Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Федералист №4-5: Хулосалар. Жон Жей таржимаи ҳолидан лавҳалар
12.01.2020 14:01,  
419

“Федералист” туркумида ёзилган мақолаларнинг хулосаларини баён қилишни давом этамиз ва илова сифатида муаллифлардан Жон Жей ҳаётининг бир қисмини келтириб ўтамиз.

Аввалги мақолалар:

Федералист №1: “Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер". Кириш”
Федералист №2: “Бирлашиш аҳамияти”
Федералист №3: “Ташқи ва ички хатарлар”

“Федералистнинг” 4-сони (1787 йил 7 ноябр) аввалги мавзуда, яъни давлатнинг ташқи ва ички хатарларига қарши туриш учун вилоятлар ягона марказлашган ҳукумат остида бирлашишининг зарурати ҳақидадир. Мақоланинг муаллифи ҳамон Жон Жей бўлиб, федерализм ғоясини изчиллик билан асослашда давом этади:

1. Аввалги мақолада штатлар ягона ҳукумат остида бўлмай ташқи ишлар сиёсатида хатоларга йўл қўйишлари ва натижада адолатли уруш содир бўлиш эҳтимоли ошиши ҳақида эди. Қўшни давлатлар тарафидан эълон қилинган уруш ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди. АҚШнинг келажакда иқтисодий ва савдо тараққиёти монархия давлатлари ҳасадини келтириб чиқариши ва уларни бу ҳасад урушга ундаши мумкин. Ёки денгиз йўлларида рақобатни енгиш баҳонасида ҳарбий уруш очиш қўшнилар наздида самарали чора бўлиб кўриниши ҳам мумкин. Афсуски, бир давлат бошқа давлатга зўравонлик қилиб, ўзини бойитиб олишга интилиши кўп содир бўлган. Бузғунчи табиат инсонга ҳос эканлигини унутмаслик лозим.

2. Ташқи ҳужум вазиятида иттифоқчи штатлар ўзаро ёрдам беришга келишилгани маълум эди. Аммо ҳар бир штатнинг (ёки уч-тўрт штатлар конфедерациясининг) ўз армияси, ўз флоти бўлгани ғалабани осонроқ қиладими ёки умумий қўмондонлик остидаги катта ва ягона армия фаолияти самаралироқ бўладими? Бу саволга жавобни тарихдан олган маъқул.

Маълумки Британиянинг ҳеч қачон ташқаридан ишғол этилмаган ва унинг кўпгина ташқи урушларда ғалаба қозониб келган. Бунинг асосий омили – Британия империяси таркибидаги тўрт мамлакат Англия, Шотландия, Ирландия ва Уэльснинг армиялари ягона қўмондонлик остида бошқарилганлиги. Агар шу тўрт мамлакатнинг алоҳида армия ва флотлари айри қўмондонлик остида ҳаракат қилганларида улар умумий ғалабага ҳеч қачон эриша олмас эдилар.

3. Барча штатлардан жамланган катта сонли қўшинни тартибга солиш, ҳаракатларини бошқариш, унинг моддий таъминоти билан марказлашган ҳукумат шуғуллангани маъқул. Бундай тизимда кучли армия юзага келади. Кучли армиянинг борлиги халқни хотиржам қилади, осойишта ҳаёт остида эса мамлакат ривожланади. Ташқи сиёсатда кучли армия дипломатларнинг давлат манфаатлари учун дадилроқ ҳаракат қилишларига имкон беради. Давлатнинг ҳарбий иқтидори юқори бўлиши чет эл давлатларни ҳурмат ва эҳтиёткорлик билан муомала қилишга ундайди, уларни бузғунчиликдан тўсиб туради.

4. Агар мамлакатда парокандалик сақланиб қолса кучли давлатлар учун турли сиёсий ўйинлар ва фитналар воситасида штатларни бир бирига гиж-гижлаши осон бўлади. Қайсидир штатнинг Испанияга мойиллиги ортиб, бошқаси Британия ёки Франция найи остида ўйнай бошлайди, катта империялар ўртасида содир бўлаётган низоларда ўйинчоқ бўлади ва бунинг натижасида бутун миллат заифлашади. Бундай ҳолатда бошқа штатларнинг тўғри ташқи сиёсат олиб бориши ҳам кор қилмайди чунки айирмачиликдан ҳосил бўлган бало барча штатларнинг бошига тушади.

* * *

“Федералистнинг” 5-сонида (1787 йил 10 ноябр) Жон Жей юқоридаги мавзуни давом этади.

1. Штатлар ягона давлат остида бирлашса улар ўртасидаги зиддиятлар юмшайди ва ташқаридан келадиган хатарлардан ҳимояланиб олади. Душман ўз рақибининг заифлашувини доимо истайди, шунинг учун ҳам мамлакатнинг парокандалигида фақат ғанимлар манфаатдордир.

2. Мамлакатда марказлашган ҳукумат бўлмас экан вилоятлар ўртасидаги зиддиятлар авжига чиқиб кетади. Ундан ташқари, қайсидир вилоят яхши бошқарув остида ривожланиб, бошқасининг омади унчалик юришмайди. Натижада тенгсизлик вужудга келади ва табақаланиш кескинлашади. Баъзи штатларда ҳасад кучайиб, бошқасига нисбатан ҳужум қилиш иштиёқи пайдо бўлади ва Европада одат тусига кирган маҳаллий урушлар учун шароит пайдо бўлади.

3. Пароканда штатлар ўзларини қўшни штатлардан ҳимоя қилиш мақсадида хорижий давлатлар кўмагини истаб қоладилар. Европаликлар учун бу айни муддаодир, чунки ўз харбий базаларини “иттифоқчи” штатларда жойлаб олишлари билан улар ўз сиёсий таъсирларини штатлар ҳукуматларига ўтказа бошлайдилар. Қадимда Рим ўз “ҳимоясига” олган юртларни осонлик билан ўзининг мустамлакасига айлантириб олар эди. Мамлакат портларига бегона давлатнинг ҳарбий флотини, шунингдек ҳудуд ичкарисига бегона армия қисмларини киритиш осондир, лекин кейинчалик уларни хайдаб юбориш мушкул бўлишини унутмаслик керак.

4. Эркинликларни ким яхшироқ ҳимоя қила олади: бирлашган давлатми ёки алоҳида мустақил штатларми? Бу масала ҳақида халқ ҳолислик билан фикр юритиши ва келажаги учун тўғри қарор чиқариши керак.

* * *

Бешинчи мақолани Жон Жей тугатгач “Федералист” туркумидаги кейинги рисолалар Александр Ҳамилтон ва Жеймс Мадисон тарафидан ёзилади. Жейнинг тўсатдан касал бўлиб қолиши уни бу ишдан узоқ муддатга тўхтатиб қўяди.

* * *

Илова

Жон Жейнинг таржимаи ҳолидан лавҳалар

Жон Жей 1745 йилда Нью Йорк шаҳрида бадавлат савдогар оиласида туғилган. Унинг аждодлари таъқиблардан қочган гугенотлар (француз протестантлари) ва бойлик истаб келган голландияликлардан бўлган эди. Жон ёшлигидан фалсафа ва ҳуқуқ фанига қизиқиб, юридик фаолият ҳақида орзу қилади. “Қироллик коллежи” (хозирги Колумбия университети)ни битиргач адвокат бўлиб ишлайди.

Болалик давридан у художўй бўлиб, умрининг охиригача деярли ҳар оқшомда Библияни (Таврот ва Инжил) ўқир ва китобдан ўз ҳаёти учун ҳикматлар излар эди. Унинг характерига босиқлик ва муросагўйлик ҳос эди, шу сабабдан бўлса керак, у авваллари сиёсат билан фаол шуғулланишга унчалик қизиқмайди. Жей олти фарзанд отаси ва ўз рафиқасига вафодор оила бошлиғи сифатида яхши ном қолдирган.

1760-70-йилларда Америкадаги инглиз колониялари ва Британия империяси ўртасида авж олган зиддиятлар Жонни безовта қила бошлайди. Чунки унинг кўпгина дўстлари бутун халқ қатори қарама қарши тоифаларга, “лоялистлар” (Британия бошқарувида қолиш тарафдорлари) ва “ватанпарварлар” (мустақилликни истовчилар)га бўлиниб қолганди.

Жон бу муаммоларни холис таҳлил қилиб, адолат “ватанпарварлар” тарафида эканлигига амин бўлади ва улар билан ҳамкорлик қила бошлайди. Лекин шу билан бирга “қирол ва унинг аёнлари бехабарликлари сабабидан хато қарорлар чиқариб қўйишяпти, шунинг учун уларга муаммоларни тўғри етказиш орқали можарони ҳал қилиш керак”, деб ҳисоблайди ва “мустақиллик декларацияси”га ўз имзосини қўймайди. Мана шу сабабли Жой Жейни баъзи тарихчилар “иккиланувчан инқилобчи”, деб атайдилар.

Британ ҳукумати сиёсатининг кескинлашиб борган сари Жейнинг империядан ажралиб чиқишга мойиллиги ортиб боради ва хатто 1777 йилда Нью Йорк штати учун алоҳида конституция ёзиб беради. Жей янги пайдо бўлаётган давлатнинг ҳуқуқий тизими инглиз қонунчилик анъанаси асосида сақлаб қолишга эътибор беради. Нью Йорк штатида Бош судья лавозимида икки йил ишлайди ва штатлараро мажлис конвентига аъзо этилиб сайланади.

АҚШга “асос солган оталар” Жейнинг муросачилик табиати ва сабр билан музокара қилиш қобилиятига этибор берадилар ва уни Бенжамин Франклин ва Жон Адамс қатори Европага элчи қилиб жўнатадилар. Унинг асосий вазифаларига АҚШ мустақиллигини Европа давлатларида расман тан олишга ундаш, улар билан иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва Британия билан урушни тезроқ якунлаш учун дипломатик чораларни бажариш киради.

1779-1784 йилларда Жейнинг дипломатик фаолияти кўп қийинчиликлар билан кечади. Лекин шунга қарамай тарихчилар Жейнинг иши АҚШ учун ижобий натижалар келтирган деб ҳисоблайдилар. Бундай баҳони унинг замондош давлат арбоблари ҳам берганлар: Жейнинг ватанига қайтиб келиши билан уни штатлар иттифоқининг ташқи ишлар вазири этиб тайинлайдилар.

Жей марказий ҳукуматда хизмат қилар экан уни штатларнинг бирлашмай қолганлигидан хавотирда бўлади ва бир неча федералистлар (марказий ҳукумат остида штатларни бирлаштириш тарафдорлари) билан биргаликда Америка Қўшма штатларининг янги Контистуцияси лойиҳаси устида ишлайди.

Конституция лойиҳасига нисбатан кўпгина штатларда, айниқса Жейнинг ватани бўлмиш Нью-Йорк штатида қаршилик пайдо бўлади ва давлатни бирлаштирувчи Асосий Қонун – умумий конституцияни қабул қилиниши савол остида қолади. Бунга асосий сабаб мустақиллик мазасини тотган америкаликлар Британ империясига ўхшаш янги золим тузумга бўйсўниб қолишдан қўрқув мавжудлиги эди. Шунда Жей ватандошларини айриликнинг каттароқ хатарларидан огоҳлантириш ва уларга федерал давлатнинг фойдали тарафларини тушунтириш мақсадида Александр Ҳамилтон ва Жеймс Мадисон билан биргаликда “Федералист” туркуми мақолаларини ёзишга киришади.

Жей 1787 йили тўртта “Федералист” мақолаларини ёзиб беради. Аммо кутилмаган бир воқеа уни бу ишдан тўсиб қўяди. Америкада “тиббиёт талабалари ва устозлари анатомияни ўрганиш баҳонасида қабристондан мурдаларни ўғриламоқда, улар хатто қотиллик қилмоқда!”, деган миш-миш кенг тарқалади. Қутурган оломон Нью Йоркдаги Колумбия коллежи (хозирги машҳур Колумбия университети) биносига бостириб келиб, билим даргоҳини вайрон қилади, аммо у ерда шифокорларни топа олмайди.

Кўп ўтмай коллежнинг тиббиёт фани профессор ва талабаларини шаҳар қамоқхонасида ҳукумат вақтинча яшириб қўйгани ошкор бўлади. Катта оломон тиббиётчиларни самосуд қилиш мақсадида қамоқ биносига хужум уюштиради. Жон Жей, дўсти Александр Ҳамилтон ва бошқа маърифатпарварлар билан биргаликда халқни тинчлантириш ва бечора медикларни ҳимоя қилишга чиқадилар.

Катта тўқнашув натижасида йигирма киши ҳалок бўлади. Қўзғолончилар тарафидан отилган катта тош Жон Жейнинг бошини ёриб, оғир жароҳат етказади ва унинг узоқ вақтга сиёсий фаолиятдан четланиб қолади. Жей мазкур ҳодисадан бир оз вақт олдин ватандошларини “intelligent and well-iformed people” – “оқил ва билимдон халқ”, деб “Федералист” мақоласида атаган эди... Соғайиб кетгач, у фақат “Федералист”нинг 64-сонини ёзиб беради. Жейнинг кейинги ҳаётини баён қилишга ўз навбатида яна қайтамиз.

* * *

Кейинги мақола ­– Александр Ҳамилтон қаламига мансуб. Матн штатлар ўртасидаги низолар мавзусига бағишланган бўлиб, турли тарихий мисоллар билан бойитилган.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан