"Бугун Чилонзор туманида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яхёжон Абдулхаков, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов ва унинг ўринбосари Икром Наримов ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида Қизил Шарқ мавзесидаги "Шовотландия" кафесига ўт қўйиш билан боғлиқ жиноятнинг муҳокамаси бўлиб ўтди. Бирламчи маълумотга кўра мазкур кафеда ишлаган ва яшаган беш нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ёнғин жорий йилнинг 26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси содир бўлган. Тадбирда иштирок этган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари умумий овқатланиш жойлари раҳбарларига мурожаат қилиб, ўз ишчиларини ижтимоий ҳимоя қилинишига масъул эканликларини, ходимлар нотурар биноларда яшамасликлари учун яшаш жойи билан таъминлашларини, ходимларни ишга ёллашда уларни тўлиқ текширишларини сўрашди. ишчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишларини, уларнинг муаммоларини аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек муҳокамада иштирок этган маҳалла вакилларига юзланган ички ишлар органлари ва прокуратура вакиллари, ўз ҳудудларида нотаниш ва шубҳали шахсларни кўрганида янада эътиборли бўлишга даъват этишди", дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.