Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эҳтиёт бўлинг: Pepsi ичимлигига ОИВ юқтирилган қон қўшилмоқда (мақолани охиригача ўқишни маслаҳат берамиз)
7.09.2017 11:27,  
118

Ижтимоий тармоқлар, чат-мессенжерлар ва СМС орқали турли спам-хабарлар, сохта баёнотлар ва тўқима эълонлар тарқатилишига ўрганиб қолганмиз. Қўрқинчли воқеа ва ҳодисалар, таркиби шубҳали маҳсулотлар ва касалликлар ҳақидаги хабарлар айниқса яшин тезлигида тарқалади. Бугун исталган одам ўзи тарқатишни истаган ёлғон маълумотни катта тезликда одамларга етказиб қўя олади. Глобаллашувнинг энг салбий жиҳатларидан бири ҳам шу аслида.

Ахборот асрида маълумот жуда кўп. Бугун исталган ахборотни арзимаган бир неча сония ичида интернет тармоғидан билиб олиш мумкин. Аммо ҳақиқат билан ёлғоннинг фарқини аниқлаш ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгандан сўнг янада мушкуллашди. Агар киши жуда ишонувчан ва унда фейк хабарларга қарши иммунитет шаклланмаган бўлса, ёлғон хабарларни ўзи билмаган ҳолда тарқатишга ҳисса қўшаверади.

Телеграм тармоғи орқали бир дўстимдан келган хабар мени таажжубга солди. Эмишки, Pepsi заводида ОИВ вируси билан касалланган ходим ўз қонидан ичимликка қўшиб юборибди. Бу воқеа Австралиянинг машҳур Sky News​ телеканали орқали намойиш этилган эмиш. Огоҳлантирув хатида бир неча ҳафта Pepsi ичмай туришим ва саломатлиги мени қизиқтирадиган кишиларга ушбу хабарни етказишим сўралибди.

Ушбу хабарни ўша дўстимга қайсидир таниши юборган, унга эса биз танимайдиган тўртинчи шахс, унга яна бошқа кимдир… Хуллас, буёғи занжир каби бир-бирига уланиб кетаверади. Ҳамма ўз яқинларини огоҳлантириш ҳаракатига тушиб қолган. Бу каби қўрқинчли хабар келганда ҳамма ташвишга тушиб қолиши, танишларини бундан хабардор қилишга уриниши табиий ҳол. Аммо…

Менинг битта камчилигим бор: қандайдир хабар ё эълонлар келса, унинг ҳақиқийлигини текширишга одатланганман. Одатда газли ичимликларни жуда кам истеъмол қиламан. Ўзим охирги марта қачон Pepsi ичганимни эслолмасам ҳам, хабарнинг аниқлигини текшириб кўришни истадим. Google деган билағон дарров ҳақиқатни аниқлашга ёрдам берди.

Маълум бўлишича, Pepsi ҳақидаги хабар икки ҳафта илгари ижтимоий тармоқларда тарқалган экан. 21 август куни гўёки Лондон полицияси томонидан юборилган «муҳим хабар» барча Британия фуқароларига огоҳлантирув эканлиги иддао қилинган. «Полиция хабарномаси»да Pepsi заводи ишчиси ОИВ юқтирган қонини ичимликка қўшгани ва бу Sky News​ орқали намойиш қилингани айтилган.

Кўп ўтмай мазкур хабар Лондон полицияси ва Sky News​ телеканали томонидан инкор қилинган. Аммо икки ҳафтадан бери фейк хабар ижтимоий тармоқларда айланиб юрибди. Тарқалаётган хабарда Sky News​ лавҳаси икки ҳафтадирки «кеча намойиш қилингани» айтилади. Pepsi заводидаги воқеа намойиш қилинган видеотасвир эса, ҳозирча, топилмади.

Қизиғи, оммабоп ичимликка ОИВ вируси юқтирилган қон аралаштирилгани ҳақидаги миш-миш биринчи марта юзага чиқиши эмас. Худди шундай мазмундаги хабар илк бор 2011 йилда Ҳиндистонда тарқалган. Ўтган давр давомида гўёки Деҳли полициясининг Pepsi, Cоcа-Cола ва бошқа бир қатор оммабоп ичимликларга ОИВ вируси юқтирилган қон қўшилганидан огоҳлантирувчи хабарномасини қайта-қайта тарқатиш орқали ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилган. Аммо улардан ҳеч бири исботини топмаган.

ОИВ вирусини озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тарқатилаётганига оид қўрқинчли хабарлар 2004 йилдан бери у ёки бу маҳсулотга нисбат берилган тарзда тарқатиб келинди. Дастлаб, кетчуп ва томат пастасига аралаштирилган қон ОИВ вирусини тарқатишга хизмат қилаётгани иддао қилинган бўлса, кейинчалик ичимликлар шов-шув марказига айлантирилган.

Шифокорлар эса ОИВ вирусини қон аралаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали юқтириш тиббий жиҳатдан имконсиз эканлигини таъкидлашади. Ҳозирга қадар вируснинг озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиш ҳолати аниқланмаган. Боиси, ОИТС номли хавфли касалликка элтувчи ОИВ вируслари инсон танасидан ташқарида яшай олмайди.

Британиядаги ОИВ/ОИТС ва вирусли гепатитнинг олдини олишни назорат қилиш бўйича Миллий Марказ тадқиқотчиси Донника Смоллснинг айтишича, ОИВ вируси юқтирилган қон ёки қон аралашган озиқ-овқат истеъмол қилинган тақдирда вирус ошқозон кислотаси таъсирида нобуд бўлади.

Ижтимоий тармоқларда бундай фейкларни тарқатишга мойил кишилар кўп учрайди. Шов-шув кўтаришга ўч, бундай хабарларни биринчи бўлиб улашишдек «муҳим вазифа»ни қойиллатишга ишқибоз кишилар уларни содда одамлар ўртасида тарқатишга зўр бериб уринишади.

Ҳаётимизда бунга мисоллар қалашиб ётибди. Кунда ёки кунора спам-хабарлар телефонимизни безовта қилади. Уларда гоҳ қандайдир маърузани тарқатишга катта савоб ва ишингиз юришиб кетиши ваъда қилинган бўлса, гоҳ ҳайит кунини биринчи айтган одамга жаннат хабари берилади. Кўпинча уни тарқатмаган одамлар турли хил балога йўлиққани тўғрисидаги қўрқинчли хотималардан огоҳлантиришлар ҳам қўшиб қўйилади.

Ўзига етиб келган хабарни текширмасдан тарқатадиган одамларни ҳақиқий ОИВ – Оммавий Ишонувчанлик Вирусини юқтирган кишилар деб атаган бўлардим. Бу вирус эса охир-оқибат ҳақиқий ОИТС – Орттирилган Идрок Танқислиги Синдромига олиб бориши тайин. Ўта ишонувчанлик идрок танқислигини келтириб чиқаради ва натижада унга чалинган жамият аъзолари ҳақиқат ва ёлғоннинг фарқига бормайдиган, идрок қилолмайдиган ҳолга тушишади.

Унинг хавфлилик даражаси Орттирилган иммунитет танқислиги синдромидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Чунки Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми инсонни кўпи билан жисмоний ўлимга олиб боради. Идрок танқислигига чалинган кишилар эса жисмонан тирик бўлгани билан онги бошқалар томонидан бошқарилади.

Хулоса ўзингиздан.

Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан