Европа инвестиция банки Ўзбекистон бозорига киришни мўлжалламоқда

03.06.2017 | Иқтисод | 2639

Ўзбекистонга Европа Инвестиция Банки (ЕИБ) вице-президенти Васил Худак раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Марказий банкда ЕИБ делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, шу жумладан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаш учун тижорат банкларига кредит линиялари очиш масалалари муҳокама этилди.

Банк янги технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг саноат соҳаси рақобатбардошлигини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаш, мамлакат инфратузилмасини ва бошқа соҳаларни юқори кўтаришда тўплаган бой тажрибаларини баҳам кўрмоқчи.

Банк шу йилнинг июль ойида ҳукумат билан Ўзбекистон ва ЕИБ ўртасида банкнинг Ўзбекистондаги фаолиятини белгилаб берувчи битим тузишни мўлжалламоқда.

ЕИБ "кредитлаш масъулияти" мезонларига, яъни Европа Иттифоқининг қатъий экологик, ижтимоий, шунингдек тақиқланган иш амалиётига нисбатан "нўл бағрикенглик" ва бошқа талабларига жавоб берадиган лойиҳалар ва қарз олувчиларга молиявий маблағлар ажратади.

Банкнинг молиялаш соҳаси энергетика, инфратузилма, атроф муҳитни асраш ва ижтимоий тизимлар, тадбиркорлик ривожи ва инновацияни қамраб олади. Ўзбекистон муқобил, қайта тикланувчи энергия манбаларини барпо этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва технологиялар трансфери учун ЕИБнинг маблағларидан фойдаланишдан манфаатдор. Чунки ҳозирги пайтда ёқилғи-энергетика комплекси, энергия тежамкорлигини жорий этиш соҳаларида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари очилмоқда.