Ўзбекистон Хотин-қизлар раиси: аксарият оилалар арзимас сабаблар туфайли ажрашган

04.07.2017 | Жамият | 2616

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева мамлакатда сўнгги йилларда кузатилаётган ажримларнинг асосий сабабларига тўхталиб ўтди.

 

Ўзбекистон республикаси бош вазир ўринбосари Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, ёшлар асосан — уй-жой етишмаслиги, оилавий ҳаётга тайёр эмаслик ва ишга жойлашиш сингари муаммоларга дуч келишмоқда.

"Биз йўл қўяётган хатолардан бири — бу турмуш ва оилавий ҳаёт тўғрисида, фақат балоғат ёшига етканимиздан кейин гапиришни бошлаймиз. Оилага — болаликдан, боғча ёшидан, мактаб давридан тайёрлаб бориш керак", — деб айтган Норбоева халқаро пресс-клуб йиғилишида сўзлаган нутқи давомида.

Норбоева, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 30 июнда "Камолот" ЁИҲ қурултойида ажримлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтганини қайд этган ва президент ҳам ёшлар орасида ажримлар юқорилигини таассуф билан тилга олганини қўшимча қилган.

"Қизларимизнинг аксарияти ЗАГСга ариза ташлагандан кейин пазандалик ва шунга ўхшаш курсларга қатнашни бошлашади. Бундай ишларни олдинроқ бошлаш керак. Биз бутун республика бўйлаб ажрим ҳолатларини ўрганиб чиқдик ва оилаларнинг ярмини сақлаб қолса бўларди, деган қарорга келдик. Аксарият оилалар арзимас сабаблар туфайли ажрашиб кетган", — деб айтган Норбоева.

Бош вазир ўринбосари, шунингдек, бир уйда икки-учталаб оилалар истиқомат қиладиган ҳолатлар ҳам учраётганини қайд этган. Хотин-қизлар раисининг сўзларига кўра, бу сингари ҳолатлар ҳам ёшлар ҳаётини мураккаблаштиради ва жуфтликни ажрашишга олиб келади.

Ўзбекистонда арзон уйлар қурилиши дастури ёш оилаларнинг ўз уйига кўчиш масаласини ҳал қилишга қаратилган, деб айтган Танзила Норбоева.

"Яна бир масала ёшларнинг ишга жойлашуви билан боғлиқ. Бу ҳам ажримга етакловчи сабаблар қаторига киради. Айни вақтда мамлакатда тадбикорлик соҳасига кенг эътибор қаратилаётгани, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинаётган дастурлар, ўйлайманки, маълум вақтдан сўнг ўз мевасини беришни бошлайди", — қўшимча қилган Норбоева.