Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Фуқаролари билимли ҳукумат ўйлаб иш қилишга мажбур. Жоҳилларни эса бошқариш осон» ​
16.11.2019 11:36,  
636

Иқтисодчи ва социологлар инсонларнинг ўзаро муносабатини ўрганганда “Ўйинлар назарияси“ни кенг қўллашади. Ўйинлар назарияси орқали бир субъектнинг танлови аввалдан башорат қилиниши мумкин. Ҳар бир танлов иккинчи бир субъектнинг жавоб реакциясига боғлиқ бўлади. Бу ўйин стратегия ўйинидир.

Ана шундай ўйинлардан бири Ультиматум ўйинидир.

Унда бир иштирокчига, дейлик, 100 доллар берилади. Ва унга "бу пулни иккинчи бир иштирокчи билан бўлишасан," дейилади. Иккинчи одамга пулнинг қанчасини бериш биринчи иштирокчининг ихтиёрида, хоҳласа 100 доллардан 10 доллар, хоҳласа ярмини бериши, хоҳласа умуман бермаслиги мумкин. Аммо ўйиннинг бир шарти бор. Иккинчи иштирокчи биринчиси берган суммага рози бўлиб, қабул қилиши керак. Агар қабул қилмаса, ҳар икки иштирокчи пулдан мосуво бўлади. Биринчи иштирокчи имкон қадар камроқ беришни, иккинчиси эса кўпроқ олишни кўзлайди. Аммо бунинг ҳам чегараси бор. Биринчиси кам берса, иккинчи олмай қолиши, иккинчиси ортиқча талаб қилиб юборса, биринчиси бермай қўйиши мумкин.

Хуллас, биринчи иштирокчининг танлови иккинчининг реакциясига боғлиқ. Иштирокчиларнинг молиявий аҳволи, адолат туйғуси ва бир-бирини қанчалик билиши кўп нарсани ҳал қилади.

Мени ажаблантирган жиҳат шуки, тор доирадаги, чекланган томонлар қатнашган муносабатларда ҳар икки томон бир-бирига таъсир ўтказа олади. Адолатсизлик учун бир-бирини жазолайди.

Аммо...

Иштирокчилар сони кўпайиб боргани сари адолат туйғусининг таъсири камайиб, борига рози бўлиш кайфияти пайдо бўлади. Тасаввур қилинг, биринчи томон ҳукумат, иккинчи томон эса фуқаролар. Бу ерда иккинчи томоннинг биринчи томонга таъсири сустлашади. Давлат хазинаси қандай тақсимланиши, кимга қанча ҳуқуқ ёки имтиёз берилиши, ким қанча муддат ҳокимиятда қолиши масаласида миллионлаб одамларда ҳалиги икки кишининг иштироки каби муносабат пайдо бўлмайди.

Давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабат моҳиятан Ультиматум ўйинидагининг айни ўзи. Фарқи уларнинг сонида. “Кўпга келган тўй“ кўпинча адолат туйғусини бўшаштиради.

Яна бир жиҳати, иккинчи томон ҳақида кўпроқ маълумоти бўлган томон доим ютиб чиқади. Давлат фуқароларни, уларнинг кайфиятини яхши билади. Фуқаролар эса давлатни билмайди. Биладиган томон билмайдиган томоннинг реакциясини аввалдан кўради ва қарор қабул қилишда устунликка эга бўлади.

Фуқаролар бу ўйинда кучли бўлишлари учун иккинчи томонни яхши билишлари керак. Бу борада уларга яхши таълим ва сергак ОАВ ёрдам беради.

Хуллас, муддао шуки, биринчи томон яхши таълим ва сергак ОАВ иккинчи томонга хизмат қилишини яхши билади ва, табиийки, устунлигини бой беришига сабаб бўладиган бу воситалар кучайиб кетишини истамайди.

Ҳаёт ана шундай стратегик ўйиндан иборат, маънавият, ахлоқ каби нарсалар оилада ва тор доирадаги муносабатларда бўлиши мумкин. “Ҳақ олинур, берилмас“ (Беҳбудий) деган гап эса асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмайди. Куч билим ва хабардорликда.

Фуқаролари билимли ҳукумат ўйлаб иш қилишга мажбур. Жоҳилларни эса бошқариш осон.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан