Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Энг камбағал президент: у пора олмас, қиммат транспортда юрмас, ойлигини етимхоналарга ўтказарди
1.10.2019 17:49,  
4075

1983 йил 4 август куни Африкадаги Юқори Волта давлатида навбатдаги зерикарли воқеа – давлат тўнтариши содир бўлди. Бу сўнгги 17 йилдаги 4-тўнтариш эди. Ҳокимиятни миллий армиянинг 33 ёшли капитани Томас Санкара эгаллади. Бунгача у марксистик-ленинистик қарашлари учун уй қамоғига ҳукм қилинган эди. Санкара яшаб турган уйидан чиқибоқ мамлакат номини “Буркина Фасо” – “ҳалол одамлар юрти”га ўзгартирди (у ҳозиргача шундай аталади). Аҳоли бу воқеани лоқайд қабул қилди: “яна бир ҳарбий тўда келибди-да”. Ҳеч ким бу тўнтаришдан янгилик кутмасди.

Аммо улар адашган эди. Африкада маҳаллий президентлар одатда шундай иш кўриб келган – ҳокимиятни эгаллайди, мухолифатни жисмонан йўқ қилади, янги инқилобдан кейин эса жомадон тўла пул билан Европа ёки Америкага қочади. Санкара эса бошиданоқ ойига 2 000$ лик президент маошидан воз кечиб, армия зобити оладиган 450$ га қаноат қилди, шуни ҳам етимхоналарга берарди.

Амалдорлар ер чопишга

Капитаннинг кейинги қадамлари Африка учун ҳам, бугунги замонавий Россия ўлчовлари учун ҳам кутилмаган ва даҳшатли бўлди: у ҳукумат қўналғасида турган барча қиммат “Мерседес”ларни сотиб юбориб, ўрнига ёқилғини кам сарфлайдиган, оддий Рено 5 автомобилларини сотиб олди; амалдорларнинг ойлигини қисқартириб, уларнинг бизнес-классда учишини тақиқлади; Санкаранинг ўзи ҳам қўшни давлатларга расмий ташриф билан борганда самолётнинг иқтисодий-классига чипта сотиб оларди.

Томас ўзининг иш хонасида жазирама ёзда ҳам кондиционердан фойдаланмас ва “Модомики, биздаги аксар одамлар бундай имконга эга эмас экан, бу ҳашаматдан фойдаланиш уят. Ҳечқиси йўқ, терлаб турамиз”, дер эди. Давлат тузилмаларида ишлайдиган ходимларга қиммат европача костюмлардан воз кечиш ва маҳаллий тўқимачилар ишлаб чиқарган пахтадан бўлган устки кийимларни кийиш буюрилди. Ҳар янги йил арафасида вазирлар ўзининг бир ойлик маошини камбағалларга эҳсон қилиши лозим эди. Кўплаб амалдорлар фермаларда ишлаш, ер чопиш, сигирларга қараш учун жўнатилди – “оддий халқ қандай яшаётгани, тирикчилик учун қанча топаётганини билинглар”. Бундан ташқари, президент вазирликларга ўз портретларини осмасликни буюрди: “Менинг юзим нима учун керак? Бизда худди менга ўхшаган етти миллион киши бор!”

Эрлар хотини учун овқат қилишга мажбур

Амалдорлар ақлдан озай дер, аммо бу фақат бошланиши эди. Санкара барча эркакларга йилда бир марта бўлса ҳам бозорга бориб рўзғор қилиш ва аёли учун тушлик қилиб беришни буюрди: “Уларни қандай севишингизни кўрсатинг, ҳаётини енгиллаштиринг, уйда, болалар билан қанчалик қийналишларини ҳис қилинг”. 8 март Буркина Фасода давлат байрами бўлганини эслатиш шарт эмасдир.

Барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилди: йирик заминдорлардан олиб қўйилган ерлар деҳқонларга буғдой экаиш учун берилди, натижада ғалла ҳосили 2,5 бараварга кўпайиб, мамлакатда очарчилик хавфи йўқолди. Томас Ғарбий Европа ва АҚШнинг озиқ-овқат ёрдамидан воз кечди: “Бу ёруғ дунёда ҳеч нарса шунчаки, беғараз бўлмайди. Ким сени боқаётган бўлса, ўша сени назорат ҳам қилади”.

Унинг яна бир чиқиши Ғарбни умуман қўрқитиб юборди: Санкара Африка давлатлари қарзларни тўламаслиги мумкинлигини айтди – “Камбағал ва эзилган халқлар ўз пулини бадавлат эзувчиларга бериши қизиқ иш-ку!” Президент пойтахт Уагадугуда Буркина Фасо тарихида илк супермаркетни очди – бу ерда озиқ-овқат маҳсулотларига қатъий нарх белгиланди.

Санкара томонидан таъсис қилинган халқ-иқилобий трибуналлари мамлакат бўйлаб порахўрликка ботган, давлат бюджетини ўмарган ва “аксилинқилобчи” амалдорларнинг ишини тафтиш қила бошлади. Ҳеч ким қатл қилинмади – Томас ўлим жазосини бекор қилганди, аммо қамоқ муддати ҳазилакам эмас эди: 100 доллар пора учун 10 йил.

Санкаранинг боши учун 5 миллион

Саҳролашишнинг олдини олиш учун Томас Санкара 10 миллионта дарахт кўчатини ўтқиздирди. 2,5 миллион нафар бола эмланди, юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинди. Қабила сардорлари имтиёз ва мол-мулкларидан маҳрум қилинди. Деҳқонлардан ўлпон олиш ва “қабила ерлари”да текинга ишлаб бериш амалиёти бекор қилинди. Буркина Фасо Халқаро Валюта Фондидан хонавайрон қилувчи фоизларга эга қарз олишни тўхтатди. Умуман олганда, Ғарб буни қабул қила олмас эди. Бундан ташқари, Санкара Ленинни улуғлар, Куба ва СССР билан яқин алоқада эди – Европа ва Америкада ҳеч ким Африканинг қоқ юрагида янги социалистик давлат пайдо вужудга келишидан хурсанд бўлмади.

Француз махсус хизматлари навбатдаги давлат тўнтаришини тайёрлади (Буркина Фасо муқаддам айни давлатнинг мустамлакаси бўлган), бунинг учун ўша даврда катта миқдор саналган 5 миллион доллар ажратди. Фитнада қатнашишни истаганлар осонгина топилди: порахўр амалдорлар орасида ҳам, қабила сардорлари орасида ҳам президентдан дарғазаб бўлганлар етарлича эди. Баъзи ҳарбийлар ҳам Санкаранинг сиёсатидан норози, сабаби, у қўшни Мали давлати билан юзага келган қисқа чегара урушида рақиб томондаги тинч аҳоли устига бомба ёғдиришга изн бермаганди.

Уч гитара ва тўрт велосипед

1987 йил 15 октябрда бир гуруҳ аскарлар Томас Санкаранинг пойтахт Уагадугудаги қароргоҳига ҳужум қилди. Уларга президентнинг яқин дўсти, эски иттифоқдоши, ҳукумат вазири бўлган капитан Блейз Компаоре бошлиқ эди. Санкара қўлга олиниб, ўлдирилди – танасини бўлакларга бўлиб, номсиз қабрга дафн этишди. 2015 йили жасад қолдиқлари қайта қазиб олиниб, текширувдан ўтказилганида Буркина Фасо етакчиси ҳеч қандай суд ва терговсиз отиб ташлангани маълум бўлди: собиқ президент танасида 3 хил қуролдан отилган 12 та ўқ изи топилди. Тўнтаришни уюштирган Компаоре собиқ етакчини порахўрликда айблашга беҳуда уриниб кўрди, аммо бундан ҳеч нарса чиқмади. Санкаранинг шахсий буюмлари тўлиқ тинтиб чиқилганида унинг занглаб кетган Пежо автомобили, эски совуткичи, синган музлатгичи, уч дона гитара ва тўртта велосипеди борлиги маълум бўлди. Швейцария банкларида ҳеч қандай банк ҳисоблари, ҳеч қандай Роллс-Ройс автомобили, олтин қуймалар ва бриллиантлар топилмади.

Халққа “коммунистик режим ўрнига ҳақиқий демократия” ваъда қилган Блейз Компаоре одатдаги ҳарбий диктаторлардек 27 йил давомида ҳокимиятда қолди, фақат 2014 йилга келибгина халқ қўзғолони натижасида тахтдан ағдарилиб, хорижга қочишга мажбур бўлди.

Томас Санкара эса “Африканинг Че Гевараси” – чинакам инқилобчи ва сиёсатчилар орасида жуда кам учрайдиган, ўз манфаатларини кўзламайдиган шахс сифатида одамлар хотирасида қолди.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан