Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






GM Uzbekistan автомобилларининг нархлари долларга боғланганлиги расман тушунтириб берилди
29.06.2017 17:19,  
47

GM Uzbekistan компаниясининг Жамоатчилик билан алоқалар хизмати сўнгги вақтларда ОАВларда эълон қилинган танқидий ва таҳлилий материалларнинг «энг долзарб масалаларига очиқлик киритиш»га қарор қилди. Компания баёноти унинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинди.

1. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар нархини АҚШ долларига боғлаш иқтисодиёт субъектлари томонидан кенг қўлланилиб келинаётган амалиёт бўлиб, кўпчилик учун янгилик эмас. Масалан, миллий авиакомпания, мобил алоқа операторлари, интернет провайдерлари, туристик фирмалар ўз товар ва хизматлари учун тарифларини эркин конвертациядаги хорижий валютада, АҚШ доллари ёки Еврода белгилайдилар. Тўловлар Марказий банкнинг тўлов санасидаги расмий курси асосида миллий валютада амалга оширилади. 

Шу билан бирга таъкидлаб ўтиш жоизки, автомобиль учун олдиндан тўловнинг минимал миқдори (85%) амалга оширилгандан кейин тўловнинг қолган қисмига валюта курси ўзгариши таъсир қилмайди ва автомобиль учун тўлов шартнома тузилган кундаги курс асосида амалга оширилади, яъни автомобиль нархи ўзгармайди. 

2. Автомобиллар нархлари авваламбор ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган ҳаражатлардан, давр ҳаражатлари, молиявий фаолият бўйича ҳаражатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳаражатлар, шунингдек автомобилларнинг минимал рентабеллигининг мувофиқлаштирилган даражасидан келиб чиқиб шаклланади.

Нархларни асослашда ҳамда автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш давомида пайдо бўладиган ҳаражатларини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилинади.

Шу билан бирга, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан табиий монополия субъекти бўлган GM Uzbekistan фаолияти устидан, хусусан автомобиль нархини белгилаш ҳамда нархларни келишилган меъёрларини қўллаш тартибига риоя этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ давлат назорати амалга оширилади.

3. Автомобилсозлик – бу катта миқдордаги молиявий маблағ, вақт, техник салоҳият ва бошқа ресурсларни талаб қилувчи кўп ўлчовли жараёндир. Жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчилари тажрибаси шуни кўрсатадики, хомашёдан то тайёр маҳсулот, яъни автомобиль ишлаб чиқарилишигача ўртача 3 ойдан 6 ойгача вақт талаб қилинади. Эътиборли жиҳати шуки, Ўзбекистон асосий денгиз маршрутларидан узоқда жойлашган ҳудудлар сирасига киради. Ўзбекистон автомобиль саноати умумжаҳон автомобилсозлик тизимининг узвий бир қисмига айланган бўлиб, ҳозирги кунда автомобиль ишлаб чиқариш учун керак бўлган муайян турдаги хомашё ва бутловчи қисмлар дунёнинг деярли барча қитъаларида жойлашган 20дан ортиқ мамлакатлардан олиб келинади. Улар сирасига Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Италия, Мексика, Бразилия, Россия, Польша ва бошқа кўплаб давлатлар киради. 

Ушбу омиллардан келиб чиқиб, тайёр автомобилни етказиб бериш муддатлари белгиланади ва ўртача 3 ой вақт талаб килади. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва нормативлари, логистика ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда GM Uzbekistan томонидан автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатларни қисқартириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ва шунинг учун икки ойлик ишлаб чиқариш ҳажмидаги автомобилларга шартнома тузилиб келинмоқда. 

Албатта, корхона омборларида бир неча ойларга етадиган даражада бутловчи қисмларни олиб келиб сақлаш ҳам мумкин. Бироқ, бу ўз навбатида молиявий маблағларни катта миқдорда “музлатилишига” ва автомобиль таннархини ошиб кетишига олиб келади. Баъзи ҳолларда бундай сақланган материаллар сифати бузилиши ва яроқсиз ҳолга келиши хавфи бор. 

Шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш, молиявий ҳаражатларни камайтириш ва автомобиль таннархини меъёрий савияда ушлаб туришни таъминлаш мақсадида корхона омборларида ишлаб чиқариш режасига асосан керак бўладиган минимал миқдордаги хомашё ва бутловчи қисмлар сақланади. 

Етказиб бериш муддатларини қисқартриш мақсадида ойлик равишда шартнома тузиш тизими тадбиқ қилинди ва натижада серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар етказиш бериш максимал муддати 60 иш куни деб белгиланди (“Каптива”, “Малибу”, “Орландо” автомобиллари бўйича етказиб бериш муддатлари 90 иш кунини ташкил этади). Бу тизимни тадбиқ қилишнинг асосий мақсадларидан бири, харидорларни бир неча ойлаб ўз автомобилларини етказиб берилишини кутиш ва автомобиль нархи ўзгарганда қўшимча тўловларни амалга ошириш натижасида вужудга келадиган эътирозларни ҳамда ушбу ҳолатдан баъзи бир шаҳслар томонидан спекулятив равишда ғараз мақсадларда фойдаланишни олдини олишдан иборат. 

4. Автомобиль таннархини камайтиришда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнлари муҳим ўрин тутади ва бу борада кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиб, йилдан йилга маҳаллийлаштириш даражаси ошиб бормоқда. 
Бугунги кунга келиб, маҳаллийлаштириш дастурини ҳисобга олган ҳолда жами 160дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бунинг натижасида айрим моделлар бўйича маҳаллийлаштириш даражаси 70-75%гача етди. 

Шу билан бирга, баъзи бир турдаги бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш умумий ишлаб чиқариш ҳажмлари камида 500 минг дона автомобилга етганда самарали амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, темир, алюминий, полимерлар, цилиндрлар блоки, трансмиссия, тезлик узатиш қутиси, автомобиль ички компьютерлари каби баъзи хом ашё ва бутловчи материаллар ҳозирги кунда чет элдан импорт қилинмоқда. 

Компания хабарида қайд этилишича, юқорида келтирилган ва шу каби бошқа саволларни батафсилроқ ёритиш мақсадида GM Uzbekistan томонидан ОАВ вакиллари учун автомобилсозлик тармоғи корхоналарига матбуот сафари уюштирилиши режалаштирилмоқда. Ушбу ташриф давомида журналистлар нафақат ишлаб чиқариш жараёнлари, балки савдо тизиминда амалга оширилган янги ташаббуслар билан бевосита таништирилади ва ўртага ташланадиган саволларга тўлиқ ва батафсил маълумот берилади. Ушбу ташаббус жорий йилнинг 5 июлида Асака автомобиль заводида уюштирилади ва натижалари кенг оммага етказилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан