Apple, Google, Microsoft, Facebook: қандай қилиб миллиардлаб топишади?

17.06.2017 | Иқтисод | 2651

Айни пайтда жаҳоннинг энг қиммат 10 та компаниялари қаторида турган аксарият брендлар ахборот технологиялари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Apple, Alphabet (Google), Microsoft, Amazon ва Facebook бугун қулай ҳаёт ваъда қилаётган инновацияларни сотиб, катта фойда олишмоқда. Аниқроғи, уларнинг рақамли маҳулот ва хизматларидан келиб тушадиган йиллик даромади миллиардлаб долларни ташкил қилади. Қуйида бу брендларнинг бош даромад манбааси ва хизматлари хусусида тўхталиб ўтамиз. Бу таҳлил ва натижалар Visual Capitalists халқаро маркетинг компаниясининг тадқиқотлари натижасидир, деб ёзмоқда Terabayt.uz нашри.

1976 йилда асос солинган Apple компанияси 1997 йилда инқироз олдида турган эди. 2016 йилда «жаҳоннинг энг қиммат компанияси»га айланган Apple’нинг бош даромад манбаи iPhone флагманлари ҳисобланади. Яъни, Apple’нинг 63% даромади iPhone савдосидан тушади. iPad ва iMac эса 10% ва 11% даромадни таъминлайди. Бошқа аксессуарлардан эса 5%, iCloud, Apple Music, iTunes каби хизматлар эса компания топадиган даромаднинг 11%ига ҳисса қўшади. Мисол учун, 2016 йилда компания $215.6 млрд долларлик iPhones, Mac компютерлари ва соатлар, бошқа хизматларни сотган.

Microsoft

1975 йилда фаолиятини бошлаган Microsoft Вашингтоннинг Редмонд шаҳрида жойлашган. Microsoft Office унинг йиллик даромадининг 28% ига ҳисса қўшади. Компания фойданинг 22% ини Windows Server & Windows Azure каби сервер ва маълумотларни «булутли» сақлаш хизматларидан олади. Ўйин консолларини ишлаб чиқарувчи Xbox бўлинмаси 11%, Windows операцион тизими 9%, Bing қидирув тизими ва бошқа реклама ресурслари 7%, Surface лаптоплари ишлаб чиқарувчи бўлинма 5% даромад келтиради. Бошқа хизмат ва маҳсулотлар эса йиллик умумий даромаднинг 18% ини таъминлайдилар. Компания 2016 йилда $85.3 млрд доллар даромад қилган.

Alphabet

Google’нинг «она компанияси» Alphabet эса йиллик даромадининг катта қисмини, аниқроғи 88% ини интернет реклама билан шуғулланувчи Google AdWords ва YouTube видео тармоғидан олади. Шунингдек, Google Play ва Pixel бренди маҳсулотлари даромаднинг 11% ига эгалик қилади. Дастурий таъминот яратувчи Nest, ҳаёт ва саломатликни тадқиқ қилувчи Verily, кенг полосали интернет технологиясини ривожлантирувчи Google Fiber ва бошқа лойиҳалардан компания йиллик фойданинг 1% ини олади. Компания 2016 йилда $89.5 млрд доллар фойда кўрган.

Facebook

Facebook ижтимоий медиа гиганти йиллик даромадининг 97% ини Facebook Ads реклама хизматидан олади. Қолган 3% йиллик даромад бошқа хизматлардан келиб тушади. Компания 2016 йилда $27.64 млрд доллар даромад олган.

Amazon

Amazon, жаҳонинг энг йирик «электрон тижорат» компанияси даромадининг 72% ини онлайн савдо бизнесидан олади. Фильм ва телевизион шоуларни онлайн сотиш билан шуғулланувчи Amazon Prime ва бошқа медиа хизматлардан фойданинг 18% и келади. «Булутли» веб-хизматларни кўрсатувчи Amazon Web Services хизматининг улуши 9%, бошқа хизматларники эса 1%. Amazon 2016 йилда 135.99 млрд доллар даромад кўрган.