Хитой газетаси глобал киберҳужумда АҚШни айбдор қилди

18.05.2017 | Жаҳон | 2348

Хитойда нашр қилинадиган China Daily​ газетаси ўтган ҳафтада дунёни ларзага келтирган хакерлик ҳужумлари учун АҚШ Миллий хавфсизлик бошқармасини айблади, деб ёзмоқда Reuters ​агентлиги.

Газетада чоп этилган мақолада WannaCry номли вируслар кўринишидаги киберҳужумларнинг илк босқичида хавфни бартараф этишга АҚШ халақит беришга урингани таъкидланган. “Кибержиноятларни бартараф қилиш учун ҳамкорликдаги уринишларга АҚШнинг хатти-ҳаракатлари тўсиқ бўлди”, – дейилади мақолада.

Муаллиф, шунингдек, АҚШ ҳукуматида киберҳужум туфайли Хитой фирмаларига тақиқ қўйиш учун бирор «ишончли далил» йўқлигини ҳам қўшимча қилган. Хитой айни пайтда киберхавфсизлик бўйича янги қонунни амалга киритишга тайёрланмоқда. Хитойнинг киберхавфсизлик бўйича янги тартиботи Америка компаниялари томонидан танқидга учраган. Улар янги тартиблар чет эл фирмаларининг Хитойда иш юритишини хавф остига қўяди.

Ўз навбатида, Хитой томони киберхавфсизлик бўйича дунёда ўрнатилган тартибларга АҚШнинг гегемонлик мавқейига эгалиги боис қарши чиқмоқда. Хитой ахборот хавфисизлигини идора қилишда АҚШ билан «тенг ҳуқуқли» бўлиш учун курашмоқда.

Маълумот учун, ўтган ҳафтанинг жума куни Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимида бошланган хакерлик ҳужумлари дунё бўйлаб 300 мингдан ортиқ компютерларга зарар етказган. Компютерларни қулфлаб қўйиш эвазига пул талаб қилинган Ransomware ​ туридаги вируслар Хитойнинг 30 мингдан ортиқ компанияларига таъсир кўрсатган.