Америкалик шифокорлар cиам эгизакларининг бошини муваффақиятли ажратиб олишди

16.06.2017 | Тиббиёт | 2549

Пенсилвания штатидаги Филаделфия болалар шифохонасида 10 ойлик cиам эгизаклари операция қилинди. Washington Post​ нашри хабар беришича, 11 соат давом этган операция муваффақиятли ўтган.

Шифокорлар бошлари ўзаро қўшилиб дунёга келган чақалоқларни бир-биридан ажратиш учун бир неча ой тайёргарлик кўришди. Ниҳоят 6 июнь куни жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Энди шимолий каролиналик эгизаклар бошқа-бошқа ётоқларда ухлашлари мумкин.

«Қўшалоқ эгизакларни ажратиш жуда мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Операциядан сўнг узоқ давом этадиган, мураккаб даволаниш даврини ўташга тўғри келади. Бироқ биз ижобий натижадан умид қиляпмиз», – дейди операцияда иштирок этган пластик жарроҳ Жесси Тейлор.

Шифохона эълон қилган баёнотда айтилишича, операция жами 19 кишилик гуруҳ томонидан ўтказилган. Эрин ҳамда Абби исмли қизалоқлар шифохонанинг болалар учун кучайтирилган даволаниш бўлимида мутахассислар назоратида қолмоқда.

Сиам эгизаклари туғилиши ноёб ҳодиса ҳисобланади. Ҳар 200 минг туғилишдан биттасида эгизаклар қўшалоқ ҳолда дунёга келиши мумкин. Бошлари қўшилган эгизаклар туғилиши эса унданда ноёб ҳодиса саналиб, cиам эгизакларининг атиги 2 фоизида бошлар бирлашган тарзда туғилиши мумкин. Уларнинг аксарияти яшаб қолмайди.

Филаделфиядаги шифохона ўзининг 60 йиллик тарихида 23 марта cиам эгизакларини ажратиш операциясини ўтказган. Аммо бошлари қўшилган эгизакларни ажратиш илк маротаба амалга оширилмоқда.