Батарейкасиз ишлайдиган телефон яратилди

30.06.2017 | Ўзбекистон | 2757

Дунёдаги илк аккумуляторсиз телефон прототипи тақдим этилди. У қувватни тўғридан-тўғри ҳаводан олади, деб ёзади Terabayt сайти.

Прототип яратувчиси – Сиэтлдаги Вашингтон университети муҳандиси Вамси Талла асосий қисмларини қурилманинг ўзидан алоҳида жойлаштирди. Масалан, рақамли станция уяли алоқа тармоғига Skype ёрдамида боғланади. Телефон станциядан сигналларни қабул қилади ва уларни электр энергиясига айлантиради.

Ушбу усул қурилманинг станциядан 15 метргача узоқликда ишлашига имкон яратиб берди. Аммо бу ҳали бошланиши, муҳандисларнинг бу борадаги режалари катта. Жумладан, телефон минорасига ўрнатилувчи Wi-Fi-роутер ёрдамида телефон ва станция ўртасидаги масофани 1 километргача узайтириш мумкин бўлади. Бу ҳали бошланиши…

Талланинг сўзларига кўра, бундай телефоннинг оммавий ишлаб чиқарилишига ҳали анча бор. Ҳозирги прототип ўта оддий: унинг сенсорли рақамли панели ҳамда миттигина LED-дисплейи бор, холос. Тегишли клавишни босганда дисплей ёрқинлашади. Катта сенсор экран учун эса 400 милливатт атрофида қувват керак бўлади, бу эса ҳозирда Талла ишлатаётган телефон қувватидан юз минг карра кўпдир.