АҚШнинг Шимолий Дакота штатида ҳиндуларнинг норозилик намойишлари давом этмоқда

22.11.2016 | Жаҳон | 434

Шимолий Дакота штатида янги нефть қувурлари қурилишига қарши норозилик намойишлари яна кучая бошлади, дея хабар бермоқда Al Jazeera телеканали.

Якшанба куни «Беквотер Бриж» кўпригига 400 дан ортиқ одам йиғилган. Намойишчилардан бир киши ҳибсга олинган. Полиция намойишни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув замбаракларидан фойдалангани айтилмоқда. Мортон графлиги Шериф идораси маълум қилишича, намойишчилар полиция қўйган тўсиқларни бузишга ҳаракат қилишган.

Маҳаллий аҳоли фикрича, янги нефть қувурлари ўрнатилиши сув манбаларини хавф остига қўяди. Бундан ташқари, қувурлар маҳаллий ҳинду қабилаларига қарашли «муқаддас ерлар»дан ўтади. Полиция намойишчиларнинг кўприкни кесиб ўтишига қаршилик қилган. Шерифф идораси маълум қилишича, намойишчиларнинг хатти-ҳаркатлари тожовузкор руҳда бўлган.

Воқеа гувоҳлари хабар беришича, полиция намойишчиларга қарата муз ва резина ўқлар билан жавоб қайтарган. Натижада намойишчилардан бир қанчаси жароҳат олгани айтилмоқда. Аммо маҳаллий ҳокимият идоралари резина ўқлар ҳақидаги гапларни инкор этмоқда.

«Беквоте Бриж» кўприги октябрь ойи охирида намойишчилар томонидан иккита юк машинаси ёқиб юборилганидан сўнг ёпиб қўйилган эди. шимолий Дакота транспорт бошқамаси кўприккка намойишларда зарар етказилгани туфайли ёпилганини хабар қилган.

Бир неча ойдан буён ҳудудда жойлашган резервацияларда яшовчи маҳаллий ҳиндулар ва уларнинг тарафдорлари томонидан қиймати 3,7 миллиард доллар бўлган Дакота нефть қувурлари лойиҳасига қарши намойишлар ўтказилиб келинмоқда.

Маҳаллий аҳоли томонидан қаршиликка дуч келингани туфайли лойиҳа қувурлар қурилиши сентябрь ойида тўхтаб қолган. Лойиҳага кўра, нефть қувурлари Оаҳе кўли орқали ўтиши керак. Кўл яқининдаги резервацияда Стендинг Рок Сью қабиласи яшайди.