Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳажга қачон боришингизни биласизми ёхуд яна монополия ҳақида...
6.01.2020 17:36,  
3194

"Vest Travel"​ сайёрлик фирмаси директори Мансуржон Расулжонов Умра ва Ҳаж масаласида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорага ўзининг бир қанча савол ва таклифларини йўллади.

2017 йил 7 июнда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли қарорида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайти орқали “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими шакллантириш ва мазкур онлайн тизимни доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаш белгилаб қўйилган. Бу тизимда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар (фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар) мунтазам равишда Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши керак эди.

Аммо, орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, ҳали ҳануз бу топшириқ бажарилмаган. Фақатгина 2019 йил 28 декабр куни ЎМИ “ушбу тизим ишлаб чиқилиб, энди синовдан ўтказилмоқда,” дея хабар берди. Бироқ, тизим қачондан ишга тушиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлиги у ёқда турсин, ҳозирги кундаги Умра зиёрати нархларини ҳам расмий веб-сайтдан топиб бўлмайди. Маълумотларга кўра, баъзилар 12 505 000 ва бошқалар 12 625 000 сўм пул тўламоқда – тенг ҳуқуқли фуқаролар тўлаётган тўлов нархидаги бу тафовут сабаби бизга қоронғи.

МАВЗУГА ДОИР: Туризмни ривожлантириш қўмитаси умра зиёратидаги чекловларни олиб ташлашга чақирди

Аввал “Умра”, энди “Умра +” ҳам монопол бўладими?

Чет эл фуқаролари умра сафарига боришда ёки қайтишда Ўзбекистон орқали транзит қилиб ўтишлари “Умра+” деб аталади.

Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИнинг баёнотига кўра, улар томонидан “Умра+” дастурига алоҳида эътибор берилган бўлиб, ҳозирда индонезиялик зиёратчиларнинг Ўзбекистон орқали саёҳат қилишларини тизимли равишда ташкил этиш устида ишланмоқда. Бу ҳақда биринчи марта 2018 йил 26 августда ЎМИ расмий веб сайтида “200 минг индонезиялик зиёратчи бу дастурдан фойдаланиши кутилмоқда”, дея хабар эълон қилинган эди.

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2019 йил 26 декабр куни илк индонезиялик зиёратчилар ушбу йўналишдан фойдаланганлари ҳақида хабарлар тарқалди.

Aслида, нафақат ўзбекистонликлар, балки хорижликлар учун ҳам бундай лойиҳаларни бажариш бевосита саёҳат агентликларининг вазифаларига киради (ҳар қалай бошқа мамлакатларда шундай). Аммо эндиликда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси шу соҳа устида ҳам ишлаётганлиги таажжубланарли ҳолат. Бунинг ўрнига юзлаб балки, минглаб саёҳат агентликлари ушбу соҳа билан шуғулланса, Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ диний соҳани ислоҳ қилиш бўйича бош қотирса бўлмайдими?

Монополиядан мақсад нима?

”Умра зиёратини монополлаштиришдан мақсад нима?” – деган саволнинг жавоби икки тахминдан бири бўлса керак:

1. Халқимизнинг “диний эътиқодини ёт фикрлардан сақлаш” ва бу масалани миллий хавфсизлик билан боғлаш.

У ҳолда, барча саёҳат агентликлари ҳам бу масалага жуда катта эътибор қаратади. Дин ишлари бўйича қўмита бу ўринда Туркиядагидек сайёҳлик фирмалари билан келишган ҳолда ишласа бўлади. ЎМИ эса, махсус ўқув курслари ишлаб чиқиб, зиёратчилар ва сайёҳлик фирмаларига шу ернинг ўзида Умра ва Ҳаж зиёратлари қоидаларини ўргатса бўлади. Керак бўлса, йўлбошловчиларни масжидларимиз имом-хатибларидан танлашга ҳам ҳеч ким қаршилик қилмаса керак.

Аслида, сайёҳлик фирмалари 1 100 АҚШ долларига “Умра” сафарини ташкиллаштириши мумкинлигини эшитган ҳар қандай давлат ташкилоти агар халқни ўйласа, ўз харажатларини қайта ҳисоб-китоб қилиб кўриши, ҳеч бўлмаса, мана шу фирмалардан маслаҳат олса бўларди. Аммо, Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ баёнотларида фақатгина ўзини мақташ ва ўзи қўйган норасмий тақиқларга тушиб қолган сайёҳлик фирмаларини ёмонлаш билан овора. Шундан кўриниб турибдики, биринчи тахмин анча заиф.

2. Аввал айтиб ўтганимиздек, Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ “Умра” сафарларини ташкиллаштиришдан тўғридан-тўғри молиявий манфаатдор.

Йилига миллионлаб халқдан монопол равишда “соғиб” олинган пул кимга ёқмайди? Агар молиявий манфаатдорлик бўлмаса, марҳамат, бизда ундан ҳам арзон пакетлар бор. Нимага нархларни туширишни ёки бошқаларга қўйиб беришни исташмаяпти?

МАВЗУГА ДОИР: Дин ишлари бўйича қўмита Умрадан фойда кўрмаслигини айтиб, блогерларга насиҳат қилди

Аслида, бугунги кунга қадар Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ ўз “холис хизматлари”ни доим “юқори савия”да ўтказиб келишаётганни иддао қилади. Ростдан ҳам уларнинг хизматлари қулай ва юқори савиядами? “Ундай бўлса, нега ҳалигача халқимиз сайёҳлик фирмаларига мурожаат қилмоқда?” – деган ҳақли савол туғилади?

Бу саволнинг жавоби эса жуда оддий: “Ҳақиқий юқори савиядаги хизматларни фақатгина сайёҳлик фирмалари кўрсатишади”.

Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ томонидан ташкиллаштирилган “юқори савия”даги хизматлари ва сайёҳлик фирмаларининг “юқори савияси” ҳақида қуйидаги икки видеони кўриб хулоса чиқаришингиз мумкин.

Ушбу видеоларни олган юртдошларимиз йиллар давомида кўплаб маротаба ЎМИ билан “Умра” сафарига боришган ва орада сайёҳлик фирмалари билан ҳам бориб келиб, орадаги тафовутни кўрганликлари учун ушбу видеоларни тақдим қилишди. Барчалари “У ерларга ибодат учун борамиз-ку, майли, ош-овқатини талашиб юрамизми?” – дейди. Аммо халқимизнинг пешона тери билан топган ҳалол пулларини “холис хизмат” баҳонаси билан “соғиб” олинишига асло йўл қўймаслик керак.

МАВЗУГА ДОИР: Умрадан дин ишлари бўйича қўмита манфаат кўрмаса, ким манфаат кўради ёхуд холис хизматлар нархи 5 миллион долларми?

Биринчи видеода Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ томонидан “Умра” сафарига борган юртдошларимизга кўрсатилаётган “юқори савияда”ги хизматлардан намуна бўлиб, унда Макка шаҳрида юртдошларимиз 7 кун давомида жойлаштирилаётган “Аброж ал-Кисваҳ” меҳмонхонасидаги нонуштани кўришингиз мумкин. (Видео 2019 йил декабр ойида олинган).

Aслида “юқори савия” дейиладиган хизматларда, меҳмонхоналарнинг асосий ресторанларидаги “швед столи”дан фойдаланиш назарда тутилса, бизнинг Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИ халқимизга “холис хизмат” кўрсатганлари боис, меҳмонхоналардан бир зални олиб, бир ёки икки ва жуда нари борса уч хил “тансиқ” таомларни тақдим қилишмоқда! “Халқимиз оч қолишмасин”, дея ёнига пишлоқ ва печенье қўшиб бермоқда ҳамда албатта “гигиенага риоя қилиш мақсадида” пластик қошиқларни тақдим қилишаётганини кўришингиз мумкин. Ўзбек халқининг ёши катта отахон ва онахонлари елим қошиқ ва санчқида қандай таомланаркин?

Кейинги иккита видеода эса сайёҳлик фирмалари томонидан “эконом” пакетларда фуқароларни жойлаштираётган меҳмонхоналардаги кечки овқатни кўришингиз мумкин. Диққат қилинг, бу видеода юқори савиядаги люкс хизмат эмас, оддий “эконом” пакети кўрсатилган. Шунинг ўзи Дин ишлари бўйича қўмита ва ЎМИнинг юқори савиясидан “ўлса ўлиги ортиқ”.

МАВЗУГА ДОИР: Кувайт орқали Умрага борган Ўзбекистон фуқароси парвоздан қолдирилди

Ҳурматли ватандошлар! Ҳар икки видео орасидаги фарқни кўриб ўзингиз хулоса қилинг ва “холис хизматчилар” ҳаққига дуо қилинг!

Иккинчи савол: ДИҚ ва ЎМИ “Умра” зиёратини ташкиллаштиришни монополия қилишдан кўзлаган мақсади нима? Қолаверса, ягона платформадаги сизларни хизматингиздан халқ манфаатдорми, розими?

Дарвоқе мақолада айтилмаган бир кичик факт: икки ярим йил аввал қабул қилинган 364-сонли қарорда “Ҳаж” ва “умра” сафарига борувчиларни ягона онлайн навбат тизимини шакллантириш учун икки ой муддат белгиланган экан.

МАВЗУГА ДОИР: Саудия Арабистони 14 нафар ўзбекистонлик зиёратчини депортация қилди

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан