Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Украинада Одноклассники, Вконтакте ва Яндекс тақиқланди
17.05.2017 16:11,  
5

Украина ҳукумати Россиянинг бир қатор ахборот-коммуникация компанияларига санкциялар эълон қилди. Гуардиан нашри хабар беришича, бу сафарги қора рўйхатга Одноклассники ва Вконтакте ижтимоий тармоқлари эгаси ҳисобланган Mail.ru Group ​ ҳам киритилган.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов Mail.ru Group ​ акциялари назорат пакети эгаси ҳисобланади. Одноклассники ва Вконтакте Украинада анчагина оммабоп ижтимоий тармоқлардан ҳисобланади. Компания эълон қилган маълумотга кўра, ҳар иккала тармоқдан Украинада 25 миллион киши фойдаланади.

16 майдан бошлаб Россиянинг энг йирик интернет компанияси ҳисобланмиш Яндекс қидирув тармоғи ҳам Украинада тақиққа учраган. Яндекс вакиллари Украина санкциялари компаниянинг даромадларига салбий таъсир кўрсатмаслигига умид қилишларини билдиришган. Сешанба куни эълон қилинган қора рўйхатдан Россиянинг 468 дан ортиқ компаниялари жой олган.

Украина расмийлари билдиришича, сешанба куни россияликлар президентнинг расмий сайтига хакерлик ҳужуми уюштиришган. Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Дмитрий Шимкив эълон қилган баёнотга кўра, Россия компанияларига санкциялар эълон қилиш ҳақидаги президент фармони мазкур ҳужумга сабаб бўлган. Украина олдин ҳам Россияни киберҳужумларда айблаган, расмий Москва эса айбловларни рад этиб келган.

Украинанинг янги санкциялари “фаолияти Украинанинг ахборот ва кибер хавфизлигига хавф солувчи” компанияларни нишонга олгани қайд этилган. Тақиққа учраган Mail.ru Group ​ компанияси Украина қонунчилигини бирор марта бузмагани ва сиёсатга аралашмагани тўғрисида баёнот берган.

Украинадан олинган маълумотларга кўра, Вконтактеда 2014 йилги Майдан инқилобига қарши 2,5 мингдан ортиқ гуруҳлар бор. Энг кўп аъзоларга эга бўлган "Антимайдан" гуруҳида бир ярим миллион фойдаланувчи бўлиб, шундан 163 мингтаси Украинада рўйхатдан ўтган фойдаланувчилардир. “Новороссия” мавзусида эса Вконтактеда 3,2 минг гуруҳни топиш мумкин. Уларда ҳам аксарият аъзолари украиналиклар эканлигини кўриш мумкин.

Тақиққа учраган сайтлар Украинада энг кўп фойдаланиладиган манбалар ҳисобланади. Март ойида Вконтакте тармоғи ташрифлар сони бўйича Украинада иккинчи бўлган. Яндекс, Одноклассники ва Mail.ru  эса кучли бешликдан ўрин олишган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан