Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бир соатда ғойиб бўлган автобекат ёхуд нега раҳбарлар муаммони тан олмайди?
29.05.2017 03:33,  
19

Ўйлаб кўрганмисиз, 145 минг аҳоли истиқомат қилувчи туманда автобошбекат бўлмаса қандай ҳолат юзага келиши мумкин? Оқдарё туманида биз ана шу ҳолат билан танишдик. Туман марказини кесиб ўтадиган асосий кўча кейинги йилларда ҳудуд ободончилиги рамзига айланиб бормоқда.

Лойиш шаҳарчаси маркази ҳам кўчанинг икки ёни бўйлаб қурилган янги иншоотлар сабаб бутунлай замонавий қиёфага кирган. Фақат бир муаммо бор, бу кўчада нафақат автомашиналар, балки пиёдаларнинг ҳам ҳаракатланиши осон эмас. Туманнинг деярли барча маҳаллалари ҳамда Самарқанд шаҳрига қатновчи транспортлар шундоққина кўчанинг устида тўхтаб, йўловчи олиши йўлни сунъий тарзда торайтириб қўймоқда.

Бугунги кунда туманда иккита йўналишсиз йўловчи ташиш корхонаси, битта “Янгиқўрғон-Лойиш-Самарқанд” автобус йўналиши йўловчиларга хизмат кўрсатади. Ушбу хизмат кўрсатувчиларнинг барчаси тўғридан-тўғри кўчанинг ўзида одамларни туширади ва шу ердан йўловчи олади. Камига туман марказига келувчилар ҳам айнан кўчанинг икки ёнига машинасини қолдиради. Афтидан туманда автобошбекат билан бирга машиналар тўхташ жойи ҳам сув ва ҳаводек зарур.

Йўналишсиз такси ҳайдовчиларидан йўлнинг четидан автобошбекат ўрнида фойдаланиш йўловчилар учун ноқулай ва хавфли эмасми дея сўраганимизда бошқа илож йўқлиги, аҳоли ҳам узоқ йиллардан бери шунга ўрганганини билдирди.

– Туманимизда «автостанция» қачон бўлганини эслолмайман, – дейди хусусий автомашина эгаларидан бири Султон Саидвалиев. – Ҳар замонда кўча абгор ҳолатга келиб қолганда, қаердандир жой ажратилади. Аммо нима сабабдандир ажратилган жой ўрнида яна бошқа иншоот қурилиб, “автобошбекат” масаласи барчанинг ёдидан кўтарилади.

Ушбу ҳолат айниқса, автобус ҳайдовчилари ва йўловчилари учун жуда қийинчилик туғдирмоқда. Автобуслардан бири кўз ўнгимизда, машиналар ҳаракатланиб турган жойида йўловчи олаётганини кўриб, ҳайдовчини суҳбатга тортдик.

– Билиб туриб қоидаларни бузишга мажбур бўламиз баъзан, – дейди “Янгиқўрғон-Лойиш-Самарқанд” йўналишидаги автобус ҳайдовчиси. – Қоидага кўра, биз автостанциядан одам олишимиз керак, аммо бекатнинг ўзи йўқ. Шундай бўлгач, йўловчилар кўчага чиқиб, бизни кутишади. Агар тўхтамасак, йўловчилар қолиб кетади, тўхтасак, қоида бузилади. Шу муаммони деб бир неча марта мумкин бўлмаган жойда йўловчи олганимиз учун жарима тўлашга мажбур бўлганмиз.

Вазиятга туман бош архитектори Суҳроб Тўхтамуродовдан изоҳ сўрадик. Бош архитектор ҳеч иккиланмай, «туманда бир эмас, иккита »автостанция“ борлигини маълум қилганида очиғи, ҳайратимизни яширолмадик. Чунки туман марказига келганимизга бирор соат бўлар бўлмас, бу ерда автобошбекат йўқлиги билан боғлиқ қанча муаммоларга гувоҳ бўлдик. Туман бош архитектори эса кўчадаги ҳолатни шунчаки автомашиналар ”стоянка“га киришни истамаслиги билан изоҳлади. Хуллас, С.Тўхтамуродовдан ”ўтган йили янгидан қурилган иккита автобошбекат” манзилини олиб, ўша ерга шошилдик.

Афсуски, “Лойиш деҳқон бозори”да бўлиб, ҳар қанча изламайлик архитектор айтган автобошбекатни топа олмадик. Ҳудуддаги уч-тўртта машина турган жойни эҳтимол айримлар автобошбекат деб ҳисоблар деган фикримиз, бозор маъмурияти ходимларининг “Бу ерда ҳеч қандай стоянка йўқ, суратга олмайсиз”, дея жазавага тушишига сабаб бўлди. Хуллас, туман бош архитектори бизни «чув туширди». Шундай хулосага келдикки, туманда йўловчи ва ҳайдовчилар ҳам худди шу тарзда алдаб келинса керак.

Архитектор айтган яна бир манзил “Лойиш буюм бозори”да ҳам бўлдик. Айтилган автобошбекат йўқ. Аҳолининг айтишича, автобошбекат учун қачондир жой ажратилган. Лекин биз уни кўрмадик.

Хуллас, Оқдарёда автобошбекат ташкил этишни жиддий ўйлаб кўриш вақти аллақачон етган.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото)

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан