Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сеул мэридан тавсиялар: пиёдалар учун шаҳар, рақамли кабинет ва бошқалар
4.07.2017 19:04,  
7

Тошкентга ташрифи доирасида Сеул мэри Пак Вон Сун оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказди, деб хабар беради "Жаҳон" ахборот агентлиги.

Агентлик мухбири Шаҳриёр Турғунбоев Сеул шаҳри раҳбарининг журналистлар билан мулоқоти чоғидаги муҳим ва қизиқарли фикрларини келтирди.

Пиёдалар учун шаҳар

Шаҳарлар ривожланиб борар экан, транспорт воситалари борган сари муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шу боис Жанубий Кореяда мэрлар транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратишади, —дейди Сеул мэри. –Лекин менинг маъмуриятим диққат марказида энг аввало инсон ва унинг ҳаёти туради. Шунинг учун биз Сеулни пиёдалар учун шаҳарга айлантирмоқдамиз. Менинг ташаббусим билан яқинда собиқ автомагистрал ўрнида жамоат парки бунёд этилди. Бундай масканлар бизнинг келажагимиз деб ҳисоблайман. Бугунги кунда бутун дунёда мана шундай тамойил кузатилмоқда.

Тошкентда ҳам пиёдалар учун экологик тоза кўча ва парклар, велосипед йўлкалари яратишга эътибор қаратишни тавсия қилган бўлардим. Бундай тадбирлар атмосферага зарарли чиқиндилар ажралиши ва энергия сарфини камайтиради.

Транспорт тизими қандай бўлади?

Пиёдалар учун қулай шароитлар яратиш транспорт соҳасини қўллаб-қувватлаш қисқаришини англатмайди. Маъмуриятимиз жамоат транспортини, биринчи навбатда метрополитенни ривожлантириш устида ишламоқда. Режамизга кўра, ҳар бир фуқаро қаерда истиқомат қилмасин, уйидан энг яқин метро бекатига 10 дақиқа ичида етиб бориши керак. Бу эса аҳолининг экологик тоза жамоат транспортлари фойдасига шахсий автомобиллардан воз кечишига олиб келади.

Тошкентда ҳам худди шунга ўхшаш тажрибани татбиқ этиш орқали шахсий автомобиллар сонини камайтириш ва уларнинг шаҳар марказига киришини чеклаш мумкин. Шу билан бир вақтда жамоат транспорти сонини ошириш ва уларнинг оралиқ вақтини қисқартириш даркор.

IT-технологиялар ва шаҳарни бошқариш

Муниципал бошқарувда шаҳар ҳокимининг аҳоли билан мулоқоти энг муҳим омил ҳисобланади. Бизнинг ишимизда муаммо ёки келишмовчиликлар кўп учрайди. Лекин буларнинг барини халқ билан мулоқот қилиш ва муроса орқали ҳал қилиш мумкин. Менинг жамоам шаҳарни бошқариш бўйича Live Seoul деб номланувчи замонавий интерактив тизим ва "Мэрнинг рақамли кабинети"ни ишлаб чиқди. Ушбу технологияни жорий этиш учун икки йил талаб қилинди. Шу билан бирга, ҳар қандай янги технология ҳам фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўрнини боса олмайди.

Менимча, Тошкентда ҳам аҳоли билан мулоқот қилишнинг мана шундай hi-tech механизмларини яратиш мумкин. Сеул бу йўналишда ёрдам беришга ҳамиша тайёр.

Ўзбекистондаги этник корейслар ҳақида

Корейслар мураккаб вақтларда Марказий Осиё мамлакатларига кўчириб келтирилган. Шуниси қувончлики, улар Ўзбекистонда ўзларининг иккинчи ватанларини топдилар. Корейсларни ўз яқинлари каби қабул қилгани учун халқингизга миннатдорлик билдираман. Сизлар туфайли корейслар ўзбек жамиятининг тўлақонли аъзоларига айланишди.

Ёшлар – келажагимиз

Мен ўзбек ёшлари вакиллари билан учрашишга муяссар бўлдим. Уларнинг ўз орзу, мақсад ва ҳаётга шахсий қарашлари борлиги мени қувонтирди. Улар ўз эзгу режаларини амалга ошириш йўлида чарчоқ билмай меҳнат қилмоқдалар.

Ёшлар келажагимиз эканлиги боис Сеул маъмурияти ўсиб келаётган авлод сифатли таълим олиши, жумладан, хорижий тилларни ўрганиши, муносиб иш топиши, ўз бизнесини ташкил этишида ҳар томонлама ёрдам беради.

Жанубий Корея пойтахти Сеул мегаполис бўлиб, аҳолиси 10 миллиондан ошади.

2006 йилда Сеул ва Тошкент ўртасида Дўстлик келишуви имзоланган, 2010 йилда эса биродарлашган шаҳарларга айланишган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан