Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Глобал киберҳужум қурбонлари сони 200 мингдан ошди
15.05.2017 11:30,  
10

Якшанба куни Европа полицияси (Европол) ўтган ҳафтада дунё ахборот тизимларини ларзага солган киберҳужумлар бўйича баёнот берди, дея хабар бермоқда Washington Post нашри. Европол вакил Жан Оп Ген Орт жума куни амалга оширилган хакерлик тажовузини тарихдаги энг катта ҳужум деб атаган.

Маълум бўлишича, хакерлик ҳужуми туфайли 150 дан ортиқ мамлакатда 200 мингдан ортиқ компютерлар ишламай қолган. Аммо бу ҳали ҳаммаси бўлмаслиги мумкин. Таҳлилчилар киберҳужумдан зарар кўрганлар сони яна ортиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда. Боиси кўплаб одамлар компютерларини жума куни ўчириб уйга қайтишган ва душанба куни иш ҳафтаси бошланганда хакерлар ҳужумидан зарар кўрилгани маълум бўлиши мумкин.

Европол ҳозирда мазкур ҳужумни тафтиш қилмоқда. Дастлабки текширув натижаларига кўра, жума оқшомида хакерлар ҳужумига биринчи бўлиб Британия соғлиқни сақлаш хизмати дучор бўлган. Сўнгра вирус дунёнинг бошқа мамлакатлари бўйлаб тарқатилган.

Полиция ҳужумга нима сабаб бўлганини ҳозирча аниқлай олгани йўқ. Жан Оп Ген Ортнинг айтишича, «Ransomware» тизимидаги хакерлик тажовузлари пул ишлаш учун амалга оширилади. Бироқ бу сафар компютерларни қулфдан чиқариш эвазига арзимаган ҳақ – 300 доллар ва ундан сал кўпроқ товон сўралган. Европолда мавжуд маълумотларга кўра, ҳужумга учраган компютер эгаларидан фақат айримлари товон тўлашга рози бўлишган.

Маълум бўлишича жума куни Британия соғлиқни сақлаш тизимидаги 248 ташкилотдан 48 таси зарар кўрган. Бир сутка ичида 42 та ташкилотдаги компютерлар фаолияти қайта тикланган. Британия ҳукумати киберҳужум талафотларини бартараф этиш учун хакерларга пул тўланмаганини айтган. Полиция маълумотларига кўра, компютерлар фаолиятини тиклаш харажатлари хакерлар талаб қилган товондан кўра қимматроқ туради.

Эслатиб ўтамиз, жума куни дунё бўйлаб яқин тарихдаги энг йирик киберҳужумлардан бири амалга оширилган эди. Барчаси Британия шифохоналари компютер тизими ишламай қолишидан бошланган бўлиб, қисқа фурсатда хакерлик ҳужумлари тўлқини дунёнинг бошқа мамлакатлари бўйлаб тарқалган. Россия, Буюк Британия, Тайван каби мамлакатлар энг кўп ҳужумга учрагани айтилмоқда.

Рансом ҳужумлари туфайли Германияда темирйўл тизимида носозликлар келиб чиққан бўлса, Испанияда Telefonica мобил алоқа оператори, Франциянинг Renault автомобиль компанияси, Швециянинг маҳаллий ҳокимиятлари, Хитойнинг бир қатор университетларидаги компютерлар ҳужумга учраган. Энг кўп зарар кўрган Россияда эса хакерлар соғлиқни сақлаш тизими, темирйўл, Мегафон телекоммуникация компанияси ва Ички ишлар вазирлиги компютерларини нишонга олишган.

Ҳозирча мазкур ҳужумлар ортида ким тургани аниқлангани йўқ. «Ransomware» компютерларни қулфлаб, уларни очиш эвазига пул талаб қилиш учун ишлатиладиган компютер вируси бўлиб АҚШда пайдо бўлган. Вирус асосан элеcтрон хатлар орқали тарқатилади. Э-майл орқали келган спам-хабарларга бириктирилган ўзига жалб қилувчи турли файлларни очмаслик тавсия қилинади.

Вирусли дастур юқтирилган файл очилганда компютер блок ҳолатига тушади ва экранда компютерни очиш эвазига товон талаб қилингани ҳақида ёзув пайдо бўлади. Хакерлар вирусни йўқотиш учун турли миқдорда товон талаб қилишлари мумкин. Аммо товон тўлангани билан, хакерлар компютерни қулфдан чиқариб беришлари кафолатланмаган.

Компютерни бундай вирусдан ҳимоя қилиш учун антивирус дастурларидан фойдаланиш тавсия қилинади. Аммо ҳозирда хакерлар антивирусларни чалғитиш учун янги усуллардан фойдаланишмоқда. Миcрософт компанияси бундай турдаги вируслардан ҳимояланиш учун компаниянинг энг сўнгги дастурларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан