Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон Президенти Туркия Бош вазири ўринбосарини қабул қилди
26.05.2017 08:37,  
11

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган Туркия Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йил 17−18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида ва жорий йил 14 май куни Пекин шаҳрида ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми доирасида олий даражадаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун юқори суръат бағишлагани ва янги имкониятлар яратгани таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм, кимё ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда, жумладан, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун Туркиянинг етакчи компаниялари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик, хусусан, замонавий сайёҳлик объектлари инфратузилмасини ривожлантириш, биргаликда сайёҳлик маҳсулотларини таклиф этиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия компания ҳамда корхоналари иштирокида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ва Инвестиция форуми натижалари, ўзаро шерикликнинг истиқболли йўналишлари ва қарийб 2 миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари белгилангани мамнуният билан қайд этилди.

Йилдирим Туғрул Туркеш Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди. Туркия Бош вазири ўринбосари Туркия компанияларининг мамлакатимизда фаолият юритиши қўллаб-қувватланаётгани ва яратилган қулай шароитлар учун Туркия раҳбарияти номидан миннатдорлик билдирди ва кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан