Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев Эркин Воҳидовга ҳайкал ўрнатиш ҳақида фармон имзолади
7.12.2016 18:41,  
58

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Қарор матни ЎзА томонидан тақдим этилган.

Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятини инобатга олиб ҳамда шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ўн кун муддатда тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлашга доир тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин, унда:

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкалини яратиш ва уни белгиланган тартибда ўрнатиш;

Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;

республика театрларида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов асарлари асосидаги спектаклларни қайта саҳналаштириш;

2016 йил декабрь ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш тадбирлари назарда тутилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди тўғрисида туркум кўрсатувлар ҳамда радиоэшиттиришлар тайёрлаш, матбуотда мақолалар чоп этиш ва юбилей тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

ZiyoNET портали маълумотларига кўра, Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўқитувчилар оиласида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган (1955-1960 йиллар). Таҳсилни тамомлаганидан сўнг турли нашриётлар, газета ва журналлар таҳририятларида меҳнат қилган. «Ёшлик» журналининг илк бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатган (1982 йил). 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Илк шеърий тўплами «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. Шундан сўнг кўплаб янги тўпламлари дунё юзини кўрди. Эркин Воҳидов «Олтин девор», «Истанбул фожиаси» ва «Иккинчи тумор» пьесалари муаллифи ҳисобланади. Гётенинг «Фауст» трагедияси, Есенин, Твардовский, Блок, Иқбол, Ҳамзатов ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига ўгирган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан