Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг ер майдонлари, уларнинг ўзаро чегара ҳудудларининг жойлашуви чуқур таҳлил қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилди.
Маълумки, Тошкент вилоятининг 5 та тумани – Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари айрим маҳаллалари Тошкент шаҳрининг катта ҳалқа йўли ичига кириб қолган.
Мисол учун, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли Хонобод маҳалласи пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманлари орасида, ёки Тошкент шаҳрига қарашли Улуғбек шаҳарчаси тўлиқ Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида жойлашган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларида ҳам кўплаб номутаносибликлар мавжуд.
Шу боис, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳардан Тошкент вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтимизга 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган. Тақдимотда ушбу таклифлар атрофлича кўриб чиқилди.