Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Эмас осон бу майдон ичра турмоқ...»
5.07.2017 06:49,  
414

...Журналистлар ҳақида кўп гапиряпмиз: «Журналистларнинг аҳволи ундоқ», «Журналистларга муносабат бундоқ», «Газеталар унақа, кўрсатувлар бунақа»... Хўш, ўша журналистларнинг ўзи қанақа? Уларга ёқмаётган муносабатларга асл сабаб нима? Соҳанинг обрўсизланишига нима ва ё кимлар сабабчи?

Менинг фикрим шу: ҳаммасига журналистларнинг ўзлари сабабчи, ўзлари айбдор.
Ўзим анча вақтдан буён шу соҳада меҳнат қиламан, шунинг учун ҳам соҳанинг паст-баландларини, ошкора ва яширин томонларини нисбатан яхши биламан. Бугун бу мавзуни тўлиқ таҳлил қилмоқчи эмасман. Фақат бир-иккита оддий масалалар бўйича фикрларим бор, шуларнигина айтмоқчиман.

Эси бор одам қайсидир соҳага тааллуқли муаммолар сабабини энг аввало ўша соҳа вакилларидан: уларнинг ишга ва шу соҳага муносабатидан, билим даражасидан, ахлоқидан, юриш-туришидан, феъл-атворидан қидиради ва ўшанда ечим осонроқ топилади. Чунки илоҳий қонуният шундайки, одамларнинг охир-оқибати улар яшаётган жамият, мамлакат ёки давлат сиёсатларига қараб эмас, у бандаларнинг ниятлари, феъл-атворлари, ахлоқлари ва амалларига қараб белгиланади.

***

Рус адиби Чехов «Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи керак: ўзи ҳам, сўзи ҳам, кийиниши ҳам, одоби ҳам...», дея ҳақ гапни гапирган. Ҳамкасбларим хафа бўлмасинлар-у, бугун ўзбек журналистига айнан ана шу гўзаллик етишмайди! Гўзаллик деганда, айрим телебошловчи эркаклар хотинлардек бўяниб, ўзларига оро беришни ва ҳеббимлардек овоз майинлатишни-ю, кишининг ғашини келтирадиган даражадаги «артистизм»ни; айрим (десам ёлғон бўлади-ю, кўпчилик) телебошловчи аёллар худди ҳинду қабилалари овчиларига ўхшаб бўяниб-чапланиб, сочларини патак қилиб шишириб, ёйиб олишни, камига яланғоч оёқларини кўз-кўз қилишни тушунсалар керакки, бугун (бир-иккита телекўрсатувларни ҳисобга олмаганда) бирорта кўрсатувда телебошловчи ёки тележурналистнинг сипо, салобатли, кишида ҳурмат уйғотадиган имиджини кўрмайсиз. Сизга қанақа билмадим-у, «журналистка»ларнинг қип-қизил қилиб бўялган тирноқлари, лаблари-ю, елпиғичдек ясама киприкларини кўрганимдаёқ менинг ростмана кўнглим айнийди. Ким нима деса десин, лекин маҳалла хотинларининг тўй-зиёфатлар учун «яратадиган қиёфа»ларини эталон сифатида олиб, бутун мамлакат одамларининг дидини ўлдиришга бирорта журналистнинг ҳаққи йўқ! Журналистми – ўзига журналистга ўхшаб оро берсин, журналистга ўхшаб кийинсин, журналистга ўхшаб гапирсин! Кўрсатув иштирокчисининг шартта гапини бўлиб, боғдан келаётганга тоғдан келиб савол қўймасин! Жуда кўп ток-шоуларда иштирокчи бечора гапини гапириб олиш учун ҳалак бўлади, журналистман деганнинг тормози йўқ: шартта гапингизни оғзингиздан юлиб олади-да, бидир-бидир қилиб, сиз учун ҳам гапириб ташлайди...

Радиобошловчи аёл журналистлар ҳақида-ку гапириб ўтириш ҳам шарт эмас. Уларнинг аксарияти радио эшиттиришларда овозларига шундай тус беришадики, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов таъбирлари билан айтганда, «бошловчидан кўра кўпроқ, жазмани билан ёлғиз қолиб нозланаётган хонимчага ўхшашади».

Журналист қиёфаси масаласи босма ахборот воситалари ходимлари ўртасида бундан-да бешбаттар десам, ҳамкасбларим ранжимасинлар. Бу бор гап. Яна ўша тарз: аксарият аёл журналистларнинг юзида килолаб бўёқ, эгнида қоматининг бутун «деффект»ини ошкор қилиб турган, тор ва калта-култа либослар, сочлар патила... Энг ёмони, бу «мода» ёш танламас экан. Элликдан ўтганида «қиз бўламан» деб чиранаётган бир муҳаррир опа билан ўқув юртларидан биридаги ижодий учрашувда роса ўнғайсиз вазиятда қолганмиз. Опамизнинг қип-қизил лаб бўёқлари иссиқда эриб, лаблари атрофига суркалиб кетганидан оғизлари бир тарафга қийшайиб қолгандек кўринаётган экан, биз бехабар. Опа одоб-ахлоқ ҳақида насиҳатларини авж олдирганлари сари талаба қурмагурлар чапланган лабга қараб пиқир-пиқир кулишни авж олдиради, денг... Секин-секин бошланган кулгу бутун залга ёйилиб кетганди...

Журналистнинг либоси, қиёфаси унга салобат бағишлаши керак. Журналист ўзини тутиши билан атрофдагиларда ҳурмат уйғотиши керак. Айниқса, журналист қиз-аёлларнинг мақола ё кўрсатув тайёрлаш ёки интервью олиш учун бирор жойга борганларида либослари-ю ўзларини тутишлари билан атрофдагиларда енгилтакона хушомадга, енгилтакона муносабатга майл уйғотишлари бутун соҳа аёлларининг обрўсини тўкади.

***

Сиз қотирма ёқали кўйлакка муштумдек боғланган бўйинбоғ тақиб олишни қойиллатадиган, аммо гултувакка нос туфламасликка фаросати етмайдиган одамни кўрганмисиз?

Чой ичиладиган пиёладан ҳам пиёла ҳам кулдон сифатида фойдаланадиган одамни-чи?

Ўз иш столининг устини тартиблаштириб қўйишга ҳафсала қилмайдиган, лекин жамиятдаги тартиб-қоидалар устиворлиги ҳақида қўш-қўш мақолалар ёзадиган одамни-чи?

Одоб-ахлоқ ҳақида саҳифа-саҳифа мақолалар битадиган, аммо «мавриди келиб қолса», ахлоқсизликни «ижодкор эркалиги» деб номлаб олиб, кўнгил майлларига эрк беришдан уялмайдиган одамни кўрганмисиз?

Мақола матнидаги «Х» билан «Ҳ»нинг «думи» бор-йўқлигини кўзойнак тақиб текширадиган, лекин ўша мақолада ҳақиқат бор-йўқлиги билан иши бўлмайдиган муҳаррирни ҳеч учратганмисиз?
Ошкоралик ва демократия ҳақида анчайин чиройли нутқ ирод қиладиган, аммо танқидий мақолалардан (худди банги сувдан чўчигандек) чўчийдиган, ўта ҳушёр, ўта синчков, «обрў кетса ҳам каллам кетмасин» дейдиган муҳаррирларни-чи?

Ўзини «тўртинчи ҳокимият вакили» ҳисоблайдиган, лекин обуна мавсумида ҳокимиятлар ялтоқисига айланиб кетадиган, ҳоким бувалар, амалдорлар қаршисида «хизматга шай» қўл қовуштириб турадиган муҳаррирларни кўрганмисиз?.. Бўлди, давом эттирмайман. Бунақаларни ва бундан бешбаттарларни исталган туман, шаҳар, вилоят ва ёки исталган тармоқ газета ва журнал таҳририятларида учратасиз.

***

Менга қолса, мажбурий обунани - маданий талончилик, деган бўлардим. Бюджет ташкилотларида ишлайдиган фуқароларнинг зўравон газеталар олдидаги айби, гуноҳи нима? Нима учун улар ўзларига маънан наф келтирмайдиган, халқ учун ярим бетгина ҳақиқатни ёзолмайдиган, фақат мақтовлар ва мажлис баённомаларидан иборат газеталарга мажбуран обуна бўлишлари керак? Айни шу мажбурий обуна журналистларнинг қолган обрўсини ҳам тўкиб бўлмадими?!

Яқинда бўлган бир воқеани айтиб берай: коллежлардан бирида директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган дугонамнинг олдига иш билан боргандим. Котиба қиз кимлигимни сўраганди, «дугонасиман» дейиш ноқулай туюлиб, «газетаданман» дедим. Бирпасдан кейин дугонам ташқаридан қабулхона эшиги олдига келиб, ўзини сал панага олди-да, ичкарига секин мўралади. Мени кўриб қолиб, шошиб қўл силтаб, ташқарига имлади. Ҳайрон бўлдим. Чиқишим билан у мени қўлимдан судрагудек бўлди:

- Юр, ўртоқ, ташқарида гаплашайлик. Фақат хафа бўлмагин... Газетадан биттаси келганмиш. Ҳозир мени тутиб олса, обуна деб жонимни ҳиқилдоғимга келтиради... Ўзи режани бажаролмай, ҳокимиятдагилардан гап эшитиб, бўларимиз бўлиб юрибмиз. Яна битта ғалвага тоқатим йўқ! Шу газитчи мени кўрмай қўя қолсин. Қочдик!..

Аввалига мен қанақа ноқулай ҳолга тушган бўлсам, «ўша газитчи» мен эканимни эшитган дугонам ҳам шунақа аҳволга тушди. Хижолат бўлиб, узр сўраркан, айни масалада ўзининг таъбири билан айтганда «юрагида йиринг боғлаб ётган» дард-ҳасратларини тўкиб солди. Мен уларни сизга дастурхон қилмайман. Роса қизиқсангиз, исталган ўқув юрти раҳбарларидан айни обуна масаласида сўраб кўринг – ҳаммасининг дарди бир, бу масалада ҳаммасининг ҳасратидан чанг чиқади.

- Мен битта редактирга гапнинг ўғил боласини гапирдим, - дейди дугонам. – Газити икки пулга қиммат! Ҳокимиятдан қўнғироқ қилдиравергани учун режанинг эллик фоизини бажариб бергандим. Яна келибди. Газитини юзига қараб улоқтирдим. Битта сонда ҳеч бўлмаса битта ўқишли мақола чоп этиб қўй, ана ундан кейин биздан обуна талаб қил, дедим. Ўзи шунақа газитларга-чи, ўқитувчилар оғриниб, қарғаниб обуна бўлади...

Бу ҳақиқатлардан юрагим симиллаб оғриб кетди.

Э, қарғаниб, оғриниб берилган пулларга тирикчилик қилгандан, «газетамиз фалон минг тиражда чиқади» деб кўкрак кериб юргандан кўра, бозорда даллоллик қилганингиз тузук эмасми, жаноб муҳаррирлар?! Қачонгача журналистикани, журналистларни беобрў қиласиз? Ҳақиқий журналист бўлиш қўлингиздан келмаса, яхшиси, обуначиларга газета ўрнига ўша газетага кетадиган қоғозларни оппоқ ҳолича тарқатиб беринг: қоғозга ҳеч нарса ёзманг, уни увол қилманг, обуначиларни алдаманг... Бунга ҳаққингиз йўқ!

***

Журналист танлов учун ёзса, мақтов учун ёзса, буюртма мақолалар ёзса, бирор муаммонинг ечимини топиш учун эмас, танқид қилиш учунгина танқид қилса... Обуначи йил бўйи қайси бир журналистнинг танлов учун ёзган мақолаларини ўқишга мажбур бўлса... Бу соҳага обрў қайдан келсин!
Менга қолса, журналистларга беш-ўн кишилик ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига қараб «Олтин қалам» бериш ёки уларни йилнинг энг яхши журналисти деб тан олиш шарт эмас. Журналистларга «Халққа кўрсатган хизматлари учун», «Халқ манфаати йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун», «Ҳақиқат учун кураш йўлидаги қаҳрамонлиги учун» сингари унвонлар жорий этилса-да, ана, бундай унвонга лойиқларни халқнинг ўзи танласа... Журналистлар ҳам танловларда танланиш учун эмас, виждонан ёзса... Фақат ёзганлари учун эмас, ёзганларининг натижаси туфайли обрў-эътибор топса... Муҳаррирлар мақолалардан мақтов эмас, ҳақиқат қидирса... Бу соҳага ёниб кириб келганлар тутаб чиқиб кетмаса... Журналист сўзининг залвори ва таъсири ҳокимларникидан, мансабдорларникидан кам бўлмаса... Булар ҳозирча орзу, холос.

***

Зиёлининг бир-бирига ҳасад қилиши, бир-бирини кўролмаслиги жуда хунук бўлади. Журналистларнинг бир-бирларини қўллаш ўрнига бир-бировларига тош отиб юришлари эса хунукдан-да хунук ҳолат (ва лекин бугунги кунда одатий ҳолат). Беобрўликнинг бош сабабларидан бири ҳам балки шудир. Фикрларимдан ҳайрон ҳам қолманг, қойил ҳам қолманг, хафа ҳам бўлманг. Мен оддий ҳаётий ҳақиқатларни, ҳақиқат бўлганда ҳам ўз кўзларим билан кўрган, ўз бошимдан ўтказган ҳақиқатларни айтяпман, холос.

Мабодо бирор газета танқидий-таҳлилий мақолалари, фелъетонлари билан эл оғзига тушаётган бўлса, обрў-эътибор топаётган бўлса, тиражи (мажбурий обунасиз) ортаётган бўлса, таҳририят ходимларининг ижтимоий таъминоти ҳам ҳавас қилгудек бўлса, бу ютуқлардан қувонадиган бошқа журналистлар ва ёки таҳририятлар кам бўлади. Қувонмагани, елкадош бўлиб турмагани ҳам гўрга, ёмонлик қилмаса бўлгани, «болтанинг сопи» ўзимиздан чиқмаса бўлгани, деб қоласиз.

2012 йилда адабиётдаги ахлоқсизликлар тасвири борасидаги фелъетоним туфайли баъзи муаллифлар билан судлашишга тўғри келганди. «Қойил қилдингиз», «Бопладингиз», «Ҳақиқатни ёздингиз» дея ҳайбаракалла қилаётган журналистлар-у, менман деган редакторлар суд жараёни бошланиши биланоқ эшикларини маҳкамроқ ёпиб олишганди ўшанда. Товушларини чиқармай, писиб ўтиришган, гўё мен айбдор деб топилсам, бутун республика журналистларини биров Гаага судига тортиб юборадигандек! Худога шукр, ҳақиқатни ёқлашдан қўрқмайдиган муштарийларимиз бор экан, охиригача ўшалар елкама-елка туришганди...

Орадан бироз вақт ўтиб (бу судлашувга мутлақо алоқаси бўлмаган сабаблар туфайли) газетамиз ёпиб юборилганди. Гап ҳозир мутлақо бу ҳақида эмас. Гап – айни шунақа вазиятларда ноҳақ азият чекиб қолган газеталарга бошқа таҳририятлар ва журналистларнинг муносабати қандай бўлиши ҳақида.
- Баттар бўлишсин! Ўзи танқидни жуда кўпайтириб юборишганди...
- Баттар бўлишсин, жа тиллари узайиб кетганди...
- Ажаб бўпти! Фелъетон ёзаверса, охири шунақа бўлади...
Биз ҳамкасбларимиздан бундан ортиқ «таскин» эшитмаганмиз ўшанда. Камига, менинг устимдан «керакли жойлар»га гажакдор имзолар қўйилган аризалар ҳам йўллашганди: «...Бу муҳаррирнинг дадил чиқишлари ортида бошқа гап бўлса керак, деган фикрдамиз... Эҳтимол, ортида бошқа кучлар бордир... Фаолияти тўлиқ текширилмади...». Йўқ, текширилган эди. Айб топилмаган эди.
Орада, бошимизга тушган ишлар бошқа журналистларнинг ҳам бошига тушганида, уларга нисбатан ҳам айни бўҳтонлар, ҳамкасблар томонидан айни хунук муносабатлар такрорланганига ҳам гувоҳ бўлдик. Яъни, зиёлининг ҳасадидан жабр кўраётган зиёли кўп.
Мана, бир неча йил ўтиб, юртбошимизнинг қўлловлари билан фаолиятимиз яна тикланди, Худога шукр.
- Ҳали олдингидан ҳам зўр газета чиқарасизлар, бунга ишонамиз...
- Қаламингиз ўткир, журналистикамизнинг қаддини тиклашда сизлардақа ҳамкасблар керак бизга...
Энди бошқача сайраётган ўша ҳамкасбларимизнинг бу «эътироф»лари кўнгилга тошдек тегади. Биламан, одамзот бор экан, бу иллат бор. Лекин жамиятларни иллатлардан тозалашга масъул бўлган журналистларда бунақа иллатнинг мавжудлигини кечириб бўлмайди. Агар бундан кўз юмилса, зарари жамиятга тегади (тегяпти ҳам).

Гоҳида таскин бераркан, «куюнманг, гадонинг душмани гадо бўлади», дейишади. Эҳтимол...
Гадонинг гадога душман бўлишидан атрофга, жамиятга зиён йўқдир балки. Лекин журналистнинг журналистга нисбатан гадонинг гадога қиладиган муносабатини тадбиқ этишини мен қабул қилолмайман. Чунки мен гадо эмасман! Мен журналистман. Менинг халқ олдида бурчим бор. Бўйнимда катта масъулият бор. Айрим ҳамкасбларимнинг душманчилигини, ҳасадини, кўролмаслик жабрини тортишдан бошқа зарурроқ вазифаларим бор.

Шунинг учун, ҳамкасбларимга (юқоридаги аччиқ сўзлар учун узр сўраб) демоқчиманки, эскича ҳаёт тарзингизни, (ҳеч кимга фойда бермайдиган) эскича иш услубингизни, эскича одатларингизни ташланг. Энди ҳақиқат йўлида елкама-елка турайлик. Бир-биримизни ҳар жиҳатдан қўллайлик. Журналистикамизнинг обрўсини тиклашга ҳаракат қилайлик.

Матбуотни, журналистикани халқ билан ҳукумат ўртасидаги кўприкка ўхшатилади. Лекин бизнинг матбуот ҳозиргача кўприк эмас, сохта томошалар кўрсатиладиган саҳна бўлиб келди. Ҳозиргача журналистларнинг ҳар қандай ёлғонларига эътироз қилмай келган шу андишали халқимиз ҳурмати, агар ишингизни эплолмасангиз, жойингизни лойиқларга бўшатиб беринг. Чунки халқимизнинг бугун тоза журналистикага, асл журналистларга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эҳтиёжи бор. Халқимизга ҳақиқий журналистлар керак... Жуда керак!

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан