Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Халқ ичига кириш вақти келмадими?
31.07.2017 16:11,  
238

ёхуд сиёсий партиялар фаолиятига танқидий назар

Мамлакат сўнгги ўн ой ичида шиддатли ва кенг қамровли ривожланиш босқичига кирди. Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан давлатни модернизациялаш ва жамиятни демократиялашнинг ривожланган мамлакатларга хос бўлган нафақат янги концепциясини ишлаб чиқди, балки бу янгиланишлар амалиёти ҳаётда намоён бўла бошлади. Бу ислоҳотлар халқ ичида машҳур бўлиб кетган Президентнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” принципи асосида юз бера бошлади. Шу мақсадларда мамлакатнинг барча ҳудудларида Президентнинг Халқ қабулхоналари фаолият юрита бошлади. Яқинда бир миллионлик маррани эгаллаган фуқаролар мурожаатлари ва уларнинг таҳлиллари мамлакат ривожланишига ғов бўлаётган ҳамма тўсиқларни очиб ташлашидан ташқари бир неча йиллар давомида анчагина муаммоларни тўпланиб қолганлигини кўрсатди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш жараёнида тўпланиб қолган муаммолар ўз ечимини топиб бормоқда. Ниҳоятда қисқа вақт ичида фуқаролик жамиятининг иқтисодий асоси ва таянчи бўлган тадбиркорлар фаолиятини эркинлаштириш, уларни ҳуқуқий ҳимоялаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, шаҳарлар, туманлар, қишлоқларни ободонлаштириш, маҳалла гузарларини инсон фаровонлигини ривожлантиришга қаратилган қонунчилик асосларини шаклланиши, уларни ҳаётда амалга оширилиши жараёни ақл бовар қилмайдиган даражада авж олмоқда.

Мамлакатда авж олиб бораётган ислоҳотлар жараёни шуни кўрсатдики, сиёсий тизимда парламент ва сиёсий партияларни барқарор ишлашини амалга оширмай туриб, ҳақиқий ва изчил демократик жараёнларга эришиб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам Президент Ш.М.Мирзиёев шу йилнинг 12 июлидаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламент сиёсий партиялар фаолиятидаги турғунлик ҳамда уларни ўз ваколатларини бажара олмаётганлигини очиб ташлади ва бу соҳадаги вазифаларни асосий йўналишларини белгилаб берди. Президент Ш.М.Мирзиёевнинг кўрсатишича “бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади. Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти”.

Бу анжуман жараёнида, ундан кейин оммавий ахборот воситаларида депутатлар ва сиёсий партияларнинг етакчилари “Биз буни билмаган эканмиз” ёки “Президентимиз ўринли танқид қилиб кўзимизни очдилар” қабилидаги “дил изҳорлари” билан чиқишлари кузатила бошланди. Табиий, савол туғилади. Хўш, шу давргача соҳада фаолият юритаётган депутатлар ва партия раҳбар органлари бу камчилик ва муаммоларни билмаганми? Чуқур илдиз отиб кетган бу муаммоларни олдини олишга нималар тўсқинлик қилган эди?

Сиёсий партиялар ҳаётида демократик принциплар талаблари асосида бошланғич ташкилотлар тузилмаганлиги, сиёсий партиялар ўртасида ўзаро мухолифлик ёки конструктив рақобатчиликнинг етишмаслиги каби ҳолатларни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, партиялар ўзаро мухолифатга киришмай туриб ривожлана олмайди-ку?

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишидаги маърузасида партиялар фаолиятига жуда ўринли баҳо берди. Маърузадаги аччиқ танқид сиёсий партиялар ва уларнинг маҳаллий ташкилотларида бироз жонланиш бўлишига таъсир кўрсатди. Ёшлар орасида анча умид учқунлари пайдо бўла бошлади.

Агар биз сўнгги ўн йилликлардаги ижтимоий-сиёсий ҳолатларга эътибор берсак, партияларнинг ўз электорати олдида обрўсини йўқотиб қўйганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳозирги даврга қадар бирон-бир партия ўз аъзоси ёки электоратининг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари учун астойдил фаолият юритганлигини эслай олмаймиз. Жойларда тўлиб-тошиб ётган муаммолар ечимини топган бирон-бир мисолни келтириш қийин масала. Лекин, партияларнинг бу соҳадаги фаолиятини йўқлигига мисоллар исталганича топилади. Ўзбекистон либерал демократик партиясига аъзо бўлган Косонсойлик тадбиркор, цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Қурувчи-Кушон МЧЖ” раҳбари Б.Камолов уч юз кишини иш билан таъминлаш мақсадида хусусий корхонасига хориждан ускуналарни олиб келишда қийинчиликка учраб, сарсон-саргардон бўлиб, партиянинг ҳудудий кенгашига, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир неча марта мурожаат қилиб, улар томонидан ҳеч қандай ёрдам ололмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Шу муаммони ҳал этилишига партиянинг парламентдаги каттаконлари ёрдам берса, мана партия Косонсойда тадбиркорнинг муаммосини ечди ва уч юз кишилик иш ўрни яратилишига ёрдам берди деб жар солса, нафақат электорати олдида, балки халқ олдида ҳам ҳурмат ва ишончга сазовор бўлмасмиди? Ахир бу реал фойда келтирувчи рекламаку!

Ёки Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз электорати - пенсионерлар ҳамда ногиронларни арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлашда дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда иштирок этиши мумкинмиди? Партия сайлов яқинлашганида қандай юз билан “биз ўз сайловолди вазифамизни бажардик” дея олади? Ёки, “Миллий тикланиш” демократик партияси ўзини зиёлилар, ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишини, миллий мерос ва қадриятларимизни тиклашни ўз дастурига асосий вазифа сифатида киритган. Лекин, партия ҳозирги даврда миллий бирлигимизга ва миллий уйғонишимизга таҳдид солаётган турли хуружлар – диний эктремизмдан, ғарбдан ёшларимиз дунёқарашига хавф солаётган “оммавий маданият”дан ҳимоя қилиш, уларга қарши ёшлар иммунитетини шакллантиришда бирон-бир жўяли иш қилганлигини эслай олмаймиз. Ҳозир ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ўрнига уларни турли оқимлар таъсирига берилишини кузатиш қачонгача давом этиши мумкин? Бу соҳада партия ёки унинг ташкилотларини бирорта салмоқли таклиф ёки дастур билан чиққанлигини ким эслай олади?

Энг ачинарлиси, халқимизда миллий ўзликни англаш ва миллий қадриятларни тиклаш тамойилларини ўз дастурида намоён этган “Миллий тикланиш” демократик партияси нафақат халқимиз, балки ёшлар ўртасида ҳам уларни ўзига жалб эта оладиган чора-тадбирларни амалга ошира олмади. Фарғона водийси ёки бошқа минтақаларда турли ноконституциявий ташкилотлар махфий ва яширин ҳолда экстремистик ғояларни ёшларимиз онгига синдираётган бир пайтда, партия ташкилотлари нафақат уларга қарши ғояларни илгари сурди, балки ўзларининг партиявий ғояларини ҳам ёшлар онгига сингдира олмади. Энг ачинарлиси шундаки, бу соҳадаги муаммоларни бартараф этишда “Миллий тикланиш” партиясининг ресурслари етарли даражада эди. Бу ресурслар ҳозир ҳам мудраб ётибди.

Жамиятда бевосита инсон ҳақ-ҳуқуқларини ифода этиш ва ҳимоялаш соҳасини ўз дастурий мақсадларига айлантирган “Адолат” социал-демократик партияси шу давргача ўзининг олдига қўйган вазифалари ва сайловоди ваъдаларини бажара олмади. Улар фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим соҳаси–ҳуқуқий давлатга хос бўлган суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиши ва унги илгари суриши мумкин эди. Лекин, бу дастурий вазифа умуман бажарилмади. Шунингдек, партия томонидан жамиятда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва шаффофлигини таъминлаш, одил суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш каби долзарб масалаларни кўтармади. “Адолат” социал-демократик партияси қонуний ҳақ-ҳуқуқи топталган бирорта партия аъзоси ёки электорати вакилини ҳимоя қилиш ташаббуси билан чиққанида ҳам халқимиз назарига тушиши мумкин эди.

Хўш, нима учун Порталга қилинаётган мурожаатлар сони бугун бир миллиондан ошиб кетди? Чунки, жойларда на маҳаллий ижроия органлари, на маҳаллий вакиллик органлари депутатлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, сиёсий партияларнинг марказий ва маҳаллий ташкилотлари бир неча йиллардан буён фуқароларнинг шахсий муаммолари ва манфаатларини нафақат ҳимоя қилди, балки уларнинг бирортаси уларга қизиқиб ҳам кўрмаган. Ҳозирги кунда бир неча юз минглаб фуқароларнинг Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларида келтирилган арзлар ва шикоятлар бу ҳолатни исботлаб турибди.

Агар маҳаллий мансабдорлар, партиялар марказий ва ҳудудий ташкилотлари турли арзнома ва мурожаатлар билан чиққан фуқароларга “Бу бизнинг ишимиз эмас”, “Сизнинг муаммоларингизни ҳал этиш бизнинг ваколатимизга кирмайди, сиз бу масала билан юқорига мурожаат қилинг” қабилидаги жавоблар билан ўзларидан соқит қилмаганларида арз ва шикоятлар миллионликлик маррани эгалламас эди. Улар Президентимиз таъбири билан айтганда, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш кўрган эди.

Агар сиёсий партияларнинг маҳаллий кенгашлари мурожаат билан келган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмакчи бўлганида эди ҳозирги кунга келиб мурожаатлар сони бу қадар ошиб-тошиб кетмаган бўларди. Афсуски, бу ҳолда партиялар ўзининг жамият сиёсий тизимидаги функционал вазифасини қандай бажаради? Партия фуқароларнинг сиёсий манфаатлари ва муаммоларини сиёсий тизимга киргиза оладиган кучга эга бўлиши лозим. Сиёсий ана шу партиялар ташиб олиб келган муаммолар, талаблар асосида қарорлар қабул қилиши лозим. Ана шундагига ҳуқуқий давлатга хос адолат принциплари ишлаб кетади. Ҳозирги аҳволда бу ҳақда гапиришнинг ўзи ҳам ортиқча, деб ўйлайман. Агар партиялар фуқаролар мурожаатига эътибор билан қараганида эди, уларнинг бир қисми партига аъзо бўлиши мумкин эди.

Айниқса, илгарилари сайловолди жараёнларида ҳокимнинг тавсияси ёки маҳаллий бошқарув органлари томонидан муайян партияга аъзо бўлган кишиларни депутатликка номзодларини илгари суриш усули эскирди. Чунки, ҳоким тавсия этган номзод депутатликка сайланиб қолса, у партия дастурий мақсадларини ва унинг ғояларини амалга оширишга заррача ҳаракат қилмаслиги барчага аён-ку? Бу ҳолатда депутат бўлиб сайланишга партия эмас, балки ҳоким ҳомийлик қилган бўлиб чиқади-ку. Наҳотки, ана шу оддий ҳақиқатни тушуниш шунчалик қийин бўлса?

Маълумки, ҳар бир партиянинг парламентда ва маҳаллий кенгашларда халқ томонидан сайланган ўз вакиллари (Қонунчилик палатасида партияларнинг депутатлар фракциялари, маҳаллий вакиллик органларида партия гуруҳлари) мавжуд. Агар партия ташкилотлари халқ ўртасида ва жамиятда обрў қозонганида ана шу ўз вакилларидан ўз дастурларидаги мақсад ва вазифаларни бажариш учун самарали тарзда фойдалана олар эди.

Ҳозирги амалиётда сайланган депутатни мандатини муддатидан аввал бекор қилиш каби олиш ҳолатлари учраб турибди. У қонунга ҳилоф фаолият юритганганлиги учун ўз мандатидан ажралади. Кўпинча партия органлари унинг нима учун мандатдан айрилганлиги сабабини ҳам билолмайди. Бу каби ҳолатда партия ташкилотлари ортиқчадек кўринмайдими?

Сиёсий партияларнинг ташкил топганига 22-26 йил ўтибдики, ҳанузгача улар ўртасида чинакам демократик қадриятларга асосланган ўзаро мухолифлик ёки ўзаро рақобатчилик ривожлангани йўқ. Лекин, баъзан ўзар муҳолифлик “имитацияси” кўзга ташланади, лекин бу ҳолатни фракция аъзоларидан бошқалар билмайди. Ёки, баъзан партия газеталарида “тортинчоқ” баҳс-мунозарлар кўзга ташланади. Лекин, бу газеталар бошланғич ташкилотларга етиб бормайди. Уларнинг бу каби баҳс-мунозарлари кўпроқ бир-бирига мулозимат қилаётган меҳмоннавозликка ўхшаб кетади. Тўғри, рақобатдошлик дегани бир-бирига ҳурматсизлик кўрсатиб, жиққамушт бўлиш дегани эмас, балки жамият фаровонлиги йўлидаги ўзаро конструктив мухолифатчиликдир.

Ҳозирги техник ва технологик инқилоблар даврида сиёсий партиялар ўзларининг деярли ишламайдиган Интернет сайти билан қандай мақсадларга эришмоқчи? Нега шундай шидатли ўзаро ғоявий тўқнашувлар ва курашлар даврида ижтимоий тармоқларда партияларнинг овози йўқ? Улар иш пайтида нима билан шуғулланади? Ёки мустақил журналистлар танқидидан қўрқадими?

Нима бўлганида ҳам фикрлар турғунлиги ва тафаккурлаш қашшоқлигидан воз кечиш даври келди. Бизнинг жамиятимизга таҳдид соладиган турли мафкуралар ва оқимлар билан маърифий курашларга киришиш вақти аллақочон келиб бўлди. Дадиллик билан хорижий мунаққидлар баҳсга киришиш – давр талаби!.

Жамиятимизда онг ва шуурга нисбатан хуружлар, маънавий хавфсизлик масаласида пайсалга солиб бўлмайдиган тезкор амалий чора-тадбирларни шошмасдан секин амалга оширишга ҳаракат қиламиз-у, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши аниқ чора-тадбирларни узоқни кўзлаб, ақл ва тафаккур билан ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш жараёнини қандайдир “навбатчи” жамоатчилик кенгашига юклаймиз. Бу эски усуллар ўз самарасини йўқотиб бўлди. Энди жойларда, меҳнат жамоларида, маҳаллаларда, гузарларда партиялар ва уларнинг бошланғич ташкилотлари иш олиб боришлари лозим.

Айниқса, турли мафкуралар ва ғоялар билан қуролланган рақибларимизга қарши ўта примитив ва алмисоқдан қолган усуллар воситасида, шунингдек телеканаллардаги “сценарийлар” асосидаги давра суҳбатлари ташкил этиш кабилар воситасида курашиш ўз умрини тугатди. Президентимиз халқ ичига кирайлик, деб бежиз даъват этаётгани йўқ!

Хулоса қилиб айтганда, шу азиз Ватанимиз тараққиёти учун курашиш, бутун бир бошли мамлакат аҳолисини фаровон қилиш ёлғиз Президентимизнинг ўзини иши эмас-ку! Бу йўлда бутун бир жамият, халқимиз, жумладан, олий ва маҳаллий вакиллик органлари депутатлари, сиёсий партиялар Йўлбошчимиз атрофида метиндек жипслашишимиз лозим. Бу йўл барчамизнинг мафаатларимизга ва халқ фаровонлигига хизмат қилади. Бугун бу йўлни барчамиз чуқур ҳис қилмоғимиз, фарзандларимиз эртасини ўйлашимиз, ўз соҳамизга масъулият билан, муҳаббат билан ёндашишимиз лозим бўлади.

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ

Facebookдан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан