Байрам кунлари Тошкентга транспорт воситаларининг кириши чекланиши мумкин

23.08.2017 | Жамият | 3023

Ўзбекистон Мустақиллик куни (1 сентябрь) арафасида ва байрам кунлари пойтахтга кириб келаётган транспорт воситалари қатнови бироз чекланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳамедов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, байрам муносабати билан пойтахтимизда хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида транспорт воситалари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жиддий текширувдан ўтказилмоқда.

«Тозалаш-антитеррор» тадбирлари доирасида кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, корхона ва ташкилот, меҳмонхона, муассаса, кафе-бар ва ресторанлар, савдо ва хизмат кўрстувчи объектлар, қурилиши тугалланмаган жойлар, гаражлар ва ҳоказолар ўрганиб чиқилди. Шу аснода қарийб 10 минг ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Айбдорларнинг тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Шубҳа уйғотганлиги ёки ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун 16 мингга яқин шахс ички ишлар органларига олиб келинди. Улар билан тегишли тартибда иш олиб борилмоқда.

Тадбир давомида жами 660 нафар ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахс аниқланиб, профилактик ҳисобга олинди. 454 нафар жиноят содир этиб қидирувда юрган шахслар ушланди. Текширувлар давомида 10 қурол, 4 ўқ-дори, 5 диний экстремистик оқимларга мансуб адабиёт ва варақа олинди. Жиноятчи шахслардан 126 килограммдан ортиқ гиёҳванд модда олинди. Блок постлар ва чегара масканларида барча автоулов ҳамда поездлар текширувдан ўтказилаётир. Аниқланган қонунга зид ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Паспорт-виза қоидаларини бузган 3 мингга яқин шахс жавобгарликка тортилди. Ўзбекистон ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган 13 нафар хориж фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакатдан чиқариб юборилди.