Президентнинг 11 августдаги қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 ноябрдаги 904-сон қарори билан 2018-2024 йилларда жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. 2018-2022 йилларда жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотлари ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш чора-тадбирлари;
38 та жазони ижро этиш муассасаси бўйича 2018-2022 йилларда уларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида 33 млрд. сўмга яқин сумма (шундан 3/2 қисми 2018-2019 йилларда) сарфланиши режалаштирилган. Амалга ошириладиган тадбирлар натижасида маҳкумлар учун 1317 та иш ўрни очилиши, 1-2 сменада 2200 нафар маҳкумлар учун қўшимча иш ўринлари очилиши назарда тутилмоқда.
2. Жазони ижро этиш муассасаларининг бюджет маблағлари ҳисобига қопланадиган коммунал харажатларини босқичма-босқич ишлаб чиқариш маблағлари ҳисобига қоплаш бўйича 2019-2024 йилларга мўлжалланган прогноз режаси;
3. Жазони ижро этиш муассасаларининг харажатларини босқичма-босқич ишлаб чиқариш маблағлари ҳисобига қоплаш бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган прогноз режаси (5 та жазони ижро этиш муассасаси бўйича).
Шунингдек ҳужжатда 77 номдаги жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхати келтирилган.