Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ЙПХ инспекторини намойишкорона таҳқирлаган шахс озодликдан маҳрум этилди
12.11.2019 18:51,  
901

Шу йил 7 август куни туш пайтида Бухоро шаҳрининг «Марказий бозор» чорраҳасида хизмат фаолиятини олиб бораётган ЙПХ инспектори билан қоидабузар ҳайдовчи ўртасида содир бўлган жанжал охири суд муҳокамасигача етиб борди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Гап шундаки, сафдор З.Жўраев ўша куни гавжум чорраҳада йўл белгисига амал қилмасдан ҳаракатланган «Нексия» русумли, 80 Р 703 NА давлат рақамли автомашинани тўхтатиб, содир этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини билдирган.

Ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирмоқчи бўлиб, Бухоро шаҳрининг Қизилқум кўчасида яшовчи, 1969 йилда туғилган М.Ё.дан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни талаб қилиб олган. Шунда фуқаро М.Ё. ходимнинг қонуний талабини бажармасдан, ўзига тегишли бўлган ҳужжатларни тортиб олиб, автомашинасини ҳайдаб кетиб қолган. Орадан 5 дақиқа ўтгач, фуқаро М.Ё. ЙПХ инспектори олдига қайтиб келиб, куч ишлатиб, уни қўлидан тортиб, йўлнинг нариги томонига олиб ўтган.

Жанжал кўтариб, хизмат фаолиятини олиб бораётган ходимнинг кўкрак нишони, радиоалоқа воситаси ҳамда жезел таёғини тортиб олган. Ҳатто, эгнидаги хизмат кўйлагини йиртиб, фаолиятини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Ё.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатларига оид ҳужжатлар тегишли суд органига оширилганди. Яқинда Бухоро шаҳридаги 4-сон Ички ишлар бўлимида ташкил этилган сайёр суд мажлисида мазкур жиноят иши кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилди. Сайёр судда ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ видеолавҳа намойиш этилди.

Суд томонидан қилмишнинг жамият учун ижтимоий хавфи инобатга олингани ҳолда айбланувчи М.Ё.га нисбатан 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан