Энергия ва газ ҳисоби тизимини жорий этиш бўйича комиссия ташкил этилди

28.06.2017 | Ўзбекистон | 2375

Ўзбекистон Президенти ШАвкат Мирзиёев 27 июнь куни мамлакатда электр энергияси ва табиий газ ҳисобини юритиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш юзасидан ишчи комиссиясини тузиш кўзда тутилган фармойишни имзолади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилик қиладиган ишчи комиссияга илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда умумий тизимга бирлаштирилган автоматлаштирилган тизимлар ва ускуналар ҳисобини юритиш бўйича ягона норматив-техник талаблар, давлат стандартларини тасдиқлаш юзасидан таклифларни тайёрлаш вазифаси топширилди.

Ўрганишлар натижалари асосида Ўзбекистонда автоматлаштирилган тизимларни жорий этишнинг асосланган концепцияси ишлаб чиқилиши лозим. Чет эл ҳамкорларини жалб этган ҳолда электр энергияси ва газ ҳисобини юритувчи замонавий электрон ускуналар, улар учун тегишли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш белгиланди.

Автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш бўйича лойиҳаларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва молиявий маблағларни жалб қилиш режалаштирилган. Жумладан, транспорт-логистика хизматлари, радио ва мобиль алоқа хизматларини такомиллаштириш ҳисобидан мамлакатда автоматлаштирилган тизимларнинг самарали фаолияти учун зарур бўлган инфратузилмаларни ривожлантириш лозим.

Автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш бўйича катта тажрибага эга етакчи хориж компаниялар билан музокаралар олиб бориш, шу каби тизимларни жорий этиш бўйича илғор тажрибалар, қонунчилик амалиётини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мутахассисларининг чет эл сафарларини ташкил этиш режалаштирилган.

Президент девонига икки ой муддат ичида белгиланган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган аниқ таклифлар ва норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳалари киритилиши лозим.