Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АҚШ Қатардек иттифоқчисидан воз кечадими?
23.06.2017 09:34,  
10

Сенатда Жеймс Комнинг чиқиш қилишидек воқеага ўтган ҳафтада Доналд Трампнинг президентлиги билан алоқадор бошқа бир кутилмаган ҳодиса соя солди: Саудия Арабистони ва унинг уч иттифоқчиси ҳамда АҚШнинг энг содиқ ҳамкори бўлмиш Қатар ўртасида ажралиш юз берди.

Муаммога Саудия учун роль ўйнаб берган ва кейинчалик Твиттерда бу ҳақида мақтанган Трамп сабаб бўлди.

Нима бўлаётганини ва уни қандай тўғрилашни тушуниш учун гапни АҚШнинг Афғонистон, Сурия ва Ироқдаги миссиялари учун йирик авиабазага жой берган Қатардан бошлаш керак.

Ҳозирга қадар Қатар Форс кўрфазида Саудиянинг етакчилик қилишига қарши камтарона минтақавий муқобил вазифасини бажариб келаётган эди. Энг аҳамиятли томони Қатар энг йирик араб телеканали – «Ал-Жазира»га эгалик қилади.

Саудиянинг Қатар билан дипломатик алоқалар ва савдони узишдан асосий баҳонаси унинг терроризмга ҳомийлик қилиши эди. Аммо ҳақиқий сабаб Трампнинг май ойидаги Саудияга сафари ҳақидаги гаплари эди. Унинг фикрлари Қиролликка ўзларига қарши танқидий хабарларнинг хавфли манбаи ва йўлида ғов бўлиб турган тикан сифатида кўриладиган рақибига қарши чоралар кўришга баҳона бўлди.

Дастлаб, Трамп ўзаро бўлинишга сабабчи бўлиш ҳақида ўйламаган бўлса керак. Буни унинг Твиттердаги саҳифасида ёзганларидан тахмин қилиш мумкин:

“Саудия Арабистонида қирол ва 50 мамлакат билан учрашув дарров натижа бераётганини кўриш қандай яхши! Улар экстремизмни молиялаштиришга қарши чоралар кўриш ҳақида айтишганди. Барча ишоралар Қатарни кўрсатаётганди. Эҳтимол, бу терроризм даҳшати интиҳосининг бошланишидир!?”

Яқин Шарққа сафари давомида Трамп араб раҳбарларига радикал мафкурани молиялаштиришни тўхтатишни айтган:

“Яқин Шарққа сўнгги ташрифим вақтида радикал мафкурани молиялаштиришни бас қилиш ҳақида гапиргандим. Улар Қатарни кўрсатишди – Ана!” – деб ёзди АҚШ президенти 6 июнь куни Твиттердаги саҳифасида.

Трампнинг одатий нутқида ушбу фикрлар Саудиянинг ваҳҳобийларни қўллаб-қувватлашини англатиши лозим эди. Аммо йиғилишда ҳозир бўлган раҳбарлар, Трампнинг айтишича, дарров Қатарга қарашибди.

Трамп уларнинг эътиборни Саудиядан Қатарга қарши ҳаракат бошлаш учун чалғитишга уринганликларини пайқамай қолди ва хўракка илинди.

Бу Саудияга Трампнинг дастаги билан Қатарни ёмонотлиқ қилиш имконини берди. Саудия илгари Қатарни АҚШ билан яқин ҳарбий иттифоқчилиги борлиги сабабли тек қўйиб келарди.

Саудиянинг режаси иш берди. Минтақадаги иттифоқчилари ўртасида юз берган можарога зудлик билан қаршилик билдириш ўрнига, Трамп Саудиянинг хатти-ҳаракатларини олқишлади.

Афтидан, бу бўлиниш Трампнинг режаси бўлмаган. Бунга учта арзирли сабаб бор:

Биринчидан, Трамп Саудия Арабистонидаги нутқида Қатарни «қимматли стратегик ҳамкор» деб атади.

Иккинчидан, Саудиянинг қарори ва Трампнинг уни маъқуллаши ортидан АҚШ ҳарбий қўмондонлиги хавотирини билдирди. Қўмондонлик вакили Трампнинг гаплари ва АҚШ сиёсатини бирдек кўриб бўлмаслигини маълум қилди. Шундан кейин Пентагон Қатарни «мавжуд минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги аҳамияти» ҳақида гапиришда давом этди. Маълумот учун, Қатардаги Ал-Удайд авиабазасида 11 мингдан ортиқ америкалик аскарлар қўним топган.

Учинчидан, Трамп Саудияни олқишлаётган бир пайтда, давлат котиби Рекс Тиллерсон араб давлатларини Қатарга қарши қамални тўхтатишга чақирди.

Айтиш мумкинки, Трамп Қатарнинг АҚШ учун қанчалик аҳамиятли эканлигини англай олмаган.

Инқирозни қандай ҳал қилиш мумкин?

Трампнинг твитларидан қатъи назар, АҚШ Қатардан бутунлай воз кеча олмайди. Қатар қандайдир товламачи давлат эмас. У минтақадаги керакли иттифоқчи. Шу билан бирга, агар АҚШ Қатарни четга суриб чиқарадиган бўлса, минтақадаги бошқа давлатлар унинг ўрнини эгаллашга бажонидил рози бўлишади.

АҚШ учун энг ёмони Қатар Трампнинг қўпол хатосидан фойдаланиб қолишга уринаётган Эрон ва Россия билан яқинроқ муносабатлар ўрнатишга эришиши бўлади. АҚШнинг иттифоқчиси бўлган ҳамда айни пайтда Россия ва Эрон билан борган сари яқинлашиб бораётган Туркия аллақачон Қатарга Кўрфаз мамлакатларидан келиши узилиб қолган маҳсулотларни етказиб беришини таклиф қилиб улгурди.

Саудия Қатар раҳбари Шайх Тамим ибн Ҳамад ас-Сонийни заифлаштириш ёки алмаштиришни истайди. Тамим яхшигина иттифоқчилигини намойиш қилгани ҳолда, бу ҳам АҚШ учун ҳавас қиладиган натижа бўлмаслиги аниқ. Саудларнинг хоҳишига кўра ҳукумат ўзгариши минтақада АҚШ эмас, Саудиянинг сўзи ўтаётганини кўрсатади.

Агар Трамп ўз гапларидан воз кечса, ўзи учун яхши бўларди. Аммо ўтган воқеаларга назар соладиган бўлсак, бунга умид қилмасак ҳам бўлади.

Энг кичик салбий натижа эса Қатар томонидан Саудияни қониқтирадиган ён босиш бўлиб, бу Трамп томонидан Қатарга АҚШ дастаги қайтарилиши учун қулай имконият бўларди.

Масалан, Қатар ўзи дастаклаб келадиган “Ҳамас” ҳамда «Мусулмон биродарлар»нинг бошқа бўлимларини жиловлашга рози бўлиши мумкин.

Қатар “Ҳамас”га таъсири кучли эканлигини Араб-Исроил можаросида иккита давлат ташкил қилиш режасига кўндириш орқали аллақачон кўрсатиб улгурган. “Ҳамас”нинг «ювош тортиши» АҚШ-Саудия тинчлик лойиҳаси амалга ошишига ёрдам берган бўларди.

Қатар учун иккинчи вариант Эрон билан алоқалардан воз кечиш ҳисобланади. Аммо бу иш амалга ошиши мушкулдек туюлмоқда. Боиси иккала мамлакат ҳамкорликдаги табиий газ конларига эгалик қилишади.

Ва ниҳоят, сўнгги масала бу – саудларнинг жини суймайдиган ва Қатар ҳомийлик қиладиган «Ал-Жазира». Янгиликлар канали минтақада Қатардан ташқари ўзи истаган давлатни танқид қилиши ва улар ҳақида салбий ахборот тарқатиши мумкин. Телеканалдаги сўз эркинлигига путур етишини кўриш таассуфли ҳолат бўлади. Аммо бу Саудия-Қатар кескинлигини пасайтириши эҳтимолдан холи эмас.

Бу ерда энг муҳим жиҳат шуки, Қатарнинг террорчиларни молиялаштириши Саудияни умуман ташвишлантирмайди. Уларни Қатарнинг минтақадаги рақобатчи сифатидаги позицияси ва «Ал-Жазира» орқали қилаётган ошкора танқидлари хавотирга солади.

АҚШ ўз иттифоқчилари ўртасидаги ҳақиқий фарқларни эътиборга олиб ҳаракат қилмаса, Трампнинг хатоси Америкага қимматга тушиши ҳеч гап эмас.

Ноа Фелдман, Ҳарвард университети ҳуқуқшунослик профессори.

Bloomberg.com​ сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан