Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Биз барибир кўпаяверамиз!
13.02.2016 15:58,  
200

Австралиялик демографлар ишлаб чиққан сайёрамиз аҳолисининг компьютер модели сайёрамиз аҳолисининг тезкор суръатда кўпайишини ҳеч нима тўхтатиб қололмаслигини кўрсатди: на 500 миллион қурбон келтирадиган учинчи жаҳон уруши, на глобал эпидемиялар, на қатъий демографик назорат. Нима бўлганда ҳам, Ер аҳолиси сони асримиз охирига бориб 9-10 миллиардга етади, сайёрамиз экотизимни дош бера оладиган нуқтага яқинлашади. Олимларнинг бу фикрлари Proceedings of the National Academy of Sciences (Миллий фанлар академияси тўплами) илмий журналида чоп этилди.

“Сайёрамиз аҳолиси сўнгги юз йил ичида шунчалик шиддат билан кўпайдики, дунё яралганидан шу пайтгача туғилган инсонларнинг тахминан 14 фоизи бизнинг замондошларимиз ҳисобланади. Бу бизни ҳушёр торттириши керак. Биз ҳам, дунёдаги бошқа демографлар ҳам бир қатор сабаблари туфайли бундай ўсишни хавфли деб ҳисоблаймиз. Аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши биринчи навбатда атроф-муҳитга катта зарар демакдир, қолаверса, бунча одамни тўйдириш ҳам муаммо”, – дейди мақола муаллифларидан бири, Австралиянинг Аделаида университети олими Кори Брэдшоу.

Брэдшоу ҳамкасби, иқлимшунос Барри Брук билан Хитой ва бошқа айрим давлатларда олиб борилаётган ҳозирги демографик сиёсатнинг қанчалик самарали экани ҳақида бош қотирди. Бундан ташқари, улар аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олиб бўладими, деган саволга жавоб излаб кўришди. Дарвоқе, аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши келтириб чиқарадиган муаммолар ҳақида биринчи бўлиб XVIII инглиз иқтисодчиси, демография асосчиси Томас Мальтус гапирган эди.

Биринчини навбатда олимлар 2100 йилга бориб Ер аҳолисининг сони қанча ва унинг жинсий таркиби қанақа бўлишига эмас, аҳоли ўсишининг экотизим иши ва атроф-муҳитнинг умумий ҳолатига таъсири қанақа бўлишига қизиқишди. Ҳатто энг кучли суперкомпьютер ёрдамида ҳам сайёрамиздаги барча биосфераларни моделлаштиришнинг имкони йўқ, шунинг учун австралиялик демографлар дунёнинг ҳайвонлар ва ўсимликлар энг кўп учрайдиган ўттиз бешта нуқтаси билан чекланишди. “Биохилма-хиллик ўчоқлари” деб номланадиган ушбу минтақалар 1988 йилда британиялик эколог Норман Майер томонидан ажратилган эди, ҳозирга келиб у ерлардаги ҳайвонот ва наботот олами одамзоднинг “шарофати” ва иқлим ўзгаришлари туфайли тобора камбағаллашиб бормоқда.   

Аҳоли кўпайиши сайёрамизнинг мазкур минтақаларига қандай таъсир кўрсатишини текшириш учун Брук ва Брэдшоу келгуси юз йилда турли чекланган шароитларда аҳолининг кўпайишини кўрсатиб берадиган бир нечта математик моделлар ишлаб чиқиб, уларни компьютер дастурлари кўринишида амалга оширишди. Ушбу алгоритмлар ишини кузатар экан, демографлар турли ижтимоий ва экологик ўзгаришларга одамзод қандай жавоб қайтаришини, яқин келажакда инсоният фаровонлигига нималар раҳна солишини тушунишга уринишди.

Моделлар орасида Хитойдаги каби оилада фарзандлар сонини чеклаш, йирик табиий офатлар, кенг миқёсли ҳарбий низолар ва ўта хавфли касалликларнинг глобал эпидемияси кабилар бор. Моделлардан бирига кўра, иқлимий офат тупроқлар ҳосилдорлигини камайтириб юборади, бунинг натижасида бутун дунёда озиқ-овқат танқислиги келиб чиқади ва болалар ўлими кескин ортади. 

Мақола муаллифлари ушбу моделлар натижаларини сайёрамиз аҳолиси яқин юз йил ичида қандай кўпайишига оид кўпчилик томонидан қабул қилинган тасаввурлар билан солиштиришганида, нооддий ва хавотирли маълумотларни қўлга киритишди. Биринчидан, олимларнинг аниқлашича, туғилишни чеклаш яқин истиқболда фойда бермайди – дунёдаги барча ҳукуматлар оилаларга биттадан ортиқ фарзанд кўришни тақиқлаб қўйган тақдирда ҳам, сайёрамиз аҳолиси 9-10 миллиардга етади. Брэдшоу ва Брукнинг таъкидлашига қараганда, бундай чекловларнинг фойдаси албатта бўлади, бироқ буни фақатгина узоқ келажакда сезиш мумкин. Аммо чекловлар демографик “бирлик” – туғилаётганлар ва ўлаётганлар сонининг тенглашишига олиб келиши даргумон.

“Биз ҳозир катта эътибор қаратилаётган чоралар – туғилишнинг назорат қилиниши ва жинсий саводхонликнинг оширилиши узоқ келажакдагина аҳоли кўпайиши суръатини секинлаштиришини ва атроф-муҳит ресурсларига оғирликни камайтиришини аниқладик. Бундай сиёсатнинг маҳсулини чевараларимизнинг чевараларининг чеваралари кўриши мумкин, замондошларимиз ҳаётига эса деярли таъсир кўрсатмайди”, – дейди Барри Брук.

Унинг айтишича, глобал табиий ёки атропоген офатлар ҳам “демографик конвейер”нинг тўхташига ва сайёрамиз аҳолиси сонининг кўпайиш суръатининг секинлашишига олиб келмайди. Моделлардан бирига кўра, 2050-2055 йилларда учинчи жаҳон уриши юз беради ва унинг қурбонлари сони аввалги иккита жаҳон урушлари қурбонларининг умумий сонидан ҳам кўпроқ – тахминан 500 миллион бўлади. Шунга қарамай, XXII аср бошларида Ер аҳолисини сони 9,9 миллиардни ташкил этади.

“Миқёси бўйича аввалги иккита жаҳон урушларининг йиғиндисидан ҳам ўтиб тушадиган учинчи жаҳон уруши сценарийси инсоният демографик эволюциясининг текис чизиғида аранг сезиладиган нуқта, кичиккина эгрилик бўлиши бизни қаттиқ ҳайратга солди”, – дейди иқлимшунос олим.

Кўплаб ўлимларга сабаб бўлувчи глобал эпидемиялар моделида ҳам худди шундай натижа ҳосил бўлди. Барча ҳолатларда инсоният машаққатларни енгиб ўтди ва аҳолининг ўсиш суръати деярли ўзгармади, урушлар сценарийсида ҳам XXII аср бошларига бориб 8,5-12 миллиардни ташкил этаверди. Ҳатто асримиз ўрталарида глобал эпидемиялар 6 миллиард одамни ҳаётдан олиб кетса, келгуси асргача 5,5 миллиард киши етиб боради, аммо аҳолининг ўсиш суръати ўзгармайди.  

Мақола муаллифларининг фикрича, бу натижаларнинг бари яқин 50-100 йил ичида сайёрамиз аҳолисининг ўсиш суръатини сиёсий ислоҳотлар ёрдамида секинлатишнинг деярли иложи йўқлгини кўрсатмоқда. Шундай экан, олимлар ва сиёсатчилар диққатларини инсониятнинг ресурсларга бўлган “иштаҳаси”ни пасайтириш, жамият ҳаёти ва саноатда тикланадиган энергия манбалари ва қайта ишланадиган материаллар улушини оширишга қаратганлари маъқул. 

Акс ҳолда 35 та биохилма-хиллик ўчоқларининг деярли барчасида ресурслар сезиларли равишда камаяди, чунки улар аҳоли ўсиши даражаси энг юқори бўлиши кутилаётган минтақаларга яқин жойлашган. Салбий ҳолат энг кўп Шарқий Африка ва Тинч океанининг ғарбий қисмига туташ ҳудудларда кузатилади.  

“Мен иқлим ўзгаришларига қарши курашиш учун қандай сиёсий чоралар қўллашга бағишланган маърузалар қиламан ва тингловчилар ҳар доим аҳоли сони нима учун эътиборга олинмаслиги ҳақида савол сўрашади. Бироқ моделларимиз аниқ-равшан кўрсатдики,  аҳоли сонининг тўхтовсиз ўсиши муаммоси ва бу билан боғлиқ барқарор ривожланиш муаммоларини демография соҳасидаги қандайдир шошилинч ислоҳотлар орқали ҳал қилиб бўлмайди”, – дея изоҳлайди Брук.

Аброр 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан