондир, мансаблар, танишлар, пуллар ва имконларнинг бари ўткинчи. Ўша майдонда кураш шартлари тенг бўлади ва ҳеч кимнинг орқасида турган “тоғ”и бўлмайди. Шуни ўйлаши керак инсон деган. Айниқса, у мансабдор бўлса, айниқса, у ёзувчи, ижодкор бўлса! Мен шу чоққача андиша қилиб келдим. 71 ёшли нафақадаги Тўлқин аканинг адолат учун курашаётгани ичимдаги Улуғбекни уйғотиб юборди. Андиша деган оғир уйқу билан ухлаб ётган Улуғбекни уйғотди. Андиша деб қаергача борамиз? Айниқса, андишанинг отини қўрқоқ қўйишаётган бўлса. (Андиша уни тушунганга, қадрига етганга қилинса, тузук экан). Умримда энг ёмон кўрган нарсам - эркак кишининг қўрқоқлиги. Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен борини айтишга қарор қилдим. У кишининг ёшини, вазифасини ҳурмат қилган ҳолда одоб доирасидан чиқмай айтдим. Шундаям, бир парчасини айтдим. Зеро, сувнинг қандайлигини билиш учун ариқнинг борини сипқориш шарт эмас. Майда нарсаларга кўз юмиб, асосийларини айтдим, токи унинг ўрнига келган бошқа бир раҳбар ўзини М. Алидай тутмасин! Шаҳар бедарвоза экан, деб, кўринган ёққа от чоптириб, келажакнинг “экинлари”ни пайҳон қилмасин! (Биз бўйин эгиб индамай кетаверсак, бу ишлар давом этаверади. Шуни ўйлаб ҳам ёздим буларни!). Атрофига муте, соясига салом бергич шотирларни тўплаб олиб, ўзини ҳам, Уюшмани ҳам шарманда қилмасин! Қутлуғ даргоҳга миллатимизу адабиётимиз шаънини ҳимоя қилишга қодир, ҳаммани бирлашишга ундай оладиган шахс, муносиб раҳбар келсин! Янада тўғрисини эса Оллоҳ билгувчидир!

Улуғбек ҲАМДАМ

2017 йил, май

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан