Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АҚШ-Эрон зиддияти: БМТ Низомининг 51-моддаси ҳар икки томон учун ҳам дастакми?
9.01.2020 16:24,  
858

Сўнгги кунларда кескинлашган АҚШ-Эрон қарама-қаршилиги манзарасида кеча Вашингтонда чиқиш қилган Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий куч қўлланмаслигини айтган бўлса, Вашингтон мулозимлари АҚШ “олдиндан ҳеч қандай шарт қўймай” музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида Эрон ҳам АҚШ билан урушга киришни истамаслигини хабар қилди.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс CBS News нашрига берган интервюсида “Разведка манбаларимиз орқали Эрон минтақадаги ўзига мойил ҳарбий гуруҳларга Америка ҳарбий базалари ва фуқароларига қарши ҳужум қилмаслик ҳақида хат жўнатгани хусусида маълумот олдик. Умид қиламизки, бу хабар тўғри бўлиб чиқади”, деди.

Шунингдек, Майк Пенс 2020 йил 3 январга ўтар кечаси Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида ўлдирилган Эрон Ислом Инқилоби муҳфизлари корпуси “Қудс” бўлинмаси раҳбари генерал Қосим Сулаймонийни “Эрон тарбиялаган жангариларнинг бош қўмондони” деб атади. Унинг айтишича, кеча, чоршанба куни тонгда Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум қилишидан олдин бу ҳақда хабар олинган ва бунинг натижасида АҚШ ҳарбийлари ҳамда иттифоқчиларни хавфсиз жойга кўчириш учун етарлича фурсат бўлган.

Бундайн аввалроқ Доналд Трамп АҚШ Эроннинг ракета ҳужумига қарши ҳарбий куч ишлатмаслиги, аксинча, унга иқтисодий санкциялар билан жавоб беришини айтиб ўтганди.

Бошқа томондан Демократик партиядан сенатор Жефф Меркли ва Республикачилар партиясидан сенатор Ранд Пол президент Трамп Конгресс рухсатини олмай Теҳронга қарши ҳарбий куч қўллашига тақиқ қўядиган қарор лойиҳасини тақдим этди.

Республикачи Полнинг айтишича, Сенатда Эрондаги вазият юзасидан бўлган мажлисда айтилган гапларни қабул қилиб бўлмайди, “2002 йили Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайнга қарши уруш бошлашга Сенат томонидан рухсат берилганди. Трамп эронлик генерални ўлдиришда шу рухсатдан фойдлалангани мантиққа зид”, деди у.

Конгресснинг Вакиллар Палатаси раиси Ненси Пелоси ҳам парламентдаги ўз чиқишида Трампни Эрон билан вазиятни кескинлаштиришдан тийиб турадиган қарорга овоз беришини айтди.

“Ҳеч қандай шартларсиз музокаралар”

АҚШнинг БМТдаги элчиси Келли Крафт “Вашингтон халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, Эрон режими томонидан вазиятни янада кескинлаштиришга йўл қўймаслик учун олдиндан ҳеч қандай шарт қўйилмаган ҳолда Эрон билан жиддий музокаралар ўтказишга тайёр”лигини айтди.

Крафт БМТга йўллаган хатида “агар зарурат туғилса”, расмий Вашингтон ўзининг қўшинлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бошқа чораларни ҳам қўллаши мумкинлигини айтиб ўтган ва Сулаймонийнинг ўлдирилишини “БМТ Низомининг 51-моддасига кўра ўз-ўзини ҳимоя қилиш” дея оқлаган.

Эроннинг мавқеи

Эроннинг БМТдаги вакили Мажид Тахти-Равончи “Ал-Жазира”га берган интервюсида унинг мамлакати зиддиятни кескинлаштириш ёки Қўшма Штатлар билан урушиш ниятида эмаслигини, чунки вазиятнинг ёмонлашиши ҳеч кимга фойда келтирмаслигини айтган.

Тахт-Равончининг қўшимча қилишича, “Эроннинг генерал Сулаймоний ўлдирилишига жавобан Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига ракета зарбаси бериши БМТ Низомининг “ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳаққини” тасдиқлаган 51-моддасига тўлиқ мос келади. Айни пайтда бу амалиёт тугаган, аммо агар АҚШ Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлайдиган бўлса, унга албатта жавоб берилади”.

Алоқадор мавзулар: Эрон Қосим Сулаймоний учун қасос олиб бўлинганини маълум қилди

Экспертлар: “Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши Эрондаги ички вазиятни ўзгартиради”

Эрон элчисига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасида ҳарбий базалар сақлашини ҳеч қандай асос билан оқлаб бўлмайди. Вашингтон бу ҳудудда кўпроқ қурол сотиш ва иқтисодий алоқалардан фойдаланиш учун “турли хил муаммоларни ўйлаб топади, вужудга келтиради”. Ваҳоланки, минтақа давлатлари – агар уларнинг орасига ҳеч ким аралашмаса – ўзаро тинч-тотув яшай олади.

Мажид Тахт-Равонжий: "Вазиятнинг кескинлашиши ҳеч кимга фойда келтирмайди"

Тахт-Равончи атом энергетикаси бўйича келишилган шартнома “ҳали ҳам ўз кучида тургани” ва Эрон кўраётган чоралар айни шартноманинг 36-бандида кўзда тутилган “мувозанатни таъминлаш учун мажбуриятларни бажаришни қисман ёки тўлиқ тўхтатиш” қоидасига мувофиқлигини, шу билан бирга АҚШ бу шартномадан чиққан вақтда европаликлар ўзлари берган ваъдани бажармаганини айтган.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф пайшанба куни БМТ йиғинида иштирок этишга келиши учун унга виза бермаган АҚШни танқид қилган Тахт-Равончи бу амални “халқаро мажбуриятларни бажармаслик” деб баҳолаган ва бу масалада ташкилот бош котибига шикоят қилганини билдирган.

Тахт-Равончининг кеча БМТга йўллаган хатида “Эрон Ироқ Республикасининг мустақиллиги, суверенитети, бирлиги ва ҳудудий дахлсизлигини ҳурмат қилиши”, унинг ҳудудида жойлашган АҚШнинг икки ҳарбий базасига уюштирилган ҳаво ҳужуми эса “ҳарбий нишонларга қарши ғоятда аниқлик билан, тинч фуқароларга ҳеч қандай зарар бермай амалга оширилгани” ҳақида айтилган.

Бу хат Бағдоддаги Эрон элчиси “мамлакат суверенитети бузилгани”га норозилик сифатида Ироқ Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиши ҳақидаги хабарлардан сўнг эълон қилинди. Зеро, бир неча кун олдин пойтахт аэропорти ҳудудида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ва бир неча нафар ироқлик зобитлар америкаликларнинг ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганида Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчисини ҳам изоҳ бериш учун чақиртирган эди.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан