Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«RIXOS TOUR» раҳбари Ҳаж ва Умра монополияси ҳақида фикрларини билдирди
7.01.2020 15:34,  
5787

Ҳажга қачон боришингизни биласизми ёхуд яна монополия ҳақида...мақоласини ўқиб биз ҳам ичимизда анчадан бери йиғилиб қолган, аммо ечимини тополмаётган, бугунги кунда долзарб масала бўйича ўз фикримизни билдирмоқчимиз.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича тинимсиз қилинаётган ишлар натижасида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда саёҳат учун энг муносиб давлатлар қаторидан жой олаётгани, визасиз саёҳат қилиш имкони, хавфсизлиги, бой тарихи, ижтимоий тармоқларда оммалашиб бораётгани ва албатта, мазали миллий таомлари билан 2020 йилда саёҳат қилиш учун энг муносиб ўлка деб тан олинганлиги бизни кувонтирмай қолмайди. Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюциясини БМТга аъзо барча мамлакатлар томонидан бир овоздан қабул қилиниши халқаро ҳамжамиятда мамлакатимизнинг нуфузли ўринларда турганидан далолатдир.

Яратилаётган халқаро стандартларга жавоб бера оладиган соғломлаштириш ва дам олиш масканлари, янги янги меҳмонхона комплекслари, туризм инфратузилмасининг жадал суратларда ривожланаётганига ҳавас билан қарамай бўлмайди. Буларнинг барчаси диёримизга четдан келаётган туристлар оқимини оширишга, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилиши, хамда кириш ва ички туризм билин шуғулланувчи хусусий туристик ташкилотларга кенг имкониятлар яратиб берилиши муқаррардир.

Биз учун жуда мухим булган асосий масала буйича сизга мурожаат қилмоқдаман. Бу – ташқи зиёрат туризмидаги МОНОПОЛИЯ! Сир эмаски, Саудия Арабистонига хамюртларимиз асосан Умра зиёратига боришни исташади. Талаб жуда катта. Бу йўналишни эса хеч қандай асоссиз монопол тарзда фақат Диний Ишлар Қўмитасининг (ДИҚ) Ўзбекистон диний идораси (ЎДИ) амалга оширади. ВМнинг Ҳаж ва Умра амалларини бажаришга қаратилган барча қарорларнини юристлар билан ўрганиб чиқиб, унда фақат ДИҚ ва унинг ЎДИсига берилсин дейилмаган, уни ташкил қилиш чора ва тадбирлари кўрсатилиб, тегишли низомлар ишлаб чиқилганлигини эътироф этиш мумкин.

Қарорларда бошқа ҳеч ким шуғулланмасин деган жойи йўқ. Бутун дунёда Умра зиёратини, ҳаттоки Ҳаж зиёратларини хам хусусий туристик ташкилотлар амалга оширади, ДИҚ эса квоталарни тарқатади ва сифатни назорат қилади. Бизда эса бу ишлардаги монополия 27 йилдан бери ҳали тугатилмаган. Шу йилнинг март ойларида Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш, ҳамда ушбу йўналишда бозор механизмларини жорий этиш» мақсадида фармойиши қабул қилиниб тегишли ишчи гуруҳи ҳам тузилиб, гуруҳ Мадина ва Макка шаҳарларида бўлиб ҳам қайтди, лекин натижа ҳалигача йўқ, бу эса монополия фойдасига ишламоқда ва фармойишда кўрсатилган хусусий туристик ташкилотларни хам бу ишларга жалб қилиниши хақидаги конкрет режалар ҳам тўхтаб қолди.

ДИҚ монополияси етмагандек улар «регуляр рейс» сифатида қуйилган (эътибор килинг, чартер эмас!) рейсларга ҳам эга чиқиб олишган, чунки жойлар улардан бошқа ҳеч кимга сотилмайди! Ҳаво йўллари компанияси ва ДИҚ монополияси туфайли фуқароларимиз ўзлари танлаган дастурда зиёратларни амалга оширишдан маҳрумлардир.

МАВЗУГА ДОИР: Туризмни ривожлантириш қўмитаси умра зиёратидаги чекловларни олиб ташлашга чақирди

Умра ва Ҳаж визалари эса Саудия қироллиги консуллиги томонидан факат ДИҚ буйруғи билан Диний идора буюртмаси бўйича берилади. Саудия қироллиги дунё аҳолисига, мусулмонларга қулайликлар яратиш устида турли енгилликлар яратиб, зиёратчиларни, туристларни кўпайтириш билан шуғулланиб турган бир пайтда бизнинг ҳукумат идоралари зиёратчи фуқароларимизга турли тўсиқлар қўйиш билан банд. Туристик фирмалар саудиялик ҳамкасблари билан тузиб келган шартномалар ДИҚ томонидан рўйхатга олинмаяпти (бу тартибни Саудия қироллиги консуллиги бизнинг ДИҚ талабига мувофиқ қўймоқда).

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бир йил илгари қилинган ҳаракатлар юқоридаги ишламайдиган фармойиш қабул қилиниши билан натижасиз тўхтаб қолди ва ҳозирда матбуотда монополияга қарши муносабат билдириш билангина чекланиб қолмоқда. Хусусий туристик ташкилотлар ассоциациясининг ҳам уринишлари ҳеч нарса бермади.

Мақсадимиз нимадан иборат? Ҳеч бўлмаса бошланишига Умра зиёратларини аксарият давлатлар ва қўшни мамлакатлардаги каби (бизнинг улардан нимамиз кам?) хусусий туристик компанияларга, керак бўлса махсус рухсатномалар жорий этган ҳолда берилишини, шу билан бирга уни тартибли, тизимли равишда амалга оширилишини, ДИҚ ва ДИ, ҳамда ЎХЙ монополияларига чек қўйилишини талаб қиламиз.

Натижада ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган, диний илмдан жуда йироқ бўлган, ҳаттоки туризм билан шуғулланиш лицензияларига эга бўлмаган баъзи бир шахслар ва фирмаларнинг тартибсиз, ташкил қилинаётган зиёратларига чек қўйган булар эдик. Ҳа, бу масала ўзига яраша тайёргарлик, билим ва тажриба талаб қилади. Буларни тартибга солиш, соғлиқ ва хавфсизлик нуқтаи назаридан хам ташкиллаштириш мумкиндир.

Ниҳоят, энг муҳими қанчадан-қанча пул маблағлари четга чиқиб кетмасдан, аҳолимизнинг ўзида қолиб, мамлакатимиз тадбиркорларига, миллий авикомпаниямизга насиб этишини таъминлаган ҳолда, фуқароларимизни сарсон-саргардонликдан, чет давлатларда кунлаб қолиб кетишларидан хамда турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилишларга чек қўйган булар эдик. Қолаверса, бозор муносабатларининг талаблари бўлган фуқароларимизга танлаш ҳуқуқини, шу иш билан шуғулланувчилар ўртасида эса хақиқий рақобатни шакллантирган бўлар эдик. Бу эса ўз-ўзидан янги иш жойлари, қўшимча бюджет туловларини келтириб чиқариш билан бирга халқ ҳам, тадбиркор ҳам, давлат ҳам манфаат топган булар эди.

Эргаш Самигжанов
“RIXOS TOUR” OK раҳбари

МАВЗУГА ДОИР: Умрадан дин ишлари бўйича қўмита манфаат кўрмаса, ким манфаат кўради ёхуд холис хизматлар нархи 5 миллион долларми?

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан