Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эрондаги намойишлар нимага олиб келиши мумкин?
14.01.2020 20:40,  
1180

Эрон ҳукумати мамлакат ҳарбийлари Украинага қарашли Boeing’ни хато билан уриб туширганини тан олиши бир қатор шаҳарларда кутилмаган намойишларни келтириб чиқарди. Шарҳловчилар намойишларда “шаҳар аҳолисининг ғазабланган, ўрта синфга мансуб қисми” иштирок этаётганини айтади

Душанба куни Эроннинг бир нечта шаҳарларида намойишларнинг учинчи куни давом этди. Норозилик ҳаракатлари ўтган шанба, 2020 йил 11 январ куни Теҳронда – ҳукумат “Украина халқаро авиайўллари” самолёти Эрон ракетаси билан уриб туширилганини тан олганидан кейин бошланганди. Шундан буён намойишлар Исфаҳон ва Ҳамадон каби йирик шаҳарларга ҳам тарқалиб улгурди. 

Намойишлар дастлаб самолёт ҳалокатида қурбон бўлганлар учун мотам маросими шаклида бошланган бўлса, вақт ўтиши билан намойишчилар Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий истеъфо бериши кераклиги ҳақида талаб қўйишига олиб келди. Шундан кейин бунинг ёнига бошқа янги талаб қўшилмади, аммо намойишлар ҳам у қадар йириклашиб, унда қатнашаётганлар сони ўсиб кетгани йўқ. Айни пайтда норозилик ҳаракатлари сони бир неча минг нафарни ташкил этиши айтиляпти.

Атиги икки ой олдин бензин қимматлашиши сабабли келиб чиққан намойишлар эронлик фаолларга кўра анча қаттиққўллик билан бостирилган, турли ҳисоб-китобларга кўра ўша вақтда бир неча юз кишидан бир ярим минггача намойишчи ҳалок бўлган. 

Ҳозир у каби намойишларни қаттиққўллик билан бостириш ҳам, қурбонлар ҳам йўқ. Шунга кўра, ҳукумат бу сафар Интернетни узиб, мамлакатни ташқи дунёдан ажратиб қўймади. Ижтимоий тармоқларда полиция Теҳронда ўқотар қурол қўллагани ҳақида хабар тарқалди, аммо ҳукумат буни рад этди.

Душанба куни Эрон газеталари "Кечирилмайди!", "Узр сўраб, истеъфога кетинглар" каби сарлавҳалар билан чоп этилди

 

АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Твиттерда Эрон ҳукуматини “Сизларни бутун дунё, энг муҳими, АҚШ кузатиб турибди. Интернетни қайтадан ёқиб, намойишчиларга эркинлик беринг”, деб огоҳлантирди. 

Ҳокимият намойишчиларга ҳозир анча тоқатли муносабатда бўлаётганини Трампнинг огоҳлантириши ёки кўчага чиқаётган эронликлар сони аввалги намойишларга қараганда сезиларли даражада камлиги билан билан изоҳлаш мумкин.

Аммо кузатувчилар бошқача фикрда: ўтган шанба куни кўчаларга Эроннинг ўрта қатлам вакиллари чиқди, бундай намойишни куч билин бостириш қийин бўлади. 

Уч кунлик инкор

Эрон ҳукумати 8 январ куни айнан мамлакат ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг хатоси туфайли Украинага тегишли  Boeing 737-800 самолёти уриб туширилганини бошида тан олмади. Шунинг учун амалдорлар аксари Эрон ва Канада фуқаролари бўлган 176 киши ўлимига олиб келган авиаҳалокатга Эрон ҳарбийлари алоқадор эканлигини бутунлай рад этди.

Бу ҳақдаги тахминлар АҚШ психологик урушининг бир қисми деб баҳоланди. “Аниқ ва тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, самолётга ҳеч қандай ракета тегмаган”, деди ҳалокат куни Эрон фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Али Обидзода.

Бироқ орадан уч кун ўтиб, 11 янгвар куни ҳукумат самолёт хатолик туфайли уриб туширилганини тан олди ва амалдорларнинг сўз оҳанги кескин ўзгарди: энди инкор ўрнига узр айтила бошлади. 

“Бир қатор ватандошларимиз бизнинг хатомиз оқибатида шаҳид бўлди. Аммо бу хато эди ва бунинг учун узр сўраймиз. Ҳозир жуда хижолатдамиз. Аллоҳга қасамки, у ерда бизнинг оилаларимиз, болаларимиз, аёлларимиз, оталаримиз ва ака-укаларимиз бор эди. Мен ҳеч қачон бу қадар уятли вазиятга тушмаганман”, деди Ислом Инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбари Ҳусайн Салами парламентдаги баёнотида. 

“Бундай оҳангда узр сўралиши эронликларни огоҳ қилмаслиги мумкин эмас эди”, деб ҳисоблайди намойишларни ёритаётган New York Times мухбири Фарноз Фасиҳий 

“Кеча Эрон ва ниҳоят самолётни уриб туширганини тан олди. Амалдорлар қаттиқ узр сўраб, бу воқеадан хулоса чиқарганликларини айтишди.аммо менга маълум бўлишича, ҳеч қандай судга тортиш ҳам, ишдан бўшатиш ҳам бўлмайди”, деди у Би-Би-Си билан суҳбатда.

“Чернобил лаҳзаси”

“Самолёт билан боғлиқ ҳодиса шаҳарликларга ўзларида анча вақтдан буён йиғилиб келган норозиликларни юзага чиқариш имкони бўлди”, дейди Британия-Эрон савдо палатаси раҳбари, Британиянинг собиқ молия вазири лорд Норман Ламонт. 

“Генарал Сулаймонийнинг ўлими туфайли мамлакатда нисбий бирдамлик кузатилган эди, аммо самолёт фожеаси жамият фикрида кескин бурилиш ясади”, дейди Ламонт Би-Би-Сига берган интервюсида. 

“Менимча, воқеалар шундай рўй берди: режимнинг бир қисми юз берган ҳодисани унинг бошқа қисмидан яширди. Ҳукуматдаги коррупция ва ноқобилликдан чарчаган одамлар эса буни ҳақиқатна бекитишга уриниш деб баҳолади”, дея ҳисоблайди у.

“Ҳаво лайнери бортида яхши таълим олган ва анчагина юқори даромадга эга бўлган одамлар бор эди. Уларнинг кўпчилиги талабалар бўлгани учун айнан университетларда намойишлар бошланди”, дейди “Теҳрон 2020” Телеграм канали муаллифи, Санкт-Петербургдаги Европа Университети Халқаро дастури раҳбари Геворг Аветикян. 

Эрондаги бу намойишларни кўпсонли деб бўлмайди, ҳаммаси бўлиб бир неча минг киши кўчаларга чиққан

 

“Менимча, бу ерда Чернобил ҳалокатига ўхшаш бир ҳолат бор – воқеани яширишга уриниш ва буни нотўғри тарзда қилиш. Мана шу вазият бир-бирига яқин”, дея изоҳ беради лорд Ламонт. 

“Эронлик шарҳловчилар ҳам самолёт ҳалокати билан боғлиқ вазиятни Чернобил ҳалокати ва совет ҳукуматининг унга нисбатан муносабатига тенглаштирди”, дейди Геворг Аветикян.

“Эроннинг ўзида СССРнинг 1980 йилларда қилган ишлари билан ҳозирги ҳукуматнинг фаолияти ўртасидаги боғлиқликни қидиришяпти”, деб қайд этади у. 

Бу ижтимоий тармоқларда ҳам кўзга ташланяпти. Эрондаги энг оммабоп Телеграм каналлардан бири бўлган @Aparat_tv каналида (2,5 миллионга яқин обуначиси бор) авиаҳалокатдан кўп ўтмай HBO киностудияси суратга олган “Чернобил” филмидаги Виктор Легасовнинг монологи форсча субтитрлар билан пайдо бўлди. 

Монолог “Ёлғоннинг баҳоси қанча?” – деган савол билан тугайди.   

Маданий норозилик

Сўнгги бир неча кун давомида Эрондаги норозилик кайфиятини мамлакатдаги мусиқачилар, режиссёр ва актёрлар қўллаб-қувватлади. 

Бунга энг ёрқин мисол 1983 йили Эрон Маданият ва Исломий йўналиш вазирлиги таъсис этган, ҳар йили ўтказиб келинадиган “Фажр” кинофестивали учраган қийинчиликлар бўлди. 

"Биз фуқаро эмасмиз. Биз асирлармиз. Миллионлаб асирлар!", деб ёзган машҳур эронлик актриса Тарона Алидўстий ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида 

 

Авиаҳалокатдан кейин машҳур кинорежиссёр Масъуд Кимёий “йўловчиларга ҳамдардлик юзасидан” ўз филмини конкурсдан қайтариб олди. Ўтган ҳафта дам олиш кунларида Кимёийнинг айни мавзуда берган видеобаёноти барча ижтимоий тармоқларда тезлик билан тарқалиб кетди. 

Кимёийдан кейин бир қатор машҳур актёр ва актрисалар ҳам шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқди. Бир нечта мусиқачилар Ислом инқилоби байрами муносабати билан режалаштирган концертларини бекор қилди. Улардан бири эса намойишчиларни қўллаб-қувватлаб чиқиш қилди.

Буёғига нима бўлади?

Экспертларга кўра, Эрон ҳукумати самолёт билан боғлиқ ҳодиса сабабли ўзи устувор санаган йўналишларни ўзгартириши мумкин. Ҳозирги намойишларда у қадар кўп одам қатнашмаётган бўлса ҳам ички сиёсатда ўзгаришларга олиб келиши эҳтимоли бор. Чунки бу ҳодиса Эрон элитаси ичида ҳам турли фикрларни келтириб чиқарди. 

Аветикяннинг фикрига кўра, содир бўлган ҳодиса шу вақтгача Эрон Мудофаа вазирлиги ва Ислом Инқилоби муҳофизлари корпуси, шунингдек, шартли равишда мўътадил ва консерватив сиёсатчилар ўртасида мавжуд бўлган зиддиятларни кескинлаштирди.

Аммо аниқ нарса шуки, Украина самолёти ҳалокати ҳокимият ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўзгартиришга баҳона бўлиши мумкин. “Расмий газеталарда ҳукумат танқид қилинаётгани, давлат оммавий ахборот воситалари ҳокимиятни янада очиқроқ ишлашга даъват қилаётганини одатий ҳодиса деб баҳоламаслик керак”, дейди Аветикян. 

“Катта инқироз етилиб келяпти. Албатта, бу ҳозироқ йирик миқёсдаги тўқнашувлар бўлишини англатмайди. Бу инқироз ғоявий бўлади, мана шундай вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида савол қўйилади”, дейди эксперт. 

Ҳозирги иқтисодий эмас, ғоявий табиатга эга намойишларнинг ўтган йил ноябр ойида Теҳронда бўлган “бензин норозиликлари”дан асосий фарқи ҳам бор: ўшанда жамиятнинг бир қисми ҳукумат нима учун халққа ёқмайдиган ислоҳотларни қилганини, бу эса ёқилғи нархи қимматлашишига олиб келганини тушунган эди. Айни пайтда Украина самолёти сабабли кўтарилган норозиликларда эса бундай “тушунган” қатлам йўқ. 

“Кучга қарши гапириш бошқа, ёлғонга қарши гапириш умуман бошқа иш”, дейди Аветикян. 

Лорд Ламонтга кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам сўнгги ҳодисалар Эрон раҳбариятини Қосим Сулаймоний ўлими учун январ ойи бошидаёқ берган ўч олиш ваъдаларидан узоқлаштиради. 

“Ҳозир бусиз ҳам уларнинг муаммолари етарли”, деб ҳисоблайди лорд Норман Ламонт.                

 

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан