Бола қандай қилиб вундеркиндга айланади?

28.05.2017 | Таҳлил | 3072

Психологларнинг фикрича, вундеркиндлар пайдо бўлишининг бир нечта шартлари бор

Вольфганг Моцарт мусиқачилар оиласида дунёга келган, лекин унинг истеъдоди ота-онасини ҳайратга солган. У уч ёшида опасининг фортепиано китобларидан чалишни ўрганиб олган ва тез орада фортепиано чалиш бўйича ўзидан беш ёш катта опасидан ўзиб кетган.  

Беш ёшида Вольфганг халқаро концертлар берган ва мусиқа басталаган. У саккиз ёшга тўлганида британиялик табиатшунос Дэйнс Баррингтон кичкина Моцартни синаб кўрган: унга яқиндагина ёзилган бешта партияли пьесани берган. Болакай пьесани энди кўриб турган бўлса-да, рояль олдига ўтириб дарҳол уни чалишни бошлаган.  

Баррингтон бу ҳақда ўз китобида шундай ёзади: 

“У бу партитурани илгари кўрмаганди, лекин симфонияни ҳақиқий усталардек бастакор фикрига мос тарзда моҳирлик билан ижро этди”.  

Бундай болаларни одатда истеъдодли ёки Худо берган иқтидор соҳиблари деб аташади, лекин Моцарт мўъжизанинг ўзи эди. Огайо штати университети профессори, психолог Жоанна Ратсэц айнан ана шундай болаларни ўрганиш билан шуғулланади.  

Моцарт каби болалар камдан-кам туғилишади. Беш ёки ўн миллионта болага битта ана шундай бола тўғри келади. Фаолияти давомида Ратсэц 30 дан ортиқ вундеркиндларни ўрганган.  

У дуч келган илк вундеркинд икки ёшли эди. Гўдак ҳақида 1990 йили “People” журналида мақола чоп этилган. У черковда бир марта эшитган мусиқасини чала олган. Ратсэц унинг IQ — интеллектуал салоҳиятини текшириб кўрган ва ҳеч қандай ғайриоддийликка дуч келмаган. Кичкинтойнинг хотираси ғайритабиий эди.

Кўпинча мусиқа, математика, санъат ва шахматда профессионал қобилияти ўн ёшгача намоён бўлган болалар вундеркинд деб аталади. Вундеркиндлар пайдо бўлиши ҳақида кўплаб тадқиқотчилар ўз тахминларини билдиришган: даҳолик ўрганиш натижасими ёки туғмами?

Ратсэц эса вундеркиндлар пайдо бўлиши учун қуйидаги шартлар керак деб ҳисоблайди.

  •  Кучли хотира. “Intelligence” журналида чоп этилган саккиз нафар қобилиятли инсонни ўрганиш натижалари орқали уларнинг хотираси 99 фоизга ишлаши маълум бўлди.  
  • Аутизмга дучор бўлган инсонларда учрайдиган майда тафсилотларга эътибор қаратиш хусусияти. Қобилиятли инсонларда аутизм белгилари учрамаса-да, уларнинг 50 фоиздан кўпроғининг оиласида аутизм билан оғриганлар бўлган.  
  • Ўта юқори интеллектуал салоҳият. Ратсэц вундеркиндларнинг IQ кўрсаткичи 100 ва 147 орасида бўлишини, ўртача 128 ни ташкил этишини аниқлаган. 

Вундеркиндларни оддий инсонлардан ажратиб турадиган яна бир хусусият уларнинг бошқаларга ёрдам беришга доимо тайёрликларидир. Уларни кузатаркан, Ратсэц вундеркиндлар бошқаларга кўнгилчан муносабатда эканликларини айтади: 

“Улар шунчаки яхши одамлар”.