Бугун, 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Бош вазири Тереза Мэйга Манчестер шаҳрида бўлиб ўтган террористик ҳаракат муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
“Ҳалок бўлганлар ва жабр кўрганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига ҳамдардлигимни етказишингизни сўрайман, шунингдек, жароҳатланганлар тез орада соғайишини тилайман”, дейилади Ўзбекистон раҳбарининг мактубида.
Эслатиб ўтамиз, 22 майдан 23 майга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан 01:20 ларда Англиянинг Манчестер шаҳрида жойлашган “Манчестер Арена” ёпиқ стадионида америкалик қўшиқчи Ариане Гранденинг концерти вақтида портлаш содир бўлди. Портлаш оқибатида 22 киши вафот этган, 60 га яқин киши жиддий жароҳатланган.