XIX асрда туғилган энг сўнгги инсон 117 ёшни қаршилади

30.11.2016 | Жаҳон | 525

Дунёдаги энг кекса инсон ҳисобланган италиялик Эмма Морано кеча – 29 ноябрь куни 117 ёшга тўлди, дея хабар бермоқда Guardian нашри.

Уч асрни кўрган инсонларнинг энг сўнггиси сифатида тан олинган кекса аёл ўзининг узоқ яшаш сири ҳақида гапирар экан, шундай дейди: «Мен кунига икки дона тухум ва озгина ширинлик ейман. Шу холос. Ширинликни кўп ея олмайман, боиси тишларим йўқ».

Эмма Морано 1899 йилнинг 29 ноябрьида Италияда туғилган. Ҳозирда Италия шарқидаги Вербания шаҳрида истимоқат қилади. 117 ёшли аёл оилада 8 нафар фарзанднинг тўнғичи бўлган. Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Эмма Морано 2016 йилнинг 13 майидан бери дунёнинг энг кекса кишиси ҳисобланади.

Аёл уни зиёрат қилиш учун жуда кўп одамлар келишини айтади: «Одамлар келишади. Мен ҳеч кимни чақирмайман, аммо улар келаверишади. Америкадан, Швейтсариядан, Австриядан, Туриндан, Миландан… Ҳамма ердан мени кўришга келишади».

Айни дамда Эмма Морано 20 йилда буён икки хонали квартирасида ёлғиз яшайди. 1938 йилда ёшгина ўғлининг вафотидан сўнг, зўравон эрини ташлаб кетгач, қоп ишлаб чиқарадиган заводда ишлаган. Бир йилдан бери тўшакка михланиб қолган.