2020 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда етиштирилган ўрик мевалари 9 та хорижий мамлакатлар бозоридан жой олган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг матбуот котиби Усмон Абдурасулов хабар бермоқда.
Мазкур мамлакатлар орасида Қозоғистон 6 минг тонна, Россия 3,6 минг тонна, Қирғиз Республикаси 1,2 минг тонна билан юқори улушга эга бўлди. Шунингдек, жорий йилда ўрик меваси Озарбайжон, Грузия ва Туркманистон давлатлари бозорларида ҳам сотила бошланганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон 2020 йилда 11 192,4 тонна ўрик меваси экспорт қилди ва бундан 10,9 миллион АҚШ доллари ишлаб олди.
Шунингдек, жорий йилда маҳсулот экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,6 %га ошган. Хусусан, БАА (580 %), Украина (400 %), Беларусь (54,2 %), Россия (51,3 %) билан савдо ҳажми сезиларли ўсган.