Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Худо шифо берсин
28.08.2017 18:56,  
66

Ғани ошпаз ишдан келгач, ўғлининг бетоблигини билдию, қўшниникига телефонга югурди. 03га сим қоқиб, тезроқ келиб ўғлини кўриб қўйишларини илтимос қилди. Аниқроғи, Худонинг зорини қилди. Гап орасида бензин борлигини ҳам негадир қистириб ўтди.

Қўшниникидан чиққан эди ҳамки, хотини Бисолиҳа опанинг челак кўтариб чиқаётганини кўрди:

- Сув қомабдими?

Бисолиҳа опа бутун бир нафасини “ҳа” деган сўзга ишлатди-ю, қаққайиб турган эрининг олдидан ўтиб, шу кўчада ягона бўлган, у ҳам бўлса вақти-вақти билан оқиб турадиган артезиан кран олдига келди. Челакни сув тагига қўйиб, “қайтишизда олиб кирарсиз, Бунёджонга шулла қилаётгандим” деб уйга кириб кетди.

Ғани кўп ўйлаб ўтирмай нариги қўшни, Ибройим акаларникига кирди. Ибройим ака шофёр, унда бензин албатта бўлади.

Чамаси 10 дақиқача вақт ўтди, бу орада Ғани ошпаз қўлидаги бир баклашка бензин билан қўшнининг уйидан чиқаётган эди. Ҳали-ҳануз бизда қўшничиликнинг йўқолиб кетмаганига хурсанд қадам ташлар экан, оббо-о! Хотини сув тагига қўйиб кетган челак ағдарилиб тушибдию! Ўзи ёш боланинг пешобидай сув бўлса. Тўлиши учун яна кутиш керак. Ағдарилган бўлса-да, ҳар тугул челак тубидаги сув бир чой дамларлик эди. Челакни олиб уйга шошилди. Ахир шошилмай бўладими, дўхтирлар келгунча чой қайнамаса, уят-а!

Бензин тўла баклашкани эшик ортига қўйиб, чой қўйди. Яна бироз кечикишса, чой ҳам қайнаб қолади, деган фикрлар билан газ плитада мил-мил ёнаётган оловга қаради.

Ичкарида Бунёджоннинг инқиллаши, онасининг уни тинчлантиргани эшитилиб турарди. Ғанининг кўнгли бир ёмон бўлди, ташқарига чиқди. Кўчада қанча турганини билмайди, узоқдан бир оқ Дамас у томон келарди. Кун ғира-шира бўлиб қолгани учун чироқларини ёқиб олган, тўғри Ғанининг олдида тўхтади.

- Сиз чақиртирганмидингиз?

- Ҳа, ассаломалайким. Келдиларингми? Йўл сал ноқулай эди, қийнаб қўймадими ишқилиб? – Ғани хижолат эди.

Улар уйга киришганда Бисолиҳа опа меҳмон кутар даражада бўлмаса ҳам ҳар қалай дастурхон тузаб қўйган экан.

Тўрда, юқорида касал ётибди. Ундан пастроққа дўхтир ака ўтдилар, кейин у кишининг шофёрлари, Ғани ака ва Бисолиҳа опа.

- Нима бўлди? Шамолладизми полвон?

- Ангинаси шекилли, - Бисолиҳа опа тушунтирмоқчи бўлди.

- Қани ўғлим, оғзингни оччи, а-а-а…

Дўхтир ўз касбининг устасидай кўринарди. Фонендоскоп тақиб кўкракларни текширди, кўзларига тикилди, ангинасини ҳам бир кўз текшириб қўйди, хуллас ҳар бир дўхтир касалнинг олдида кўрсатадиган ҳунарини намойиш этди. Кейин опага қараб “қўрқадиган жойи йўқ, шприц бўлганида укол қилиб қўярдим”, деди.

Бисолиҳа бир муддат жим туриб қолдию, “ҳозир”, деганча ташқарига югурди.

Ғани уйдаги жимликни бузиш учун “қўшнимиз ҳам дўхтир, кирсам бугун қариндошиникига меҳмонга кетибди”, деб гап бошлади. Лекин давом эттиролмай, “меҳмонлар”ни дастурхонга қаратди.

- Болани кўп ҳам кўчага чиқаравермаслик керак, ака, ҳозир кун совуқ. Бунақада бизни тез-тез чақириб туришларинг ҳам ҳеч гапмас, - деди дўхтир унга узатилган чойни оларкан.

- Йўқ, энди рухсатимсиз кўчага чиқмайди. Ўзим контрол қиламан, дўхтир.

- Мен ҳозир бир-иккита дорилар ёзиб бераман, ўшалардан ичиб туриши керак.

Бечора қоғоз-қалам олишга ҳам улгурмади. Чироқ ўчиб қолди! Боядан бери дастурхонни “текислаётган” шофёр ҳам саросимада қўлидан ниманидир тушириб юборди. Қошиқ бўлса керак. Шу пайтгача асабларини жиловлаган Ғани эндиям чидаёлмади.

- Садқаи мустақил бўл-э! Шу ҳам иш бўлди-ю! Нима қиларкин шунча одамнинг чироғини ўчириб?! Тавба! Ғорга берадими? Ҳар куни шу аҳвол, ака!..

У ҳам гапирар, ҳам токчада ёниб яримта бўлиб қолган шамни қидириш билан овора эди. Дастурхонга келтириб қўяр экан Бисолиҳа опа ҳам кириб келди. Қўлида шприц ва дори. Ўзи ҳансираб турганидан уйма-уй югурганини тахмин қилиш мумкин. Ахир шу пайт бу матаҳни кимдан ҳам топиш мумкин, қўшни дўхтир бўлгани билан ундаям йўқ.

Дўхтир олий маълумотли эмасми, қоронғуда бўлса ҳам мўлжални яхши олиб укол қилди. Касалнинг инқиллаши десак бўлмас, зўр бериб бақиришини ҳисобга олмаганда ҳаммаси рисоладагидай ўтди.

Дўхтир ваъдасига вафо қилиб, бир-иккита дориларнинг рўйхатини, истеъмол қилиш қоидаларини ёзиб берди. Ҳатто, Ғани билан энди таниш бўлиб қолишганини айтиб, қайси дорихонада арзонроқ эканини шипшиб қўйди.

Ғани ошпаз ва Бисолиҳа опа келганларни ташқарига кузатиб қўйишар экан, бу пайтда шофёр ҳалиги баклашкани бўшатиб бериш илинжида ўзининг бензин идишига қуяётган эди. Униям тўғри тушуниш керак. Ҳар уйдан баклашка олиб кетаверса, ҳамма ёқ бакалашкага тўлиб кетадию. Шунча даҳмазани бошига урадими? Яхшиси ўзига идиш қиволса, ўшанга бўшатиб олаверади.

Оқ Дамаснинг кетидан анчагача қараб қолишди.

- Зора энди Худо шифо берса, - зорланди Бисолиҳа опа.

Ғани ошпаз хотинига бир қарадию, индамай уйига кириб кетди.

2002 йил, март

Баҳодирхон Элибоев

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан