Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Талабанинг ҳикояси («Автобусдаги суҳбатдош» туркумидан )
4.11.2017 21:25,  
55

Отнинг ўлими итга байрам (Халқ мақоли)

Доим айтаман, автобусда юришдан кўра завқлироғи йўқ! Марди майдоннинг дарди - майдонда! Эрталаб шаҳарга бориш учун автобусга чиққанман. Ёнимга бир йигит келиб ўтирди. Айтганча, бугун ҳамманинг юзида табассум. Бугун «банний ден»! Мустақил бўлганимизга ҳам анча бўлиб қолдию, лекин барибир олдингидай русча сўзлар, ибораларни ишлатамиз. Нима фарқи бор? Тушунсак бўлди-да. Ҳаммом куни демайсиз-ку.

Хуллас, ёшнинг, қарининг, эркагу аёлнинг кайфияти чоғ. Пахта тугаган! Ҳали айтганимдек тозалик куни. Душанбадан талабаларга ўқиш, ишчиларга бехавотир иш. «Пахтага чиқ!» дейдиган йўқ. Қутулиб олдик.

Кетяпмиз. Билсангиз йўл узоқ бўлса гаплашиб кетганга етмайди. Ёнимга ўғил бола ўтирганига ҳам шукр. Қиз бола бўлса гап отяпти деб ўйлаб умуман гаплашмаслиги ҳам мумкин. Секин талабани гапга солдим. Мавзу ўз-ўзидан пахта даласидаги «саргузашт»лар ҳақида бўлди.

- Бошқаларни билмадиму, лекин мен маза қилдим. Повир бўлиб олганман. Штабда 30 кишича бор. Одам кам, харажат кўп, овқатни ҳам гулдай қиласиз-да!

- Қаерда ўқийсиз? Жа камчиликсизларку-а?

- Политехда, энергетика факультетида 4-курсман. Биззи штабда 30 киши бор. Жами 160тача борганмиз. Фермерни шийпони кичикроқ экан. Сал нарироқда 50 кишича ётиб-туришди. Бу томонимиздаги шийпонга эса 80 киши сиғди. Энг ками биз.

- Ошпазлик яхши, иши осон…

- Ошпазлик ўз йўлига, пахтаям зўр бўлган экан. Олтиариқни Қизилтепасида пахта тердик. Энди қўёврасиз. Зовур бор экан, балиқ ушлаб келишади. Шуни пишириб берсанг бўлди, сен ҳам шериксан, дейишади. Қарабсизки - балиқхўрлик! Яқинимизда дўконча бор экан, сигарет, ароқ дегандай. Пулни ўзимиз билан оволганмиз. Уч йил пахтага чиқмагандим. Шу йили ўртоқларим бир чиққин дейишганди чиққандим. Гашти бор экан ака. Ўзизам чиққан бўлсангиз керак?

- Йўқ, насиб қилмаган, - афсуслангандай оҳангда жавоб бердим.

- Завхозимиз ҳар куни продуктани обкеберади. Ман повир. Кечга яқин балиқ билан зиёфат! Қизилтепани санаториясини биласиз, 3-4 кунда бир ҳаммомга бориб келамиз. Бир марта битта қизни олиб бордик, бир маишат қилейлик деб…

- Курсдошларингми?

- Ҳа, ўзимиздан. У ўзи сал шунақароқ эди. Бордик. Бир пайт местнийлар билан гап талашиб қолиб, ҳалиги саунада ойнаклар, телевизор, 1-2та бошқа нарсалар синди. Энди мелисани кўринг. Гапга тушунмийди. Йўқ, ҳар қалай келишиб олдик. 1 миллион штраф қилди. 5 киши эдик. 200 мингдан тушди. Деканга бу гап етиб бормасин, деб илтимос қилдик. Ҳаммаси жойида. Ҳеч ким билгани йўқ. 4-курс бўлганингдан кейин домлалар билан ҳам яқин бўлиб қоларкансан. Мужиклик қилишди.

Охирги кунларга бориб пахта камайиб қолди. Ома ғўзасиям нақ белгача келадида! Жа унчалик эгилиш йўқ. Бошида 40-50 килогача теришди. Кейин-кейин 20 кило, 10 килога тушиб кетди. Бизни бахтимиз бор ака. Ўзи ман омадли боламан шекилли…

- Нима бўлди?

- Бир куни шу ҳар доимгидек овқат қилятувдим. Узоқдан тракторни кўрдим. Сал яқинлашди. Энди уни кўрмасам ҳам сезиб турибман. Ишим билан овораман. Бир пайт овози ўчиб қолди, лекин ўтиб кетгани йўқ. Ўтса ёнимдан ўтарди. Бошимни кўтариб қарасам трактор йўқ. Бурилиб кетибди-да, десам, домлалар ўша томонга югуришди. Овқатни дамлаб қўйиб югурдим. Борсам зовурга ҳалиги трактор ағанаб кетибди. Ўша кунлари сув тўлиб оққан энди, трактор сувда. Декан тош билан ойнасини синдирибди, тракторчини тортиб олишибди. У-бу қилишдию, одам кўп, тушунмай қолдим, йўқ бўлмади, тракторчи ўлиб бўлибди.

Зерикарли суҳбатдош чиқиб қолди-ку деб турган эдим, «ўлди» деган гапни эшитиб қўрқиб кетдим. Ҳайрон бўлиб «йўғе?!» деб сўрадим.

- Ҳа, ўлиб қопти. Энди тепадан шуни сабаб қилган бўлса ўлади-да. Лекин яхши иш бўлмади. Ўша куни дискотека бўлмоқчийди, қолдирилди.

- Ёши каттамиди?

- Шу 45ларга кирган бўлса керак. Янги чиққан тракторларни биласиз, рулига ёғ томизиб туриш керак. Шу, қарамай қолсангиз, бир чеккага кириб кетасиз. Зовурга ағанаган энди, одам тўпланган. Мелисадан, ҳокимиятдан одамлар келган. Ҳаммаси ўшетта. Автокран олиб келишди. Кранда тракторни кўтариб чиқаришди, орқасида икки пирсеп жиқ тўла пахтаси билан экан. Пахтани ярми сувда. Ҳамма кетди. Ўртоқлар билан пахтани қолганини обчиқдик. Қуритиб ўзимизни шийпонга топширвордик. Анча енгил бўлди.

- Нима енгил бўлди?

- Қарзларни айтаман. Бўмаса ҳозир қарзлар кўпайиб кетарди. Энди ўйлаб қўёвринг, бир пирсеп пахтани бўлишиб топширвормасак, фермер овқат пули, деб мияни еворарди.

- Қарз йўқ, шунга хурсандман денг? – кулиб қўйдим.

- Ҳозир где-то 2 миллион қарзмиз. Бу энди унчаликмас. Стипендияда ҳаммага бўлади, 2-3 минг сўмдан тўғри келади. Лекин 3 йил бормаганимга афсус қилдим. Санаторий экану, пахта. Ҳар куни маишат! Ҳалигиндақа бир-иккита тракторчи ўлиб турса, пахта осонгина келади. Эҳ… Душанбадан ўқиш. – у шундай деб чуқур нафас олар экан, атрофга, автобус ойнасидан ташқарига қарарди.

- И-е, мани тушадиган жойим, шопир ака, тўхтатворинг! Бўпти, ака, гаплашамиз.

- Соғ бўлинг…

Айтдимку, автобусда кетиш яхши деб. Ҳар хил саргузаштларни эшитиб кетасиз. Ҳозир пахта мавсуми, бундай ҳикояларни тез-тез эшитишга тўғри келади.

2009 йил, ноябрь

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан