Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Балиқ эмас, қармоқ беринг ёки саховатнинг уволи
22.05.2020 20:04,  
1289

Очиғини айтаман, бу сўзларни анчадан бери ёзишга ботина олмай юргандим. Истардимки, мақола саховат ишларининг камайишига эмас, балки уларнинг янада самараси ортишига хизмат қилса.

Россия ҳудудида саховат лойиҳалари билан анча йиллардан бери фаоллик юритиб келаётган танишларим бор. Улар хайрия соҳасида узоқ йиллик тажриба ортириб, бир неча жамғармалар билан ҳамкорлик қилиб келадилар.

Тахминан беш йилларча олдин улардан бири катта қизиқиш билан ўз лойиҳалари ҳақида менга сўзлаб берганди, муҳтож оилаларга моддий кўмак таъминлайдиган шаффоф тизимни йўлга қўя олишган эди.  Ишларнинг юридик таъминоти кучли бўлгани сабабли давлат органлари томонидан жиддий эътирозлар бўлмас, маҳаллий маъмурият мутасаддиларидан эса фақат қўллов ва миннатдорчилик ёғилаётган эди.

2020 йилнинг бошида мен уни яна учратиб қолдим ва ундан хайрия ишлари қандай кетаётгани ҳақида сўрадим. У лойиҳалар тўхтамай, жадаллик билан давом этаётганини айтди. Лекин бу сафар унда кўтаринкилик кайфиятини сезмадим. Бир-икки саволимдан сўнг ўзи ёрилди:

“Биласанми, ўн беш йилдан ортиқ бу ишлар билан шуғулланиб, муҳим бир масалани кўздан қочирибмиз... Энг асосий эътиборимизни давлатнинг салбий назарига сабаб бўлмасликка, саховатчилардан кўпроқ маблағ тўплашга, шунингдек жонкуяр ходимлар ва кўнгиллилар (волонтёрлар) сафини кенгайтиришга қаратибмиз. Йиғилган ресурсларни муҳтож ва камбағал қатламига тезкорлик билан етказиб беришни асосий вазифа деб билган эдик ва уни ҳали ҳам уддалаяпмиз. Текширувлардан қўрқмаймиз, ҳомийлар билан алоқамиз яхши, муҳтожлар сони ҳам ўсиб боряпти...  Табиийки, муҳтожлар сони ўсиши ҳомийлар имкониятлари ва янгилари кўпайиши билан мутаносиб эмас.  

Яқинда ўйлаб кўрсак, давлатнинг бўйнида бўлган ижтимоий ҳимоя ишларининг катта қисмини бўйнимизга олиб қўйган эканмиз, шунинг учун ҳам бизга ҳеч қандай эътирозлар бўлмаган. Реал муаммоларни таҳлил қилиб қаралса маблағ, вақт, куч ва ташаббускорлик руҳияти каби қимматбаҳо заҳиранинг каттагина қисми қумга кўмилиб кетаётгани кўринди.  

Моддий кўмак олаётган оилалар домий мижозларимизга айланиши турсин уларнинг сони кўпайгандан кўпайиб кетяпти, бунда бу ёғига озаймайслиги тайин. Албатта кўмак топган инсон миқёсида қарасак улкан савоб иш бўлаётгандир ва янги хомий манбаларни ҳам топа олишимизга ишонаман, аммо нақадар бу ёндашув самарали? Биз кўпроқ натижага эришишимиз мумкин эмасмиди?...”

“...Хулосам шуки, биз тизимли муаммони тизимли хал қилишга зарурий аҳамият бермабмиз! Ижтимоий тангликнинг ўсишига қарши курашишда икки хил йўл бор, бири сиёсий фаолият, иккинчиси маърифий дастур-лойиҳалар. Сиёсий йўналишга киришиш ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам таҳликали кўринган ва бунинг учун бизда етарли журъат бўлмаган, тўғрироғи биз бунга имконият қидирмадик ҳам, ҳеч бўлмаса уч тўрт жонкуяр шахсларни депутатликка номзодларни қўллаш керак эди...

Албатта сиёсат ишларининг натижаси ҳам ноаниқ бўлиб қолаверади, аммо иккинчи йўналиш бор эдику: таълим, маърифий дастурлар! Афсуски, муҳтожликда ўсаётган ёшларнинг қанчасига ҳунар, билим ва замонавий фикрлашни ўргатадиган ўқув курсларни ташкил қилмадик, уларнинг ичидан энг иқтидорлиларини топиб, вақтини фан ва ихтиро ишларига бағишлай олиши учун оддийгина қўшимча стипендия тизимларини яратмадик!

Жуда олий ўқув юртичалик бўлмаса ҳам энг долзарб касблар йўналишлари: дастурлаш, лойиҳа менежерлари, техник касблар, фермерлик иши, тадбиркорлик  каби йўналишларда тайёрлай оладиган курсларни ташкил қилиш учун, маълум қийинчилик билан бўлса-да, етарли молиявий ва ташкилий ресурсларини топа олар эдик-ку! Натижада, нафақат оиласини моддий таъминлай оладиган, балки мустақил фикрлай оладиган, масъулиятли ва ташабускор шахслар етилишига шароит ясаган бўлар эдик; кўнгиллилар ва ҳатто ҳомийлар сафинини янада кенгайтириб, каттароқ кўламда хайрия ишларини юрита олар эдик. Одамларга балиқ тарқатибмиз-у, уларга қармоқ тутказишни ўйламабмиз...”

Ўйлайманки, дўстимнинг мана шу сўзлари – чуқур ва узоқни кўрадиган мулоҳаза қилиш учун етарли озуқа...

Мақола якунида яна бир тафсилотга эътибор берилишини сўрар эдим. Фейсбук саҳифаларнинг бирида молиявий муҳтож талабаларнинг контракт тўловларини қоплаб беришга тарғиб бўлаётганига кўзим тушди. Бу ўринда икки катта саволга жавоб топилгани маъқул: шу билим юрти ҳомийнинг пулига лойиқ билим, кўникмалар бера оладиган муассасами, йўқми? Шунингдек, талабанинг ўзида ўқишга мойиллиги, иқтидори борми ёки у қуруқ диплом учун давоматини тўлдириб келяптими?

Қармоқ берилиши муҳим, аммо у муносиб қўлларга тутказилиши керак. Зеро саховат заҳираларининг ҳам уволи бор.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан