Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Марказий Банкнинг 14 фоизга кўтарилган қайта молиялаш фоизи нима ва унинг турмушимизга таъсири қандай?
25.06.2017 16:31,  
58

24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бошқармаси йиғилишида Марказий Банкнинг қайта молиялаш фоизини 14 фоизгача кўтариш ҳақида қарори чиқди. Ушбу қароргача бизда қайта молиялаш ставкаси 9 фоизга тенг эди. Хўш, қайта молиялаш ставкаси бу нима дегани? Нима учун ставка фоизлари оширилди? Бу биз учун нимани ўзгартиради? Келинг, саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Қайта молиялаш ставкаси нима ўзи?

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бу Марказий банкнинг Республикадаги бошқа банкларга тақдим қиладиган пулига қўйилган тўлов фоизидир. Масалан, содда тилда айтилса, Марказий банк биздаги банкларга кредит беради, банклар ўз навбатида ушбу кредитни жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз қилиб қайта тарқатади. Бунда Марказий банкдан маълум бир фоизга олинган кредитни устига ўз фоизини қўшиб тижорат банки аҳолига кредит тарқатади. Масалан, Марказий банкдан тижорат банки бир миллион сўм олса, эндиликда янги ставкага биноан ушбу суммага 14 фоиз қўшиб яъни 1 140 000 сўм қилиб қайтариш керак. Ушбу суммадан тижорат банки ўз даромади қўшиб аҳолига қарз ёки кредит беради. Тижорат банки Марказий банкдан 14 фоизлик ставкада олган бўлса, аҳолига уни 20 ёки 22 фоизлик ставкада сотади ва ўртадаги фоизлар бу тижорат банкининг даромадидир.

Нима учун Марказий банк аҳолига тўғридан-тўғри кредит бермайди?

Марказий банк фақат йирик миқдордаги суммалар билан ишлайди. Бу ерда гап бир неча миллиарддан тортиб бир неча 100 миллиард ҳақида кетмоқда. Мана шу ҳолатда тижорат банклари аҳоли ва Марказий банк ўртасига воситачи ролини ўйнайди ва бундан, албатта ўз даромадини олади. Бошқа томондан, Марказий банкда Республиканинг ҳамма нуқтасида минглаб филиалларни очиб, аҳоли билан ишлаш имконияти мавжуд эмас.

Тижорат банки Марказий банкдан олган суммасига ноинсофлик қилиб жуда катта фоиз қўйиши мумкинми?

Ҳа, мумкин. Дейлик, Марказий банкдан 14 фоизлик cтавка билан олиб, аҳолига 30 фоиздан сотиши мумкин. Лекин, бу ҳолатда банк ўз мижозларини йўқотади. Банклар ўртасида соғлом рақобат бўлган тақдирда мижоз фоизи камроқ банкка боришни маъқул кўради.
Қайта молиялаш ставкаси нима асосида белгиланади?

Қайта молиялаш ставкаси фоизлари мамлакат иқтисодиётининг умумий аҳволи ва мамлакатдаги инфляция даражасидан келиб чиқиб белгиланади. Марказий банк бир неча йил давомида сунъий тарзда ставкани 9 фоиз атрофида ушлаб турди. Аслида, иқтисодиёт анча ачинарли аҳволда эканлиги, инфляция расмий фоизлардан анча баландлиги кўпчиликка маълум эди. Мамлакатда агар инфляция даражаси ошиб борса, Марказий банк ҳам қайта молиялаш ставкасини ошириб боради. Агар инфляция даражаси пасайиб борса, унда қайта молиялаш фоизи ҳам пасайиб боради. Дунёда ҳатто манфий қайта молиялаш ставкасига эга мамлакатлар ҳам бор. Масалан, Данияда ҳозирги кунда қайта молиялаш ставкаси – 0,5 фоиздан иборат.

Агар фақат рақамлар билан оладиган бўлсак, бу ҳолат бизда инфляциянинг ошиб бораётганлигини кўрсатади ва бу иқтисодий вазият унчалик ҳам яхши эмаслигини англатади. Лекин, бизда амалда инфляция бир неча йилдан бери баланд эди ва расмий рақамлар сунъий тарзда ушлаб турилганди. Ҳозирги ҳолатда Марказий Банк муаммони тан олиб, вазиятни тўғрилашга ҳаракат қила бошлагани жуда ҳам қувонарли ҳолат. Муаммонинг борлигини тан олмасдан туриб уни ечиб бўлмаслиги ҳаммамизга маълум.
Хўш, бу реал ҳаётда нимани ўзгартиради?

- Бу биринчи навбатда кредит фоизларини ошишига сабаб бўлади. Энди сиз ипотека, бирор буюм харид қилиш учун ёки бошқа мақсадда кредит оладиган бўлсангиз, ушбу кредит фоизлари ҳозиргига нисбатан ошиб боради. Ставканинг ошиши ҳозиргача олинган кредитларга таъсир қиладими ёки йўқми, бу ҳақида ҳали маълумот берилмади ва менимча, яқин кунларда тижорат банклари орқали буни билиб олсак керак.

- Бошқа томондан бу омонат фоизларининг ошишига хизмат қилади. Сиз ўз омонатингизни банкка қўйган тақдирда, банк сизга маълум бир фоиз ва қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб фоиз қўшиб беради.

- Кейин, бу давлат олдида турли хил қарзи бор шахсларга таъсир қилади. Масалан, сиз жарима ёки бир неча йилдан қолиб келаётган банк ёки давлат олдидаги қарзингизни тўламоқчисиз, кечиктирилган муддатга қайта молиялаштириш ставкаси фоизлари умумий сумманинг устига қўшилади.

- Бизда қонунчиликни билмадиму, кўплаб давлатларда, масалан Қозоғистонда агар иш берувчи ходимнинг маошини кечиктирса, унга қайта молиялаштириш фоизларини ҳам қўшиб тўлаши керак бўлади. Бу борада бирор ҳуқуқшуносликни яхши биладиган ҳамюртимиз маълумот берса, ташаккур изҳор этардим.

- Бу омонат фоизлари ошгандан сўнг аҳолини ўз пулини банкларда сақлашга чорлаши мумкин. Эндиликда, сиз банкда омонат сақлаб, ҳеч бўлмаганда йиллик 14 фоиз даромад олиш кафолатига эга бўласиз. Ҳозирда фуқароларимиз асосан ўз пулларини АҚШ долларида сақлаб турадилар ва катта миқдордаги пул қора бозор орқали ёки иккиламчи иқтисодиётда айланади. Агар банклар кафолат берса ва эркин конвертация эвазига АҚШ долларининг курси стабиллашса бу аҳолининг ўз пулини банкларга қўйишга чорлаши мумкин. 

Мамлакатдаги банклар орқали маблағларнинг айланиши банк тизимининг ривожланишига, банк хизматлари яхшиланишига олиб келади ва бундан умумий тарзда мамлакат иқтисодиёти ютади.

Хулоса қиладиган бўлсак, бу биз учун қилиниши керак бўлган қадам эди ва эндиликда Марказий Банк муаммони тан олиб, ҳаракатларни бошлаб юборди. Умид қиламизки, бу мамлакат иқтисодиёти, инфляциянинг пасайиши, сўмнинг қурби ошиши учун ижобий роль ўйнайди.

Агар бу борада қўшимча маълумот бера оладиганлар бўлса, шарҳларда маълумотларингизни кутиб қоламан.

Wikipediaдаги маълумотлар асосида қайта молиялаштириш ставкаларини бир оз солиштириб чиқдим:

  • - АҚШ: 0.75 %
  • - Европа Иттифоқи: 0.00 %
  • - Россия: 10 %
  • - Дания: -0.5 %
  • - Япония: -0.1 %
  • - Украина: 12.5 %
  • - Белоруссия: 13 %
  • - Узбекистон: 14 %

Фируз Аллаев, блогер

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан