Ражаб Тоййиб Эрдўғон: Доналд Трампга қарши намойишлар демократияга ҳурматсизлик

24.11.2016 | Жаҳон | 672

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШда янги сайланган президентга қарши давом этаётган норозилик намойишларини қоралади, деб хабар бермоқда Анадолу хабар агентлиги.

«Трампга қарши Европа ва АҚШда қилинаётган қаршиликлар бари демократияга нисбатан ҳурматсизлик. Сайловга ишонадиганлар уни ҳурмат қилишлари керак. Агар ундай қила олишмаса, бу улар демократияни тушунмаслигини англатади, улар демократиягасабр қила олишмайди ва уни ҳурмат қилишмайди», – деб айтган Туркия раҳбари Исроилнинг Channel 2 телеканалига берган интервьюсида.

АҚШда 8 ноябрь куни бўлиб о;тган президент сайловлари натижаси эълон қилиниши ортидан, АҚШнинг турли шаҳарларида президент сайловига қарши намойишлар бошланиб кетган ва бир неча кун давом этган эди. Эрдўғон Трампни сайлов натижаси эълон қилинган кунда телефон орқали табриклаган.

Туркия раҳбари, шунингдек, Трампнинг мусулмонлар ҳақидаги юритажак сиёсати масаласига тўхталар экан, унинг сайловолди сўзларига ишонмаслигини таъкидлаган.

Сўнгги ойларда Туркия-АҚШ муносабатларига совуқчилик тушган. АҚШ ҳукумати Пенсилванияда яшовчи Туркия мухолифати Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилишни рад этган. Фатҳуллоҳ Гулен июль ойида Туркияда амалга оширишга уринилган, аммо амалга ошмай қолган ҳарбий давлат тўнтаришини уюштиришда айбланмоқда. Бундан ташқари, АҚШ ҳукуматининг Суриядаги исёнчи курд жангариларини қўллаб-қувватлаши Туркия билан муносабатлари бузилишига олиб келган.