Уйчи тумани ҳокимининг мурожаати: "Эгатда минг эгилганинг ибодатдир!"

06.10.2017 | Блог | 3583

Наманган вилояти Уйчи туманинг “Уйчинома” газетасида туман ҳокими Абдуғани Турдиевнингпахта йиғим-теримига бағишланган  аҳолига мурожаати чоп этилди. Sof.uz ижодкорлари яқин ўтмишимиз газеталарида нашр этилувчи узун нутқларга ўхшаш дилдан ёзилган ушбу  мурожаатномани сайтда ҳам беришга қарор қилди.

ЎРНИМИЗ - ПАХТАЗОРДА

Туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани ТУРДИЕВнинг туман аҳлига, пахта йиғим-теримидаги барча ҳашарчиларга

М У Р О Ж А А Т И

АЗИЗ ҲАМЮРТЛАР!

Мана, ўзбек халқининг азалдан миллий ифтихори ва ғурури бўлган пахтани йиғиб-териб олиш ҳал қилувчи паллага кирди. 7039 гектар майдонга чигит экиб, 23229 тонна "оқ олтин" тайёрлашга бел боғлаган деҳқонларимиз, уларга беминнат кўмак бераётган ҳашарчилар фидойиликлари боис ҳозиргача 12 минг тоннадан зиёд юқори навли ҳосил давлат омборларига топширилди. Таҳлилларнинг кўрсатишича, бугунги кунда биринчи терим ўтказилмаган майдонлар бор. Ана шу майдонлардаги ҳосилни нест-нобуд қилмай, йиғиб-териб олиш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Шу кунларда туманимиз далаларида 10 минг киши теримда қатнашяпти. Агар 10 минг киши ўртача 50 килограммдан натижа кўрсатганда ҳам 500 тонна ҳосил йиғиштириб олинади. Бизда улар сонини 20 минг нафарга етказиш учун барча имкониятлар бор. Бу туман аҳолисининг ўндан бир қисми демакдир.

Доно халқимиз топиб айтганидек, кўпдан қуён қочиб қутулмас. Агар биз уйчиликларнинг доимий анъаналарига содиқ қолиб, ҳамжиҳатликда, елками-елка туриб меҳнат қилсак, албатта, ниятимизга етамиз. Зеро, туманимиз аҳли ҳамиша лафзининг устидан чиқиб, ваъдага вафо қилиб келган. Чунки ваъдага вафо ҳам иймондан.

ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ РАҲБАРЛАРИ!

Деҳқон учун ўзи яратган ҳосил фарзандидай гап. Ҳеч ким ўз фарзандини қаровсиз ташлаб қўймайди. Қишлоқда мулкдор бўлган сизлардан бугун ҳар қачонгидан кучли масъулият талаб этилади. Йиғим-теримда иштирок этаётганларга барча шарт-шароитларни яратиб беринг. Ҳосилни қисқа муддатда йиғиштириб олиш бугунги шижоатингиз, саъй-ҳаракатларингизга боғлиқлигини унутманг. Ҳозирги шароит сизлардан ана шундай фидойиликни талаб қилмоқда ва сиз бунга қодирсиз, деб ишонаман. Зотан, "Кигиз кимники бўлса, билак ўшаники",-деганларидек, ҳосил тақдири учун энг куюнчак кишилар сизлардирсиз.

ОТРЯД РАҲБАРЛАРИ МАҲАЛЛАЛАРДАН ҲАШАРГА ЧИҚҚАН ОЛИҲИММАТ ТЕРИМЧИЛАР!

Ҳар бир ишда юқори натижага эришиш, даставвал, тартиб-интизомга боғлиқ. Теримдаги интизом, исрофгарчиликнинг олдини олиш билан бирга, хирмонимиз баракасини таъминлайди. Бунда доимий назорат, шахсий масъулиятнинг аҳамияти катта. Ҳисоблаб кўрганда, битта чаноқда бир чигит қолдириш, ҳар гектарда 150 кг.гача ёки туман бўйича минг тоннадан зиёд ҳосил йўқотилади, демакдир.

Жойларда тузилган назорат гуруҳи аъзоларининг тавсия ва талабларига риоя этиш, терим сифатининг кунлик назоратини ўрнатиш, сифатсиз терим ҳолатлари аниқланганда, отряд раҳбари ва аъзоларини ўз вақтида огоҳлантириш, йўқотилаётган ҳосил ҳисобини чиқариб, ундан олинадиган маҳсулотлар ҳажми ва миқдори ҳамда кўриладиган иқтисодий зарар ҳақида тушунча бериш муваффақиятни таъминлашнинг муҳим омилларидан эканлигини унутманг.

ПАХТАКОР ДЎСТЛАР, ҚАДРЛИ ПУДРАТЧИЛАР!

Сизлар ҳосилни бунёд қилувчиларсиз. Пахтани йиғиб-териб олиш масъулияти ҳам, биринчи навбатда, сизларнинг зиммангизда. Мавсум даврида далада ҳашарчи қолиб, теримни ташлаб кетиш сизга хос эмас. Сизнинг хатти-ҳаракатингиз теримда уюшқоқлик ва юқори суръатни таъминлашнинг муҳим шартларидандир. Бунинг уддасидан чиқишингизга ишонаман ва шунга даъват этаман.

ЭЪЗОЗДАГИ ФАХРИЙЛАР, ҲОЖИ ОТА ВА ОНАЛАР!

Сизлар ҳамиша элнинг ардоғида, ҳурмат-эъзозидасизлар. Бой ҳаётий тажрибангиз, пурмаъно фикр-мулоҳазаларингиз, панд-насиҳатларингиз биз учун жуда қадрли ва зарур. Туманимиз учун ғоят аҳамиятли бўлган пахта терими мавсумига бепарво қараб туролмаслигингиз ҳам айни ҳақиқат. Сизларнинг дуоларингиз хирмонга барака киритса, пахтазорга чиқишингиз теримчилар ғайратига ғайрат қўшади. Шундай хайрли, савобли ва баракотли ишга ўз ҳиссангизни қўшиб, олижаноблик кўрсатишни бурч, деб билишингизга аминмиз.

ҚАДРЛИ МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИНИНГ РАИСЛАРИ!

Пахта миллий бойлигимиз, стратегик хом ашё бўлиб, ҳар бир ўзбек хонадонидаги турмуш учун энг зарурий воситаларнинг манбасидир.

Ўзбек давлатчилиги ва халқига хос бўлган маҳалла ва унда яшовчи аҳолининг ҳамжиҳатлиги, куч-қудратига суянган ҳолда катта-катта бунёдкорлик, яратувчанлик ишларини ҳашар йўли билан амалга ошириш одатга айланган. "Маҳалла ҳам отанг, ҳам онанг",-деб бежиз айтилмаган. Бу эса, ўз навбатида, Республикамиздаги дунё тан олган маҳалла тизимида фаолият юритаётган маҳалла раиси, котиби ва диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисига юксак масъулият юклайди.

500 тадан кам бўлмаган хонадонни ўз ичига олган ҳар бир маҳалладан камида 200 нафардан ишга яроқли аҳолини ҳудуддаги ҳамма шароитлари ҳозиру нозир, иш ҳақи кафолатланган, меҳнатга қўшимча рағбат бериладиган фермер хўжалиги даласида пахта териб топширишни фуқаролик бурчига айланишини тушунтира билишингиз, нафақат тушунтириш, ташкил эта билишингиз, ҳудудингиздаги маҳаллаларда терим отрядларини шакллантиришда, фаолиятларини мувофиқлаштиришда шижоат, фидойилик намуналарини кўрсатишингиз бугунги кун талабидир.

ҲАР ИШДА ҲОЗИРУ НОЗИР БЎЛГАН МАҲАЛЛАЛАРНИНГ ДИНИЙ МАЪРИФАТ ВА МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИЛАРИ!

Сизларнинг сўзингиз - ўткир, гапингиз - бутун, бағрингиз - кенг. Маҳаллада ўз ўрнингиз бор, обрў-эътиборингиз баланд. Маҳалла хотин-қизлари Сизга ишонади ва ортингиздан эргашади. Демакки, терим мавсумида қўлга киритажак ютуқларимиз кўпроқ сизларнинг ташкилотчилигингиз, саъй-ҳаракатларингизга боғлиқлигини чуқур ҳис қилишингизга ишонамиз. Сабаби, уюшмаган тоифа деб аталувчи минглаб хотин-қизларимиз уйда ўтиришади. Уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш сизлардан талаб этиладиган асосий вазифалардан. Агар йўл бошловчи тадбиркор, оқил бўлса, сафар бехатар бўлади.

ҲУРМАТЛИ ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ!

Ҳудудингиздаги ҳар бир хонадонни, унда яшовчи фуқароларни яхши биласиз. Ишонамизки, мавсум давомида туманимиз аҳли пахта ташвиши, юксак хирмон умиди билан яшашини уюшмаган, меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламига, опа-сингилларимиз қалбига етказиб, уларнинг теримда оммавий иштирок этишлари, далаларда жасорат кўрсатишларига эриша оласиз.

МЎЪТАБАР ХОТИН-ҚИЗЛАР, ОПА-СИНГИЛЛАР!

Пахтани ҳамма ҳам теравериши мумкин, лекин уни қойиллатиб қўйишда, чеварликда сизларнинг олдингизга тушадигани йўқ. Шунинг учун ҳам йиғим-теримнинг асосий юки сизларнинг зиммангизга тушиши бежиз эмас. Тан олиб айтиш керак, сизларсиз пахта ҳам бўлмайди, юқори хирмон ҳам бўлмайди.

Шундай долзарб кунларда сизларга алоҳида мурожаат қиламан. Қанча ғайрат-шижоатингиз бўлса, ҳаммасини ишга солинг. "Оқ олтин" хирмонимизнинг юксалиши ва салобатли бўлиши сизнинг шарофатингиз туфайлидир. Энг эзгу эҳтиромимиз, таъзимимиз сизларга бўлсинки, доим бўлиб келгани каби даъватимизга "лаббай" деб жавоб қайтарасизлар.

ИШОНЧИМИЗ ВА УМИДИМИЗ БЎЛГАН АЗИЗ ФИДОЙИ ЁШЛАР!

Ғайрат-шижоат, куч-қувват ва ҳамиша олдинга интилиш сизларга хос. Керак бўлса тоғни талқон қилишга қодирсизлар. Ана шундай имкониятларингизни бугун пахтазорда тўла ишга солишингизни сўрайман. Баъзи эътибордан четда қолган ёки ўзини умумхалқ ҳашаридан тортаётган йигит-қизларни сафингизга қўшинг. Бугунги оммавий сафарбарлик натижалари сизларнинг қалб амрингиз, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларининг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Ҳар қачон бўлгани каби, бу сафар ҳам ўзингизни кўрсатиб, халқимиз дуосини олишингизга ишонаман.

АЗМИ БАЛАНД, АҲДИ ҚАТЪИЙ ЮРТДОШЛАР!

Ҳосилни тез, сифатли ва нобудгарчиликсиз йиғиштириб олиш, наинки туман иқтисодиётини юксалтиради, балки хонадонга барака ҳам киритади. Астойдил меҳнат қилган киши терим учун яхшигина ҳақ олади. Энг муҳими, умумхалқ ҳашарида қатнашган кишининг кўнгли тўлади, кўпчилик олдида юзи шувут бўлмайди. Шундай экан, ҳар биримиз учун синов ҳисобланган йиғим-теримдан четда қолмайлик.

Ҳаммамизнинг ўрнимиз пахтазорда, Уйчимизнинг шон-шарафи, обрў-эътибори ва ғурури ҳал этилаётган жойда бўлсин.

Зеро, ўзга юртларда мўмай даромад илинжида сарсон бўлиб эмас, жаннатмакон заминимизнинг саховатли пахта далаларида меҳнат қилишингиз, нафақат ўзингиз учун, балки оилангизнинг хотиржамлиги ва ҳалоллигига, фарзандларингизнинг камоли йўлидаги ҳаракатингизга барака олиб келади, деган умиддамиз.

Зеро, шоир айтганидек:

Она халқим, бу кунлар бир саодатдир,

Юртбошининг дуолари башоратдир,

Сен пахтангни Худойимдан сўраб олдинг,

Эгатда минг эгилганинг ибодатдир!

Келинглар, яна бир бор кўплашиб зўр берайлик. Биз нималарга қодир эканлигимиз яна бир карра амалда исботини топсин. Мўл ҳосилимиз иқтисодий юксалиш, фаровон турмушнинг муҳим асоси эканлигини унутмайлик. Режа - юз, юзлар - ёруғ ҳолда ҳосил тўйларини ўтказиб, бир-биримизни қутлаш насиб этсин.

Яратгандан Сизларга азму шижоат, куч-қувват, ҳар қачонгидан юксак кўтаринкилик тилаймиз!

ЎЗИНИ УЙЧИ ФАРЗАНДИМАН ДЕГАН ОРИЯТЛИ, ҒУРУРИ БАЛАНД ҲАР БИР ҲАМЮРТИМИЗНИНГ ЎРНИ - ПАХТАЗОРДА!