Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қадр кечасида Мўсулдаги тарихий масжид портлатиб юборилди
22.06.2017 07:54,  
39

Чоршанба куни кечаси Ироқнинг Мўсул шаҳридаги 900 йиллик кўҳна масжид вайронага айланди. Reuters агентлиги тарқатган хабарга кўра, Ироқ армияси масжиднинг ИШИД жангарилари томонидан бузиб ташланганини маълум қилган.

2014 йилнинг июль ойида Абу Бакр Бағдодий Мўсулнинг машҳур «Масжидун Нурия» жомеъсида «халифалик» эълон қилган эди. Шундан бери ўтган уч йил давомида ИШИДнинг қора байроғи минорада ҳилпираб турган. Масжид ИШИД раҳбариятининг норасмий қароргоҳи сифатида кўриларди. Ироқ армияси тарқатган баёнотга кўра, ИШИД жангарилари «Нурия» масжиди ва унинг 45 метрлик «Ҳадба» минорасини вайрон қилишган.

“Ҳадба минораси ва «Масжидун Нурия»нинг бузиб ташланиши мағлубиятнинг расман тан олиниши демакдир”, – дея ҳодисага изоҳ берган Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абадий.

Аммо ИШИД жангарилари масжидни бузиб ташлашга оид айбловларни рад этган. Жангарилар гуруҳига тегишли «Амақ» ахборот агентлигида эълон қилинган баёнотда масжидни Америка самолётлари вайрон қилгани иддао қилинган. Айни пайтда, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари ҳам ўзларига қўйилган айбловни рад этмоқда.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вакили полковник Жон Доррианнинг айтишича, коалицион қўшинлар масжид жойлашган ҳудудга зарба бермаган. АҚШ армияси генерали Жозеф Мартин эълон қилган баёнотда эса «мазкур бузғунчилик учун жавобгарлик қатъий тарзда ИШИДнинг зиммасига тушиши» маълум қилинган.

Масжиднинг вайрон қилиниши Ироқ армиясининг терроризмга қарши кураш бўлинмалари ва ИШИД жангарлари ўртасида Мўсулнинг эски шаҳар қисми учун қонли тўқнашувлар бўлиб ўтаётган вақтга тўғри келган. Бу пайтда ҳукумат кучлари масжиддан 50 метр масофада бўлгани айтилмоқда. Масжидда маҳаллий вақт билан 21:35 да портлаш содир бўлгани хабар қилинган.

Чоршанба куни ҳукумат қўшинлари масжид томон ҳужумга ўтилиши ҳақида эълон қилган. Сешанба куни Ироқ армияси Эски шаҳардаги жангариларни тўлиқ қамалда қолдиргани маълум қилинган эди.

«Нурия» масжиди 1172-1173 йилларда қурилган бўлиб, салибчиларга қарши курашган саркарда Нуриддин ал-Занкий номи билан аталар эди. Қайд этиш жоизки, масжиднинг вайрон қилиниши мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойининг 27 кечасида – «Қадр» кечасида содир бўлди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан