Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Акфа университетига энг қиммат жойдан текинга 30 гектар ер берилиши – қонунчиликка зид»
11.07.2020 11:35,  
1412

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz)га қўйилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Акфа Университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (ID-19254) лойиҳаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Адлия вазирлигида 2019 йил 19 апрелда 3155-сон билан рўйхатга олинган Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси асосида кўриб чиқилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, қарор лойиҳасининг айрим бандлари Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни талабларига зид бўлганлиги учун, лойиҳани қонун талабларига мослаштириш мақсадида Қўмитанинг 2020 йил 26 июндаги 525/02-11-сонли хат билан вазирликка тегишли хулоса берилди.

"Ҳусусан, қарор лойиҳасининг 3-бандида Тошкент вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Университетга замонавий ўқув бинолари, ўқув-амалиёт бинолари, кампуслар, спорт иншоотлари қуриш ва жиҳозлаш учун Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Унқўрғон ҚФЙ, Парвоз МФЙ ҳудудида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли «Манзарали боғдорчилик ва гулчилик» МЧЖ балансида бўлган 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб бериш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши таъқиқланиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги «Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3756-сонли қарорига асосан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши, вақтинчалик имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши, индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан берилиши кўрсатилган.

«Акфа университети» МЧЖга имтиёз бериш таълим бозорида фаолият олиб бораётган бошқа хусусий таълим муассасаларига нисбатан устунлик берилишига олиб келади ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Ушбуларни инобатга олиб, қарор лойиҳасининг 4-банди иккинчи ва тўртинчи хатбошиларни чиқариб ташлаш лозим.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қарор лойиҳасини амалдаги қонунчилик талабларига мослаштириш зарур ҳисобланади" - дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборотида.

Шунингдек, юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу Қарор лойиҳасини қабул қилиниши оқибатида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликлар берилиши «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сонли қарори талабларига зид эканлигини инобатга олиб, қарорни мазкур қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослаштирилгандан сўнг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланиши маълум қилинади.

Шунингдек, бир неча кун аввал иқтисод фанлари профессори Барногул Санақулова Акфа университетига Ўзбекистондаги энг қиммат учликда, сотихи 7000 доллар турувчи жойдан текинга 30 гектар ер берилишини танқид қилган эди.

 

 

 

 

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан