Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ифторга "Мезим" қўйилганини эшитганмисиз?
29.05.2017 23:16,  
14

Ишга маршрут таксида келаман. Йўловчиларнинг аксарияти аёллар. Улар ҳамма нарсани билишади. Ҳар куни нафақат уларнинг уйида, маҳалласида, балки шаҳримизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан айнан шу маршрут таксида бохабар бўламан.

Бир куни аёллардан бири қуда чақириққа (келинни отасиникигами ёки куёвни уйигами, билолмай қолдим) борганини оғиз кўпиртириб мақтай бошлади. Ифторликда оғизларни қаймоқ билан очишибди, ундан кейин европача ва миллий салатлар тортилибди.

Сўнг сомсалар (авваллари битта сомса тортилса, энди иккита - ўзбекча ва туркча сомса) берилибди. Суюқ-қуюқ овқатлар орасида норин ва кабоб тановул қилинибди. Ўзбеклар одатига кўра, ошдан кейин фотиҳа қилиниб, кетишга рухсат берилиши керак эди. Аммо қудалар замонавий экан, шу сабаб ошдан кейин десерт сифатида музқаймоқ тарқатилибди.

Энг қизиғи, дастурхонда овқат ҳазм қилувчи “Мезим” борлиги меҳмонларнинг дардига дармон бўлибди. Во ажабо, тўйдан кейин “келин салом”га қолган хотин-халажга “Мезим” берилгани ҳақида қулоққа чалингандек бўлган эди, энди ифторликда ҳам бу дори дастурхон кўркига айланибди-да.

Яшавор ўзбек, дегинг келади. Ахир бу манманлик, исрофгарчилик эмасми?! Яхшиям, ўз вақтида кафе ва ресторанларда берилаётган ифторликларга чек қўйилди. Бўлмаса манманлик авжига чиқармиди? Чунки мана шу каби тадбирларга рўзадорлар эмас, рўза тутмаганлар ҳам ташриф буюриши сир эмаску.

Рамазон ойи бошланиши билан рўзанинг ҳурмати деб, рўзадорларга ҳурмат кўрсатила бошланади ва дастурхон ноз-неъматларга тўлади. Ахир нафсни тийиш ўрнига овқатга хаддан зиёд киришиб кетмаяпмизми? Оддий арифметика бўйича мисол келтирамиз. Одатга кўра эрталаб бир коса, пешинда бир коса, кечқурун бир коса овқат ейилса, рўза бошланиши билан саҳарликда “рўза оғизман, қувват бўлади”, деб икки коса овқат еймиз.

Кечқурун эса “рўзаман, ҳолдан тойдим” дея яна икки коса овқатини паққос туширамиз. Яъни бир кунлик еган овқатимиз тўрт коса бўлади. Уч косага ўрганган ошқозонимиз тўрт косани кўтара олармикан?

Мана шу нарсаларни ҳар йили Рамазон ойи арафасида аҳолига тушинтиришимиз керакка ўхшайди".

Шарофиддин Тўлаганов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан