ФИФА президенти: Жаҳон чемпионати Қатарда бўлади

13.06.2017 | Жаҳон | 2575

Жанни Инфантино 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати бошқа мамлакатга кўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни рад этди, дея хабар бермоқда Reuters​ агентлиги.

Якшанба куни Швейтсариянинг Ле Матин Диманче журналида ФИФА раҳбарининг интервьюси чоп этилган. Унда айтилишича, ФИФА Қатардан жаҳон чемпионати мезбонлигини тортиб олишни режалаштирмаяпти. Инфантино Форс кўрфазида юзага келган кескинликнинг юмшаши ва аввалги алоқалар тикланишига умид билдирган.

ФИФА раҳбари ҳар қандай ҳолатда ҳам Қатарнинг жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқи тортиб олинмаслигини айтган. Инфантино ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот Қатардаги вазиятни диққат билан кузатаётгани ва мамлакат раҳбарияти билан мунтазам алоқада эканлигини маълум қилган.

“ФИФАнинг асосий вазифаси, тушунишимча, футбол билан шуғулланиш ҳамда геосиёсатга аралашмасликдан иборат. Ҳозир дипломатик инқирозга дуч келдик. Аммо ишончим комилки, минтақадаги вазият яхшиланади. Жаҳон чемпионатигача ҳали 5 йил бор. Агар футбол вазиятни яхшилашга озгина ҳисса қўша олса, мен ўз ёрдамимни таклиф қиламан”, – деб айтган Жанни Инфантино.

Шу билан бирга, Қатар билан муносабатлари кескинлашгани муносабати билан Таиланд ва БАА терма жамоалари ўртасида бугун бўлиб ўтиши режалаштирилган ўйинга аввал тайинланган қатарлик ҳакамлар цингапурлик реферилар билан алмаштирилган. ФИФА мазкур ўзгаришнинг БАА футбол федерацияси илтимоси билан бўлганини инкор этди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан дипломатик алоқаларни бекор қилган ва иқтисодий санкциялар эълон қилган эди. Шундан сўнг, 2022 йилда Қатар мезбонлик қилиши кутилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати бошқа давлатда ўтказилши ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар бўлиб ўтади.