Тест натижалари бўйича 4001 нафар абитуриент апелляция берди

23.09.2017 | Ўзбекистон | 3923

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда ўтказилган тест синовлари натижалари бўйича берилган мурожаатлар 2017 йилнинг 15 август кунидан бошлаб 4 сентябрга қадар тест натижаларидан норози бўлган 4001 нафар абитуриентдан аризалар қабул қилинди. Бу ҳақда ДТМ Ахборот хизмати хабар берди.

Аризалар жорий йилнинг 18 август – 18 сентябр кунлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2017 йил 14 августдаги 6-сон баёни билан тасдиқланган фан эксперт гуруҳлари аъзолари томонидан бевосита апелляция шикоятини берган абитуриентлар иштирокида кўриб чиқилди.

Ариза берган жами абитуриентларнинг 657 нафари апелляция жараёнига келмади, 248 нафарининг ҳужжатларида камчиликлар мавжудлиги сабабли, апелляция аризалари кўриб чиқилмади, 1 нафар абитуриент апелляция ўтказиш тартибини бузгани сабабли, жараёндан четлаштирилди.

Кўриб чиқилган аризалар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва Давлат комиссиясига тақдим этилди.