Avtotest Anhor.uz сайтини судга берди: Ким ҳақ?

12.12.2017 | Блог | 4173

“Avtotest Report” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Anhor.uz сайти устидан шикоят тақдим қилди. Бунга сабаб Anhor.uzда чоп этилган “Avtotest. Только бизнес, ничего личного?” (“Avtotest: Шахсият йўқ, фақат бизнес?”) мақоласидир. Унда бозор муносабатлари иштирокчилари учун нотенг шароит яратилгани танқид қилинган, деб ёзмоқда Коммерсант.уз сайти.

Мақола муаллифининг фикрича, “Avtotest Report” мавжуд тартибларни айланиб ўтиш йўли билан рақобатда устунликка эришган.

Айтиб ўтиш керакки, Avtotest инновацион мактабининг асосчиси Комил Алламжонов Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ва ижро аппарати раҳбарининг ўринбосари саналади. Шунингдек, Миллий ТВ, uz24.uz сайти, Солиқ Инфо газетаси сингари лойиҳалар ҳам Комил Алламжоновга тегишли деб кўрилади.

Шикоят муаллифи Э. Тигай Anhor.uz сайтини қонуннинг “Ахборот олиш эркинлиги ва кафолати тўғрисида”ги моддасини бузишда ҳамда давлат органлари, бошқа шахс ҳақида ёлғон тарқатишда айблайди.

Шикоятчининг иддаосига қараганда, давлат муассасасига тегишли ҳужжатнинг ҳаққонийлигини шубҳа остига олган Anhor.uz сайти ва мақола муаллифи айбдордир.

 “Avtotest. Только бизнес, ничего личного?” мақоласида Вазирлар маҳкамасининг 325-қарори “Avtotest Report” МЧЖга сунъий равишда монополия яратиши қайд қилинган ва бошқа хўжалик субъектларининг бозорга чиқишига чеклов ўрнатиши айтилган. Бу эса “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зиддир.

Вазирлар маҳкамасининг қарорига кўра юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари  икки йилда бир марта Avtotest компаниясининг автомактабларида малака оширишга мажбурдирлар. Аммо мазкур лойиҳа муҳокамасидаги таҳлилий материалларда юридик шахсларга тегишли автомобиллар содир қилган ЙТҲлар ҳақида бирор-бир маълумот келтирилмаган.

Тегишли пунктларга таяниб хулоса ясайдиган бўлсак, юридик шахслар ихтиёридаги автотранспортлар ҳаракатланиши ёки ҳаракатланмаслигини бундан буён “Avtotest Report” ҳал қилади. Бюджет ташкилотлари ҳайдовчиларнинг малакасини оширишнинг ҳақини бюджетдан ташқари маблағдан тўлаши лозим.

Тролл.уз сайтининг асосчиси Умид Ғафуров бу ҳақда ўз блогида “...Менда дарҳол бир савол туғилди: Ёки қонун муаллифлари юридик шахсларнинг хотираси жойида эмас, уларга ҳар икки йилда йўл ҳаракати қоидаларини эслатиб туриш керак, деб ўйлайди ёки бўлмаса Автотест ўзига ишонмайди ва унинг “малака”си фақат икки йилга етади... Мен мантиқни яхши кўраман. Хусусан, қонун ва қарорларда. Аммо бу ерда мантиқ қочиб кетган”, деб ёзди.

Юридик шахслар «Аvtotest»да малака оширишга мажбурлиги қай даражада ўринли эканлиги илгари ҳам шубҳа остига олинган ва шу йилнинг сентябр ойида  Халқаро пресс-клубда қизғин муҳокама қилинган эди.