«Ўзбекнефтгаз» ва «Газпром» стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади

05.06.2017 | Иқтисод | 2295

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Ғуломжон Ибрагимов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер 2 июнь куни Петербург халқаро иқтисодий форуми-2017 доирасида компанияларнинг стратегик ҳамкорлиги тўғрисидаги битимни имзолади.

Россия компанияси матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудида янги лойиҳаларни амалга оширишда томонларнинг ўзаро муносабатлари кўзда тутилган. Жумладан газ инфратузилмалари объектларини реконструкция қилиш, қуриш ва улардан фойдаланиш; геологик разведка, углеводородларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва сақлаш; автоном газлаштириш учун сиқилган ва суюлтирилган табиий газдан фойдаланиш; республикани газ билан таъминлашнинг бош схемасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида икки компания «Газпром» томонидан 2018 йилдан бошлаб беш йил муддатга Ўзбекистондан 4 миллиард куб метр газ сотиб олиниши бўйича шартнома ҳамда геологик разведка ишларини ўтказиш ва инжиниринг-инновацион ишларни ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзолаган эди.

2016 йилда «Газпром» Ўзбекистондан сотиб олинган табиий газ ҳажми 6,2 миллиард куб метрни ташкил этди.